Халқимизда «она бола гулу лола» деган матал бежиз эмас. Болаларда учрайдиган ақлий заифлик касаллиги – олигофрения дейилади. Унинг сабаблари: туғруқнинг оғир ўтиши, эрта болалик даврида ўтказилган бош миянинг оғир касалликлари (менингит, энцефалит), бош мия жароҳатлари ва қариндошлар орасида турмуш қуришдир. Халқимизда «она бола гулу лола» деган матал бежиз эмас.
Ҳомиладор аёл аминокислоталар, глюкоза, витаминлар ва минерал моддаларга бой бўлган озиқ-овқатларни етарли даражада истеъмол қилмаса ҳам ақлий заиф бола туғилиши хавфи ошади. Ҳомиладор аёлни руҳан эзавериш ҳам асабий носоғлом боланинг дунёга келишига сабабчи бўлади. Баъзида олигофрения сабабини аниқлаш қийин.
Белгилари: ақлий заифлик ривожланаётганлиги, одатда бола 2-3 ёшга етганда маълум бўлиб қолади. Чунки боланинг нутқи 1 ёшдан кейин чиқа бошлайди. Ота-она боланинг ўз тенгдошларидан орқада қолиб бораётгани, ҳаракатлари йўқлиги, тили кеч чиқаётганига эътибор қаратади. Масалан, бола 3 ёшга етса ҳам нутқи ривожланмай қолади, ўйинчоқларга қизиқмайди, руҳий фаоллиги ўта суст бўлади. Бундай болаларнинг аксарияти жисмонан нимжон ҳам бўлишади. Олигофрениянинг оғир турларида боланинг боши кичик бўлиб, уни тик тута олмайди.
Бола 5-6 ёшга етганда ақлий заифлик белгилари янада яққол кўзга ташланади. Унинг хатти-ҳаракатлари 3-4 яшар болага ўхшайди, баъзилари жуда қайсар, йиғлоқи ва ўжар бўлса, бошқа бирлари ўта суст бўлиб, ўйин-кулгили воқеаларга сира эътибор қилмайди. Олигофрениянинг енгил турида бола гаплашади, уйдаги ишларни бажаради, уст-бошига эътибор қилади, бироқ ақлий фаолликни талаб қилувчи ишларда уларнинг ожиз эканлиги билиниб қолади. Бундай бола боғча ва мактабдаги оддий топшириқларни бажара олмайди, оддий арифметик қўшиш-айиришларда жуда қийналади, уни тенгдошлари калака қилиб юради. Шунинг учун ҳам олигофорения билан касалланган бола ўзидан ёш болалар билан ўйнашни хуш кўради. Неча яшар болалар билан ўйнаётганига қараб, унинг ақлий ривожланишдан неча йил орқада қолаётганини билиб олиш мумкин.
Ташхис қандай қўйилади? Афсуски, аксарият ҳолларда ота-оналар бола мактаб ёшига етганда шифокорга мурожаат қилишади. Кўпинча боланинг ақлий ривожланишдан орқада қолаётганлиги тарбиячилар ёки бошланғич синф ўқитувчилари томонидан сезиб қолинади. Бундай пайтларда боғча ва мактабдаги психологлар эътиборли бўлишлари, болани психологик тестлардан ўтказиб туришлари лозим.
Даволаш. Бола нейропсихолог ёки тиббий психолог кўригидан ўтказилади. Ўтказилган асаб касалликларини аниқлаш учун невропатолог кўриги ҳам зарур. Даволаш муолажалари дори-дармонлар (глутамин кислотаси, лецитин, фолат кислотаси, метионин, магний ва йод препаратлари), турли психологик машқлар ва педагогик усуллар орқали олиб борилади. Бундай болалар учун турли шароитлар яратилган махсус мактаблар мавжуд. Ушбу мактабларда боланинг руҳий ва жисмоний саломатлигини тиклаш учун махсус педагог ва психологлар фаолият кўрсатишади. Яхши натижага эришиш бир неча йилларни талаб қилади.
Врачлар турли аминокислоталарни кўп- кўп тавсия этишади. Бош мияда глутамин кислотаси, метионин, лецитин ва фолат кислотаси иштирокисиз ҳеч қандай ақлий жараён кечмайди. Бу дориларни ақлий заиф болалар врач томонидан тузилган махсус схема орқали ойлаб қабул қилишлари керак. Уларнинг жигарга ҳеч қандай зиёни йўқ, аксинча, фойдали.
Эпилепсиянинг баъзи турларида ҳам бора-бора ақлий заифлик ривожланиш хавфи бор. Чунки тутқаноқ хуружлари тез-тез кузатилаверса, бош мияда глутамин кислотаси захираси сўна бошлайди. Бунинг оқибатида ақлий заифлик шаклланиб боради. Бу ҳолатнинг олдини олиш учун турли аминокислоталарни беморга ойлаб бериш талаб этилади. Хотирани тикловчи ҳар қандай дорилар аминокислоталар ўрнини боса олмайди. Бу ерда йод препаратларини беришни ҳам эсдан чиқармаслик керак. Врачлар ва ота-оналар буни асло унутмасликлари керак.
Зарифбой ИБОДУЛЛАЕВ, тиббиёт фанлари доктори, профессор