Сут маҳсулотларининг фойдаси

0
483
марта кўрилган.

Буюк аллома Абу Али ибн Сино ўз асарида сут маҳсулотларини истеъмол қилиш узоқ яшашнинг гарови эканлиги ҳақида айтиб ўтган.

Аллома туя, эчки, бия ва сигир сутлари фойдасини кенг тушунтирган.  Рус олими Мечников эса бунинг ҳақиқат эканлигини ўтган асрдаёқ исботлаб берганди. Ўшанда лактобациллалар билан ивитилган сут маҳсулотлари «Мечников қатиғи» деб аталганди.

Бизнинг давримизда ҳам йогурт тайёрлаш учун томизғи сифатида булғор таёқчалари ва термофил стрептококклардан фойдаланилади. Сут қатиқ замбуруғи ёрдамида ивитилганда чучук қатиқ – кефир ҳосил бўлади.

Нонуштага тановвул қилинган хуштаъм творог ёки йогурт баданга қувват бағишлайди ва модда алмашинувини яхшилайди. Сузма эса ичакларга кони фойда. Овқат ҳазм қилинишига ёрдам беради. Ҳатто, унинг зардоби ҳам ичакларни тозалашда қадимдан ишлатилади.

Ошқозон ва ичаклар тозаланганидан кейин  албатта кўпгина касалликлардан фориғ бўлиш мумкин. Халқ табобатида сузма зардоби организмни тозалашда кенг фойдаланилган.

Айни вақтда эса баъзи сут ва қатиқ маҳсулотларига пробиотик штаммлар қўшила бошланди. Пробиотик сўзи таржима қилинганда «ҳаёт учун» деган маънони билдиради. У билан бойитилган маҳсулотлар овқат ҳазм бўлишини яхшилайди. Ичакларни токсин (заҳар)лардан тозалайди, озишга кўмаклашади.

Улар ҳаётий қувватни оширади, қондаги холестерин ва қанд моддасини камайтиради, буйракда тош пайдо бўлишига тўсқинлик қилади ва юрак фаолиятига ҳам ижобий таъсир этади.

Ўзимиз тайёрлаган сузма ва ундан тайёрланган қурут суякларни, тишларни мустаҳкамлайди. Унинг таркибидаги кальций кони фойда.

Қатиққа ширин  мевалар, озгина мевали муробболар  қўшиб берилса, қўлбола йогурт бўлади ва болажонлар иштаҳа билан ичишади. 

Ёз айёмида қатиқ иссиқни тафтини ҳам олади. Офтоб уришидан асрайди. Болажонларга ухлашдан аввал, албатта, қатиқ ичириб ухлатинг. Ичакларни тозалаш билан бирга осуда оромни ҳам таъминлайди.

 Шоира Бекчанова, тиббиёт фанлари номзоди

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.