ДАФНА япроғининг шифобахш хусусиятлари ва салбий таъсирлари

0
2138
марта кўрилган.

ДАФНА – лавр(лавровый лист). У лаврдошлар оиласига мансуб ям- яшил дарахт бўлиб, буталар туркумига киради. Тўқ яшил барги кетма-кет жойлашган, усти ялтироқ  ва қалин. Гули оқиш-сариқ. Меваси қора ёки кўк, данакли, бир уруғли. Асл дафна тури кўпроқ тарқалган. Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилоятида, Кавказ ва Қримнинг Қора денгиз соҳилларида, Озарбайжонда ўстирилади. Қуритилган барги зиравор сифатида ишлатилади.

Янги узиб олинган дафна япроқлари қуритилгач, қуруқ хонада сақланса, бир неча йилгача ўзининг фойдали хусусиятларини йўқотмайди. Дафна япроғи таркибига РР, С, В, А витаминлари ва қатор фойдали элементлар мавжуд: микроэлементлар ва макроэлементлар (мис, фосфор, натрий, кальций, калий, магний, цинк, селен, темир, марганец), оқсиллар, озиқа толалари, углеводлар, ёғлар, фитонцидлар, тўйинтирилган ёғли кислоталар, органик кислоталар, хушбўй моддалар, эфир мойлар мавжуд.

Мозийдан гапирсак,  лавр сўзи омад, улуғлик, ғалаба ва шараф сўзларининг маъносини англатади. Лавр япроқли шохчалари гулдастаси билан мусобақа ғолибларини тақдирлашади. “Лауреат” сўзининг маъноси ҳам лаврларга бурканган маъносини англатади.

Ушбу  сифатлашлар бежиз эмас. Унинг барглари нафақат зиравор сифатида, балки шифобахш хусусиятлари билан қатор касалликлардан фориғ бўлишда ҳам қўл келади. Масалан, айни давр касаллиги бўлган организмдаги қанд миқдорини пасайтиради.

ДАФНА япроғи (лавровый лист).  У дафна дарахтининг қуритилган барги, хушбўй ҳидли зиравор бўлиб, таркибида 3% гача эфир мойи бор. Пазандачиликда ишлатиладиган дафна япроғи тўқ ёки  оч яшил рангда, калта бандли, мазаси тахирроқ. Суюқ овқатларга у овқат сузишдан 5 минут олдин, қуюқ овқатларга эса 10 минут олдин солинади. У овқатларга ўзига хос таъм ва хушбўйлик беради,  тузламаларга қўшилади; ғоз, ўрдак, балиқ гўштлари,  консерва ва қандолатчилик саноатида ишлатилади. Тузлашда 100 кг карамга 3—4 дона япроқ ишлатилади.

Дафна япроқлари дамлама ёки қайнатма шаклида қадимдан анъанавий халқ табобатида ер юзининг ҳамма минтақаларида  турли касалликларни даволашда ишлатилади. У кучли таъсир қилувчи табиий антибиотик, шунингдек, модда алмашинув жараёнларини фаоллаштиради. Микробларга қарши курашади, иммун тизимини мустаҳкамлайди, шамоллашга қарши ажойиб восита, жароҳатларни битиради, бириктирувчи, пешоб ҳайдовчи, тинчлантирувчи, овқат ҳазм қилиш жараёнини яхшилайдиган воситадир.

Дафна барги қайнатмасининг фойдалари. Қайнатмаси организмда йиғилган турли зарарли тузларни, ўт пуфагида пайдо бўлган тошлар, бўғимларда йиғилган тузларни чиқариб юборишда, шунингдек, холециститга хос бўлган шамоллашларни даволашда ёрдам беради. Қайнатма қандли диабет ҳамда бавосирда кони фойда. Шуни эсда сақланг: даволаниш курсини бир йилда уч ҳафтадан кўпайтириш мумкин эмас.

