Хоразм лазгисининг  балет йўналишидаги  намойиши тайёрланмоқда

0
189
марта кўрилган.

ЮНЕСКО бош қароргоҳи “Хоразм лазги рақси”ни санъатнинг балет йўналишида саҳналаштиришни ўз шафелиги остида ўтказиш ҳуқуқини берди!

ЮНЕСКО нинг номоддий маданий меросини муҳофаза қилиш бўйича ҳукуматлараро қўмитаси 2019-йил 12-декабрда “Хоразм лазги рақси”ни инсониятнинг номоддий маданий меросининг репрезентатив рўйхатига киритган эди.

Дарҳақиқат,  ижтимоий тармоқларга эътибор берсангиз, жаҳон аҳли санъатсеварларининг ушбу рақсга қизиқиши ортиб бораётганини кузатиш мумкин. Бундай пайтларда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган  артист Гавҳар Рахимованинг(охирати обод бўлсин) таърифу тавсифини  қайта-қайта эслайвераман: “Лазги рақсини жимгина кузатиш мумкин эмас, у “юқумли” бўлиб инсоннинг кайфиятини кўтариб, руҳиятини юксакликларга олиб чиқади».

Хоразмликларнинг ушбу рақс ҳақида яна бир таърифи мавжуд, Ер юзининг  биринчи инсонлари ОДАМ Ато  ва МОМО Ҳавога жон бағишланаётганида ушбу куй таралган экан… Яна буни ёлғиз Аллоҳ билади… Шахсан мен бу рақснинг куйини кўзимни юмиб тинглашни хуш кўраман. Хаёлимда нафис ва нафосатли навқирон ёшлик гўзаллиги уфуриб турган Момо Ҳаво гавдаланади, Рақс авджига чиққанида фарзандлари Қобил билан Ҳобил дардида куйган онанинг  азобларини  хаёлимда таассавур қиламан… Балки,  бу 13 асрда ёзилган  «Кисаси Рабғузий» асарини замонавий ўзбек тилига ўгирганимизнинг таассуротларидир… Зеро,  бу оламда ЕР, ҲАВО, СУВ ва ОЛОВ уйғундир! ЕР ОДАМ АТО авлодларини эслатади. «Кисаси Рабғузий» китобида таъкидланганидек, Одам ота авлодларининг  бир қисми ота-она вужудида, бир қисми ер остида, бир қисми ер устида. Ҳаво, биз уни кўрмаймиз, бироқ, оналаримиздек хокисор меҳрини ҳис қиламиз. Сув оламни яшилликка буркайди, одамни покизалайди, Оловнинг қаҳриям бор, меҳриям бор.

Ушбу рақсга бағишланган балет спектаклининг хореографи Берлин миллий опера балет мактабининг битирувчиси Раул Раймондо Ребек ҳисобланади.

Балет спектакли А.Навоий номидаги ДАКТ нинг доимий репертуарига ҳам киритилади.  Ушбу театрда 4 сентабрь куни  лазги спектаклининг дастлабки намойиши бўлиб ўтади.

Хоразм миллий рақсининг  балет йўналишидаги  намойиши  Ўзбекистоннинг рақс анъаналарини халқаро маданий майдонда кенг тарғиб қилишга, қадриятларимизни юксалтиришга хизмат қилади, дея умид қиламиз.  Қолаверса, ўзбек туризмини халқаро майдонда ривожлантиришга ҳам муносиб ҳисса қўшади, дея ишонамиз. 

Раъно Зарипова, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.