Сенатнинг биринчи мажлиси бўлиб ўтди

0
135
марта кўрилган.

Тошкент шаҳрида  20 январь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг биринчи мажлиси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этди.

Сайлов кодексига мувофиқ тадбирни Марказий сайлов комиссияси раиси Мирзо-Улуғбек Абдусаломов очгач,  Ўзбекистон Республикасининг давлат мадҳияси янгради.

Мажлисда Олий Мажлис Сенатини шакллантириш очиқлик ва транспарентлик каби демократик тамойиллар асосида миллий сайлов қонунчилиги талабларига асосан амалга оширилгани таъкидланди. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, вилоятлар, Тошкент шаҳар, шунингдек, туманлар ва шаҳарлар маҳаллий Кенгашларининг Сенат аъзолари сайлови бўйича қўшма мажлисларида 84 нафар сенатор сайланди. Юқори палатанинг бошқа 13 нафар аъзоси Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тайинланди.

Сенатнинг янги таркиби иқтисодиёт, ҳуқуқ, фан, тиббиёт, маданият, ишлаб чиқариш соҳалари ҳамда давлат ва жамият фаолиятининг бошқа тармоқларида катта амалий тажрибага эга бўлган ҳамда алоҳида хизмат кўрсатган энг обрўли фуқаролардан шакллантирилганлиги қайд этилди.

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади.

Давлатимиз раҳбари янги таркибдаги Сенат аъзоларини юксак номга сазовор бўлганлари билан самимий табриклади.

– Олий вакиллик органи аъзоси бўлиш ҳар бир сенатор учун нафақат катта шараф, балки улкан масъулият ҳам эканини барчангиз яхши тушунасиз. Сенатор – бу аввало халқ ва давлат ишончини қозонган инсон, – деди Президент. 

Ўзбекистон ўз тараққиётининг янги босқичига қадам қўйган кейинги уч йил Сенат учун ҳам ўзига хос туб янгиланиш ва ўзгаришлар даври бўлгани таъкидланди. Мазкур орган томонидан кўриб чиқилган қонунлар сони қарийб 230 тага етгани ва шундан 190 таси сўнгги уч йилда маъқуллангани ушбу йўналишда катта иш қилинганини кўрсатади.

Бундан ташқари, Сенатда ички ишлар ва ташқи ишлар вазирларининг ахборотларини, вилоят ҳокимларининг ҳисоботларини эшитиш йўлга қўйилгани ижобий баҳоланди. 

Президент Шавкат Мирзиёев  парламент юқори палатаси ишининг самарадорлигини оширишга қаратилган муҳим вазифаларга тўхталиб ўтди.

Ижтимоий масалаларни ҳал этиш мақсадида муҳим дастурлар қабул қилиниб, шу асосда катта ишлар амалга оширилаётгани, парламентнинг юқори палатаси аъзолари ҳам бу борада ташаббус ва аниқ таклифлар киритиши зарурлиги таъкидланди. 

– Сенатнинг ҳар бир қўмитаси ўз фаолият режасини ҳудудий муаммолардан келиб чиқиб шакллантириши лозим. Ўрганилган масалалар бўйича бевосита жойларга бориб, вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирокида Сенат кенгаши ва қўмиталарининг сайёр мажлисларини ўтказиш зарур. Бу амалиёт аҳолини ташвишга солаётган муаммоларни тезкорлик билан ҳал қилиш имконини беради, – деди Президент. 

Давлат бюджети лойиҳасини кўриб чиқиш ва унинг ижроси устидан парламент назоратини ўрнатиш, вазирлик ва идоралар раҳбарлари ҳамда ҳокимларнинг юртимиздаги кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошириш бўйича ҳисоботларини мунтазам муҳокама қилиб бориш, ёшлар ва таълим масалалари сенаторларнинг доимий эътиборида бўлиши мақсадга мувофиқлиги қайд этилди. 

Шунингдек, Олий Мажлиснинг юқори палатаси мамлакатимизда коррупцияга ва жиноятчиликка қарши кескин курашиш муҳитини яратиш ҳамда ҳуқуқбузарликнинг барвақт олдини олишда, давлат идораларининг жамиятда хотин-қизлар ролини ошириш борасидаги ишлари устидан назоратни кучайтиришда фаол бўлиши кераклиги айтиб ўтилди.

Ўзбекистоннинг обрў-эътиборини юксалтириш, халқаро алоқаларини ривожлантириш ва хорижий инвестицияларни жалб этиш учун замин яратиш ҳам муҳимлиги таъкидланди.

Мажлис иштирокчилари Олий Мажлис юқори палатаси фаолиятини ташкил этиш билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакат Конституциясининг 93-моддасига мувофиқ Олий Мажлис Сенати Раиси ва унинг ўринбосарлари лавозимларига номзодларни тақдим қилди.

Палата аъзолари яширин овоз бериш йўли билан Олий Мажлис Сенати Раиси лавозимига Танзила Нарбаевани сайлади.

Сенат Раисининг биринчи ўринбосари лавозимига яширин овоз бериш йўли билан Содиқ Сафоев сайланди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 86-моддасига мувофиқ Сенат Раисининг ўринбосарларидан бири Қорақалпоғистон Республикасининг вакили бўлади. Ушбу нормага асосан Сенат Раисининг ўринбосари лавозимига  яширин овоз бериш йўли билан Муса Ерниязов сайланди.

Сенат Раисининг ўринбосари лавозимига яширин овоз бериш йўли билан Зайниддин Низамходжаев ҳам сайланди.

Мажлисда сенаторлар томонидан халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари, бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари, суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш, мудофаа ва хавфсизлик масалалари, фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари, хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари, ёшлар, маданият ва спорт масалалари, аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмиталари, шунингдек Регламент ва одоб комиссияси ташкил этилди. 

Ҳар бир қўмита ва комиссиянинг раиси, раис ўринбосари ва аъзолари сайланди. 

Муҳокама этилган барча масалалар юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарорлари қабул қилинди. 

Бундан ташқари, Бош вазирнинг Вазирлар Маҳкамаси янги сайланган Олий Мажлис олдида ўз ваколатларини зиммасидан соқит қилиш тўғрисидаги аризаси ўқиб эшиттирилди ва тегишли қарор қабул қилинди.

Шу билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг биринчи мажлиси ниҳоясига етди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.