Аритмия касаллиги ҳақида маълумот

0
17248
марта кўрилган.

Аритмия – асосан юрак фаолиятининг тартибсиз  уриши десак бўлади. Тинч ҳолатларда катта ёшдаги соғлом одамларда юрак уришининг ўртача меъёри 1 дақиқада 60–90 та зарбга тенг.

Юрак зарбини  ўй шароитида аниқлаш. учун нима қилиш керак? Юрак уришини бир пиёла аччиқ чой ичгандан кейин камида 30 дақиқа ўтгач ўлчаш лозим. Ўлчаш олдидан киши оёқ-қўлини ёзиб, 5 дақиқача дам олиши керак.

 Аритмия касаллиги аломатлари. Юрак уриши кўпайиши ёки секинлашиши юрак етишмовчилиги белгисидир. Аритмия бошланиши билан юрак томирларига қон ўз вақтида етиб келмагани сабабли тартибсиз равишда сиқила бошлайди.

Натижада одам исиб кетиш ёки совқотишни ҳис қилиши,  юракнинг тез-тез уриши, юрак атрофида ёқимсиз, бежо сезгилар, юрак атрофида кучли туртки(гўё жойидан қўзғолаётгандек) ёки унинг тиниб қолиши бош айланиши, тўсатдан онгни йўқотиш, юракдаги оғриқ ёки санчиқлар, бош оғриғи, умумий лоҳаслик, неврологик бузилишлар кузатилади. 

Аритмияларнинг айрим турлари сезиларли белгиларсиз кечади. Бу вазиятда касалликни фақат бемор пульси текширилганда ёки электрокардиограммаси таҳлил қилинганда ошкор бўлади. Аритмиянинг тахикардия ва брадикардия каби турлари кўпроқ учрайди. 

Тахикардия – юрак фаолиятининг бузилиши, унда бир  дақиқада тинч ҳолатда 90–100  мартадан кўпроқ юрак уриши кузатилади. 

 Аксарият ҳолларда вегетотомир дистонияси (ВСД) билан бирга келади. Тахикардияда агар нафас тутилиб турилса сезиларли даражада юрак уриш ритми камаяди. Тахикардия тана ҳарорати ошганда тиреотоксикозда, миокардитларда, камқонлик оқибатида ривожланади. Пароксизмал тахикардия – бу аритмиянинг бир тури бўлиб дақиқасига 140–240 тага етадиган юрак уриши хуружлари билан характерланади. У тўсатдан бошланади ва ана шундай тўсатдан тугалланади. Бир неча сониядан тортиб бир неча кунгача давом этиши мумкин. Тахикардия хуружида беморда тер чиқиши, ҳарорат кўтарилиши, ҳолсизлик, алаҳсираш, юрак атрофида нохуш сезгилар кузатилади.

Брадикардия юракнинг дақиқасига 40–60  мартадан кам уришидир. Ушбу маълумотлар катта ёшлилар учун стандарт меъёр ҳисобланади, болалар учун уларнинг ёши бўйича махсус даражалаш мавжуд. 

Аксарият соғлом, айниқса, жисмонан чиниққан шахсларда учрайди. Спортчиларда кўп кузатилади, тинимсиз машқлар оқибатида юрак мушаклари баққуватлашади. Натижада бундай юрак нормадан секинроқ урса ҳам организмни қон билан таъминлаб бера олади. Ундан ташқари, брадикардия патологик жараёнлар натижаси ҳам бўлиши мумкин. Масалан миокард инфаркти, қалқонсимон без (гипотиреоз) фаолияти сусайиши, айрим вирусли касалликлар, заҳарланиш таъсири ва бошқалар. Вақти-вақти билан брадикардия юрак атрофида нохуш туйғуларни пайдо қилади.

Юрак блокадаси (қамали) – импульснинг юрак бўлмасидан юрак қоринчасига ўтишидаги бузилишдир. Дақиқасига 40 зарбдан камроқ частотали брадикардия билан характерланади. Блокадалар барқарор ва ўткинчи бўлиши мумкин. Миокардитлар, кардиосклероз, миокард инфаркти пайтида, айрим дорилар таъсири остида (юрак гликозидлари, бетаадреноблокаторлар, верапамил) юзага келади. Барқарор брадикардияда бош айланиши, ҳушдан кетиш ҳоллари кузатилиши мумкин. 

 Экстрасистолия – юракнинг муддатидан олдин қисқариши, бунда юрак нотекис ураётгандек ёки урмай қолгандек бўлиб туюлади. Бу касаллик кўпроқ соғлом одамларда учрайди. Агар экстрасистолия сийрак (дақиқасига 5 тадан камроқ) бўлса ва бемор уни сезмаса, унда махсус муолажа талаб этилмайди. Борди-ю, экстрасистолия тезлашса, дақиқасига 6 ва ундан ҳам ошса. Бемор юраги нотекис ураётганини сезса, боши айланса, унда дарҳол шифокорга мурожаат қилиш зарур.

