Болалар учун малинанинг фойдали хусусиятлари

0
62
марта кўрилган.

Болалар учун малинанинг фойдали хусусиятларини кўпгина ота-оналар яхши билишади. Шундай бўлсада тавсия олдидан ушбу резавор ўсимликнинг хусусиятлари билан таништириш фойдадан ҳоли бўлмайди.

Резавор мевалардан бири –  маймунжон раъногулдошлар оиласига мансуб кўп йиллик бута. Новдалари тиканли. Меваси қора ёки қизил-қора бўлиб, ўсимликнинг илдизи, барги ва меваси шифобахш. Меваси таркибида 8 фоизгача қанд, 1,5 фоизгача кислота бор. Асосан янги узилган меваси истеъмол қилинади. Ундан мураббо ҳам тайёрланади.

Илдизи эрта баҳорда ёки кузда ковлаб олиниб, яхшилаб ювилади ва очиқ ерда қуритилади. Барги эса ўсимлик гуллаган пайтда йиғилиб, салқинда сақланади. Меваси, барги таркибида қандлар, витамин С, органик кислоталар, каротин, ошловчи моддалар бор. Май-июнь ойларида гуллайди, меваси июнь-июль ойларида пишади.

Халқ табобатида маймунжон меваси организмни кераксиз моддалардан тозаловчи, иштаҳа очувчи, иситма кўтарилганда ҳароратни пасайтирувчи, чанқов босувчи, терлатувчи дори сифатида ишлатилади. Илдизидан тайёрланган қайнатма сийдик ҳайдовчи дори сифатида ҳамда тиш милклари касалланганда оғизни чайиш учун қўлланади. Ушбу дамлама оғиз ва томоқ йўлидаги микробларни ўлдиради. Томоқ оғриғида фойдали. Барг дамламаси шамоллаш касалликларида ичилса терлатади. Дамламага оёқ ва қўл ботириб турилса, кўп терлашдан халос бўлиш мумкин. Ҳўл барги майдаланиб, темиратки ва сурункали йирингли яраларга боғланса, ярани тузатади. Қўтир касаллигида ҳам шу усул қўлланилади.  Ўсимликнинг юқори новдалари дамланиб, кунига уч маҳал овқатдан олдин ичиб юрилса, қандли диабетда фойда қилади.

Болаларни даволашда малина қандай фойдаланилади. Катталар ва болалар ўртасида соғлом овқатланиш тарзида жуда катта фарқлар мавжуд. Аввало, малина (маймунжон) шамоллаганда томоқни даволаш учун тавсия этилади.  Болалар учун  ушбу неъматнинг афзал хусусиятлари:  томоқ оғриғини камайтиради,  кучли антисептик таъсирга эгалиги туфайли бактериялардан қутқаради, болага бронхларни шилимшиқдан тозалашга ва балғамни олиб ташлашга ёрдам беради.

Малинанинг болалар учун яна қандай фойдали хусусиятлари мавжуд? Кўпгина дори-дармон ишлаб чиқарувчилар ўзларининг ичимликларини мазасини яхшилаш учун ушбу резаворнинг сиропидан фойдаланадилар. Анъанавий тиббиётда шамоллаш ва гриппга қарши восита сифатида шохчалари  ва меваларидан фойдаланадилар. Йўталга қарши малҳам ишлаб чиқариш учун барглари қўлланилади. Малина гулларидан эса юздаги фурункулларни кетказадиган малҳам тайёрлаш учун ишлатадилар. Иштаҳаси йўқолган бола учун резаворнинг таркибидаги С  дармондориси катта фойда бўлиб, кичкинтойнинг иштаҳасини очадиган малҳамларда ишлатадилар.

Болага зарар қиладиган томонларини ҳам билиб қўйган яхши. Буйракда муаммоси бўлган болалар учун ошқозон яраси, гастрит, аллергия касаллигида малиналар катта зарар этказиши мумкин.

Шунинг учун ихтисослашган шифокор билан олдиндан маслаҳатлашиб, сўнгра неъматдан фойдаланиш талаб этилади!

Фазилат Саъдуллаева, фармацевт

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.