Германиянинг Ҳайденҳайм шаҳрида 25 январь куни қиличбозликнинг шпага йўналиши бўйича Жаҳон Кубоги босқичи старт олади. Мазкур турнирда мамлакатимиз шарафини тўрт нафар спортчи ҳимоя қилади.
Спортчиларимиз 22 январь куни бош мураббий Руслан Кудаев бошчилигида Германияга жўнаб кетишди. Сафар олдидан терма жамоамиз вакиллари мусобақага кўрилган тайёргарлик жараёни ҳақида ўз фикрларини билдиришди.
Руслан Кудаев (шпага йўналиши бўйича Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи, Жаҳон чемпионати финалчиси, Осиё чемпионати кумуш медали соҳиби, Лондон Олимпиадаси иштирокчиси):— Германияда Жаҳон Кубоги доирасидаги биринчи мусобақа бўлиб ўтади. Тайёргарликни биз ўтган йилнинг сентябрь ойидан бошлаб юборганмиз, хусусан, узлуксиз ўқув-машғулот йиғинларида бўлдик, Япония, Россия каби мамлакатларда йиғинлар ўтказдик.
Бугунги кунда қиличбозлик барча мамлакатларда ривожланмоқда. Осиё мамлакатлари ҳам ҳозирда кучли. Жанубий Корея, Япония ва Қозоғистонлик спортчилар доимий равишда юқори натижаларни кўрсатиб келмоқдалар. Биз айнан кимга қарши курашишимиз қуръа ташлаш жараёнида аниқланади ва унга кўп нарса боғлиқ.
Қиличбозликнинг энг оммавий тури шпагадир. Бу йўналиш барча мамлакатларда ривожланган. Мисол учун, Эстония ва Қирғисизстон каби давлатларда фақат шпага йўналиши мавжуд. Бу ҳолат кўплаб бошқа мамлакатларда ҳам кузатилади”.
Мусобақа 25-27 январь кунлари ўтказилади. Унда спортчиларимиз яккалик ва жамоавий баҳсларда ўз омадларини синаб кўришади. Терма жамоамиз Тошкентга 29 январь куни қайтиб келади.