Беқарор аритмия – беқарор юрак уруши, дақиқасига 100 дан 150 мартагача ва ўзига хос тебранма ритм билан ҳарактерланади. Юрак бўлмасининг тебраниши барқарор ёки хуружли бўлиши мумкин. Тебранма аритмия беморга сезилмаслиги ёки юракнинг оддий уриши каби сезилиши мумкин. Баъзида қон томирларида тромблар ҳосил бўлиши қайд этилади.

Уйда, шифокор қабулигача ёрдам. Агар сизда тахикардия белгилари бўлса, шифокор қабулигача ялпиз, лимонўт,  дўлана ёки валериана ўсимликлари дамламасини ичиш  мумкин. 

Агар брадикардия белгилари кузатилса,  аксинча, сизнинг ҳолатингизни қўзғатиш керак. Бунинг учун аччиқ чой ёки қора қаҳва ичиш керак.

Қўшимча қилиш керакки, брадикардияни даволашда қўлланадиган барча дори воситалари таркибида қўзғалувчанликни оширадиган кофеиндан фойдаланилади. 

Беморлар орасида юракнинг тартибсиз уриши билан намоён бўлувчи аритмия тури ҳам кузатилади. Баъзида ритм кучаяди, сўнгра кескин тушади, кейин эса бир неча сонияга юракнинг бутунлай «тўхташи»ни ҳис қилиш мумкин. Бундай ҳолатларда сиз аввало, тинчлантирувчи чой ичинг. Агар бу ёрдам бермаса, шошилинч равишда махсус дори-дармонлар қабул қилиш учун шифокор билан маслаҳатлашинг. 

Аритмия дардининг ривожланиш сабаблари. Аритмия жуда кўп хасталиклар аломати бўлиши мумкин. Умуман олганда, кўпгина беморларнинг 20 фоиздан ортиғи аритмиядан азият чекади.Ушбу қалқонсимон без фаолиятининг бузилиши (тиреотоксикоз, гипотиреоз), буйрак яллиғланиши (нефрит), юрак нуқсонлари, ўсмалар, ўткир респиратор вирусли инфекциялар, грипп, томоқ бодомсимон безларининг яллиғланиши (тонзиллит), вирусли инфекциялар, сурункали пиелонефрит, камқонлик. асаб тизимининг зўриқиши (невроз, стресс) .  заҳарли моддалар (никотин, алкоголь), айрим дориларнинг ножўя таъсири. ва шу каби қасалликларнинг белгиси сифатида ҳам кузатилади. Шунинг учун, агар бемор аритмия аломатларини сезса, биринчи навбатда электрокардиограмма қилиш керак. Шундан кейингина касалликнинг асл сабабини қидириш мумкин.   

Болаларда бу бироз фарқ қилади: биринчи навбатда юрак етишмаслиги хасталигига текширилади. Агар нуқсон аниқланмаса, аритмия аломатлари ёлғон бўлиши мумкин, чунки 14-16 ёшгача болаларда вегетатив тизим ҳали етилмаган бўлади. Ушбу аритмия синус ёки нафас олиш аритмияси деб ҳам аталади. 

Аритмияда овқатланиш қоидалари. Аритмия касалликлари учун махсус парҳез йўқ. Бироқ, дарднинг олдини олиш ва даволашда тўғри  овқатланиш катта аҳамиятга эга.

Аритмиянинг асосий сабабларидан бири электролитлар (кальций, магний ва калий) мувозанатининг бузилиши ҳисобланади. Шу сабабли таркибида оқсил кўп бўлган балиқ маҳсулотлари, мунтазам  мева ва сабзавотлар ва кўкатлар истеъмол қилиш керак бўлади.

Калийга бой картошка, узум, ўрик ва магнийга бой сули ҳамда ёсмиқ ёрмаси, туршаклар, ёнғоқлар истеъмол қилиш тавсия этилади. Ушбу  озиқ-овқатлардан фойдаланиш юрак ритмига ижобий таъсир кўрсатиши мумкин.

Нафас машқлари. Аритмияни олдини олишда ва даволашда нафас олишга алоҳида эътибор қаратилган махсус жисмоний машқларни бажариш  муҳим аҳамиятга эга.  Жисмоний фаоллик яъни  физиотерапия машқлари фақат шифокор томонидан белгиланади.  

Ташҳис усуллари. Одамда аритмия аломатлари мавжуд бўлса, ташхисни аниқлаш ва муолажа ўтказиш учун шифокорга мурожаат қилиш лозим. Оғир аритмия ҳуружи пайтида зудлик билан “Тез ёрдам” чақириш мақсадга мувофиқдир. Ҳолбуки бу касалликни аниқлаш учун қийин диагностик муолажалар шарт эмас. Ташхис қуйиш учун аксарият ҳолларда ЭКГ ўтказишни ўзи кифоя қилади. ЭКГ ҳафвсиз, тез, аниқ ва арзон диагностик усул ҳисобланади.

