Бош айланиши нимадан дарак беради?

0
483
марта кўрилган.

 Бош айланиши нимадан дарак бериши хусусидаги саволларга тиббиёт фанлари доктори, профессор Ёқутхон Мажидова жавоб беради.

— Бош айланиши кимларда кўпроқ кузатилади? Одатда бунга нима сабаб бўлади?

— Бош айланиши ҳар қандай ёшдаги кишида кузатилиши мумкин, аммо кексаларда тез-тез учрайди — 70 ёшдан ошган одамларнинг 20 фоизигача бўлган қисми бу муаммога дуч келишади. Катта ёшлилар ўртасида аёллар эркакларга нисбатан кўпроқ азият чекишади.

Агарда алкоголдан заҳарланиш, дори воситаларининг ножўя таъсири, сувсизланиш, қизиб кетиш ёки иссиқ уриши, автомобиль, поезд ёки кемада сайр қилиш, камқонлик, қонда қанд миқдорининг пасайиб кетиши, қон босимининг тушиб кетиши, бирданига кўп жисмоний машқлар бажариш, қулоқ инфекцион касалликлари туфайли бош айланиши қисқа давом этса, одатда, бу инсон учун зарарсиз бўлади.

— Бу ҳолат қайси касалликлар аломати ҳисобланади?

— Бош айланиши жиддий касалликларнинг аломатлари ҳам бўлиши мумкин — аритмия ва инсультдан тортиб, саратонгача бўлган хасталикларнинг аломати ҳисобланади. Шу боис бош айланишининг турларини ажратиш жуда муҳим.

Дейлик, бошнинг тез-тез ва узоқроқ айланиши қулоқнинг жиддийроқ касалликлари(вестибуляр нервнинг вирусли инфекциялари, лабиринтит)да учрайди. Бундай бош айланишига беътибор бўлмаслик керак. Чунки бу ҳолатда касаллик белгиларсиз бошланиб, инфекциянинг мияга ўтиб кетиш хавфи юқори бўлади.

— Бош айланишининг яна қандай кўринишлари бор?

Бирданига ҳолсизлик, кўриш ёки эшитиш, нутқнинг бузилиши билан кечадиган бош айланиши ҳам бор. Бундай ҳолат инсультни билдиради. Агар беморнинг нутқи ўзгариб, юз симметрияси бузилса, дарҳол шифокорга мурожаат қилиш керак. Чунки инсульт касаллигида бутунлай тузалиб кетиш тахминан 16 фоизга тенг, қолган 84 фоиз ҳолатда беморнинг ўлими ёки ногиронлик билан тугалланади.

Ўтирган жойдан турилганда қисқа вақтли ортостатик бош айланиши кўп учрайдиган ҳолат. Кўпинча у организмда суюқлик етишмаслиги билан боғлиқ бўлади. Шу сабабли куннинг иссиқ вақтларида кўпроқ суюқлик ичиш керак. Агар сизда сувсизланиш йўқ бўлиб, ортостатик бош айланиши бўлса, сизда юрак ритмининг бузилиши ёки юрак етишмовчилиги бўлиши мумкин.

Бош айланиши билан бирга кучли бош оғриқлари, юришнинг қийинлашиши ва йиқилиш, кўнгил айниши ва қусиш, ҳушдан кетиш, нафас олишнинг қийинлашиши, бўйин мускулларининг тортишиши ва талвасалар кузатилса, албатта, шифокорга мурожаат қилиш керак.

— Бош айланганда инсон организмида қандай жараён содир бўлади?

— Бош айланиши чарчоқ ва беҳузурликнинг тўсатдан пайдо бўлувчи аломати бўлиб, бунда инсонга уни ўраб турган олам атрофида айланаётгандек туюлади.

Бунда мия билан ички қулоқдаги вестибуляр аппарат орасидаги алоқа бузилади. Натижада мия фазодаги назоратни йўқотиб, танани фазода бошқара олмай қолади. Баъзан бош айланганида қайт қилиш маркази ҳам таъсирланади. Одатда, бу узилиш бир неча сонияларга тенг бўлади.

— Бош айланишини қандай даволаш мумкин?

Бош айланиши алоҳида касаллик бўлмай, 80 дан зиёд турли хасталикларнинг аломати ҳисобланади. Айнан шунинг учун тўғри ташхисни аниқлаш узоқ вақт талаб қилади. Бош айланиши кутилмаганда фақат бир марта содир бўлса, ноқулайлик ҳиссини енгиллаштириш учун бир неча дақиқа ётинг.

Бош айланишидан сўнг секин, эҳтиёткорлик билан ҳаракатланишга урининг, тез-тез дам олинг ва сув ичишни унутманг – бу сувсизланишнинг олдини олишга ёрдам беради. Чекиш ва алкоголдан воз кечинг. Бу ҳолатни яна қайталанмаслигига эътиборли бўлиш керак.

— Бош айланиши узоқ вақт ва тез тез такрорланса-чи?

— Агар инсон соғлиғида жиддий муаммо бўлса, бош айланиши бир неча соатдан кейин ёки бир неча кундан кейин қайталанади. Агар бош айланиши бир дақиқадан кўпроқ давом этса ва мунтазам равишда такрорланса, терапевт ёки невролог кўригига бориш керак. Ҳар икки ҳолатда ўз вақтида ташхис қўйиш ва малакали маслаҳатчининг тавсияси муҳим.

Ўтиб кетмайдиган бош айланишларида терапевтга мурожаат қилиш керак. Компьютер томограмма ёки магнит-резонанс томограмма каби текширувларни шифокор белгилаб бергандан кейингина амалга ошириш талаб этилади.

Эслатиб ўтамиз, кимда бош айланиши такрорланса, даврий ёки доимий характерга эга бўлса, албатта, шифокорга мурожаат қилиб, тўлиқ текширувлардан ўтиши даволаниши зарур. Эътиборсиз қолдирилган бу ҳолат оғир оқибатларга сабаб бўлиши мумкин.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.