Зайнаб Дайибекова пойтахтимизда ўтаётган қиличбозлик бўйича лицензион мусобақада ғалаба қозониб, Токио-2020 Олимпия ўйинларига йўлланма олди. Бу билан мамлакатимиз қиличбозларининг Токио-2020 Олимпияси учун қўлга киритган йўлланмалари 3 тага етди.
З. Дайибекованинг ютуғи ва омади шунда-ки, қиличбоз қизлар орасида сабля йўналишида Олимпия ўйинларига йўлланма олган ўзбекистонлик илк спортчидир.
Мусобақа қаҳрамони беллашувдан сўнг фахр билан шундай деди: “2017 йил муҳтарам Президентимиз билан учрашганимизда уларга Токио-2020 Олимпия ўйинларига йўлланма оламан, деб ваъда берган эдим. Худога шукур, бугунги ғалабам юзимни ёруғ қилди, ваъдамнинг устидан чиқдим. Фурсатдан фойдаланиб, менга ишонган, қўллаб-қувватлаган онажоним ва мураббийларимга ўз миннатдорчилигимни билдираман. Янги Ўзбекистон ёшлари қаторида Токио Олимпиясида ҳам юртимиз байроғини янада юқориларга кўтаришга ваъда бераман”.
GUJUM.UZ