Аритмияларнинг кўплаб турлари орасида, пароксизмал тахикардия, тебранма аритмия ва юрак блокадаси айниқса ҳавфли. Чунки ушбу касалликлар хуружлари пайтида бемор кўпинча тез ёрдамга муҳтож бўлади.

Текширишлар энг аввало аритмия ривожланишининг асосий сабабларини аниқлашга қаратилади. Бунда дастлаб миокард инфаркти, миокардит, кардиосклероз, тиреотоксикоз, электролит бузилишлар ва шу каби касалликларга синовлар ўтказилади. Кўпинча дастлаб ташхис тасодифан мажбурий умумий кўриклар пайтида қўйилади. Чунки аритмия узоқ вақт симптомларсиз кечиши мумкин. Лекин юрак ритми бузилиши характери ва аритмия сабабини фақат электрокардиографик текшириш чоғида (ЭКГ), аниқлик билан белгилаш мумкин. Бу текширишларни шифокор-кардиолог тайинлайди.

Бироқ қандай таҳлилдан ўтишингизни билиб қўйганингиз маъқул: жисмоний зўриқишли ЭКГ синовлари (велоэргометрия); ЭКГнинг кечаю-кундуз сутка давомида ёзиб олиши; Электрофизиологик текширув, электролит алмашинувини текшириш (қонда калий, кальций ва магний тўпланиши); қалқонсимон без гармонларининг даражасини аниқлаш. 

Аритмияда биринчи ёрдам. Аритмия хуружида биринчи навбатда тез ёрдам чақиринг. Тез ёрдам етиб келгунча беморнинг аҳволини бирмунча енгиллаштиришга ҳаракат қилинг. Бунинг учун қуйидагиларни бажаринг.

Аввало беморни тинчлантирш, тўшакка ётқизиш лозим. Тинчлантирувчи дори валериана настойкаси, арслонқуйруқ настойкаси, корвалол ва шунга ўхшаш воситалар бериш.

Айрим ҳолларда беморни чуқур нафас олдириш, нафасни ушлаб туриш. Бармоқлари билан бурунни қисиш ва кучаниб нафас чиқаришни, ўпкадаги ҳавони қисиб ушлаб туришни сўраш керак. Юзи қип-қизариб кетади, аммо бу хавфли эмас. Ана шундай бир неча кучанишлардан кейин юрак уриши хуружи кўпинча тўхтайди. 

Аритмияда халқ табобати тавсиялари.  Лавлаги, сабзи ва шолғом сувлари аралашмасини 1:1:1 нисбатда юрак аритмияларининг ҳар қандай турида бир неча ой давомида ҳар куни ичиш фойдалидир. Юрак қаттиқ ура бошлаганда анжир ейиш ёки лимон пўстини чайнаш жуда фойдали. Бешбаргли арслонқуйруқ сувини ароқ билан 1:1 нисбатда аралаштириб ичиш ҳам фойда беради. Юрак қаттиқ урганда, тахикардия, аритмия ва неврозда овқат истеъмол қилиш олдидан кунига 3 мартадан 1 чой қошиқдан ичиш лозим.

Юракнинг тез-тез уриши, гипертония касаллигида қип-қизил дўлана мевалари ва асалари муми настойкаси билан аралаштирилиб, 1:1 нисбатда кунига 3 марта 25 томчидан ичилади.

Қалампир ялпиз – юрак ритми бузилганда, юрак мушаги ишининг узилиш ёки тўхтаб қолиш ҳолатларида истеъмол қилинадиган энг самарали воситалардан бири. Ялпизнинг 1 чой қошиқ япроқлари 1 стакан қайноқ сувга солинади ва 1 соат иссиқ жойда сақланади. Докадан ўтказилади. Эрталаб нонуштадан ярим соат олдин оз-оздан ҳўплаб ичилади. Дамлама бир кун ҳам канда қилмай узоқ муддатгача ҳар куни ичилади.

Бир ош қошиқ асални ярим стакан лавлаги сувига аралаштирилиб, кунда 3 маҳал овқатдан олдин ичиш ҳам кони фойда.

Оловда пиширилган картошка ҳам жуда фойдали. Уни бутунлигича олов қўрида ёки печда пиширилади.

Азиз ўқувчилар, саломатлик сирларини мунтазам ўрганиб боринг, ушбу илм ўзингизни асрашга ва англашга кўмаклашади. Дардни берган Аллоҳ шифосини ҳам яратиб қўйибди. Аллоҳ берган неъматларни билиб, ўрганиб ўз ўрнида ишлата билишингиз керак, фақат.

Олий тоифали врач, тиббиёт фанлари номзоди Шоира Бекчанова тайёрлади. 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.