Ўзбекистон олимпия терма жамоаси U-23 Осиё чемпионати “А” гуруҳи 3-турида Уммонга қарши баҳс олиб бориб, 1:0 ҳисобида зафар қучди. Учрашувнинг 37-дақиқасида Достон Турсунов томонидан киритилган ягона гол Равшан Ҳайдаров жамоасига ғалаба келтирди. Параллель равишда кечган баҳсда мусобақа мезбони Хитой Қатарга 1:2 ҳисобида енгилди.
Натижада Ўзбекистон олимпия термаси 6 очко билан гуруҳда иккинчи ўринни эгаллаб, чорак финалга чиқди. Барча ўйинда ғалаба қозонган Қатар 1-ўрин билан плей-офф йўлланмасига эга бўлди.
Чоракфиналда “А” гуруҳи ғолиби Қатар “B” гуруҳида 2-ўринни эгаллаган жамоа билан, ўз гуруҳида иккинчи ўринни эгаллаган Ўзбекистон ОТЖ эса “B” гуруҳи ғолиби билан куч синашади. “B” гуруҳидаги ҳолатда юзланадиган бўлсак, 2-турдан кейин Япония 6 очко билан биринчи, КХДР термаси эса 4 очко билан иккинчи поғонани эгаллаб турибди.
“B” гуруҳи 3-турида айнан Япония ва КХДР жамоалари ўзаро баҳс олиб боради. Мазкур баҳс эртага, 16 январь куни бўлиб ўтади.
Ўзбекистон футбол федерацияси матбуот хизмати