Биолог мушоҳадаси: Генетикада гап кўп

0
664
марта кўрилган.

 Бугунги кунда интенсив боғларда ўсган меваларни кўрганда кўз қувонади. Йирик-йирик олма, нок, олхўри, шафтоли меваларини кўрганда беихтиёр ажабланасиз. Қулубнайни айтмайсизми?!Нақт Ҳозарасп олмасидек келади. Мана айни кунларда чет элдан уруғи олиб келиб экилаётган маккажўриларни олинг. Улар йирик бўлиш билан бирга  тез пишади, юмшоққина бўлади. Бу гўзалликларнинг ҳаммаси яхши навларни чатиштириш орқали вужудга келяпти. Инсон генетикаси ҳам шунга ўхшаб кетади.

Қариндошлар ўртасидаги никоҳ ришталарининг салбий оқибатлари аввало генетик тарзда насл бузилиши оқибатларига сабаб бўлмокда. Яъни жисмонан ногирон ва ақлан носоғлом болалар дунёга келмоқда. Соғлом дунёга келган болаларнинг ҳам бўйи пастлаб кетмоқда. Эслаб қолиш қобилияти ҳам сустлашмоқда. Бу эса жамиятимизда турли муаммоларни келтириб чиқаради.  Биттагина мисол: ҳаммамиз биламизки, оилада соғлом болага нисбатан  касалванд болага кўпроқ маблағ сарфланади. Жамиятда ҳам худди шундай.

 Ўзбек халки азалдан меҳрибон, мурувватли, болажон халк. Ҳамиша ёрдамга шай туради, муҳтожларга ўз ҳимматини кўрсатиб келади. Бироқ,  ҳиммат билан беморнинг дардини енгиллаштира олмайсиз. Кўнглини кўтарасиз фақат. Шунинг учун дардни даволагандан кўра унинг олдини олган маъқул.

 Яқинда ижтимоий муҳтож оилалардан хабар олгани бориб, уларнинг қалбларига озгина қувонч улашиб келган бўлсакда, афсуски, қалбимиз оғриқ олиб қайтди. Мени қийнаб юборгани бир оилада икки- уч нафар ногирон кишилар борлиги бўлди. Уларнинг мунгли кўзларидан яширинган  оғриқларни ҳис қилдим. Ахир улар хам яхши яшашга ҳақли, умидли инсонлар. Аммо, кимларнингдир хатолари билан дунёда шундай туғилишган. Афсус, улардан сўраб-суриштирсам опа-сингил, ака-ука, ака-  сингилларнинг фарзандлари турмуш қурган оиланинг жигарбандлари экан.

Ҳаётда нафақат инсон балки, барча тирик  мавжудотларда ҳам генетик ўзгаришлар экологик муҳитга қараб кучайиши фанда аниқланган. Масалан,  бир жойда, бир тупроқ, бир муҳитда  экилаётган кўчатнинг ҳосил бериши йилдан йилга пасайиб кетади. Агар ундан кўчат олиб, масалан, Андижондан Тошкентга олиб келиб экилса,   кутилганданда сифатли хосил беради. Сабаби экологик муҳитнинг ўзгариши, яъни ҳаво, сув, иқлим ва тупроқ таркибининг ўзгача эканлигидадир.

Боғбонлар ҳам дарахтларни пайванд қилишда бегона жойдан келтирилган яхши навлардан фойдаланадилар. Улар хеч қачон ёнидаги дарахтни бир-бирига уламайдилар. Инсон вужудидаги бутун тирик ҳужайралар ҳам экологик муҳитга мослашиб ривожланади. Биолог бўлганим учун ўсимликлар дунёси орқали тушинтиришга интилдим. Қариндош-уруғчилик асосида қурилган оила фарзандлари ҳам ана шундай генетикани бузилишига олиб келади. Аслида қуда-анда бўлишда узоқрок масофадаги инсонлар билан ришта боғлаш соғлом авлод тарзини кучайтиради. Бу фан аллақачон исботлаб бўлди.

Азиз дўстлар. Янги йилингиз муборак бўлсин.Остонамизда турган йил ҳар бир оилага бахт-саодат, шодлик олиб келсин.

Шохида СУЛТОНОВА, биолог

Мақола Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди кўмагида тайёрланди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.