Дафна дамламаси қайнатмасидан организмга юмшоқроқ таъсир қилади, у кўпинча ич кетишида истеъмол қилинади.Бундан ташқари бу дамламага бироз асал қўшилса, шамоллашга қарши таъсирли воситага айланади. У қандли диабетга қарши мислсиз бўлиб, умумий қанд миқдорини пасайтиради.

Шамоллашдан фориғ бўлиш учун энг самарали усул ванна қилишдир. Бунда дамламадан  бир литри ванна сувига араштирилади. Шунингдек, дамлама билан артиниш ҳам мумкин. Ванна қилиш 15 минутгача бўлиб, муолажа бир ҳафта давом эттирилади.

Аллергиянинг биринчи белгилари пайдо бўлиши билан касалликдан ва унинг биринчи аломатларидан фориғ бўлишнинг анъанавий усули – қайнатма ичилади.

Оғиздаги нохуш, шамоллашдан келиб чиққан гингивит ёки стоматитни йўқотиш учун кунига икки марта бўлса ҳам дафна япроғини чайнаш фойдалидир, лекин уни чайнаб бўлгач, бир соат давомида ейиш ва ичишдан ўзини тийиш лозим бўлади.

Дезинфекциялаш воситаси. Дафна баргларидан ҳеч иккиланмасдан хоналарни дезинфекциялашда фойдаланиш мумкин. Ўзингиз истаган миқдорда дафна баргларидан идишга солиб, устидан қайноқ сув қуйинг ва 15 минут ўтгач, бу идишни дезинфекцияланадиган хонага қўйинг. Бирон соат ўтгач, хона қандай ёқимли ҳидга тўлганини кўрасиз ва ундаги ҳаво бактериялардан тозаланган бўлади.

Тери касалликларини даволашда дафна барглари ишлатилади. Йирингли, қотиб қолган шишлар, узоқ вақт давомида ётган касалнинг баданида қотиб, увушиб жонсиздек бўлиб қолган аъзоларини даволаш ва улардан фориғ қилиш учун дамлама тайёрлаш мумкин. Бунинг рецепти қуйидагича: 1 ярим ош қошиқ дафна япроғининг майдалангани устидан ўсимлиқ ёғи қуйилади ва қоронғи жойда (музлатгичда эмас) тиндирилади, бир ҳафта ўтгач, тайёр бўлган малҳамни терига суртиш мумкин.

Оёқлар тез-тез терлайдиган ҳолатда ҳам дафна япроғи ёрдам беради. Бунинг учун қуйидаги аралашма тайёрланади: 30 тача дафна япроғи бир стакан сувда қайнатилади ва 30-40 минут тиндирилади.  Аралашма тоғорага қуйилади, унинг устидан илиқ сув солиниб, оёқларга 10 минут давомида ором берилади.

Артрит, бўғим оғриқлари ва  организмдан ҳар хил хилтларни чиқариб юбориш учун 5 грам дафна япроғини сирли кастрюлга солиб 300 миллилитр сувда паст оловда 5 минут давомида қайнатилади. Сўнгра у термосда 3-5 соат тиндирилади. Аралашмани докадан ўтказиб, кун давомида оз-оздан хўплаб-хўплаб ичилади. Бундай қайнатмани ҳар куни янгидан тайёрлаб уч кун давомида ичилади ва бир ҳафта ўтказиб, бу муолажа такрорланади. Биринчи йил муолажани ҳар уч ойда бир марта, кейинги йилларда йилига бир марта амалга оширилади. Бу муолажа давомида гўштли овқат ейилмайди, алкогол ичимликлар ичилмайди.  Аралашма ичилган кунларда оғриқ вақтинча бироз кучайиши мумкин.  Бу қайнатмани организмнинг умумий ҳолатини яхшилаш, касалликларнинг олдини олиш мақсадида ҳам ичиш мумкин.

Қандли диабет. 10 та дафна япроғини термосга солиб, устидан 3 стакан қайнаб турган сув қуйилади, 2-3 соат тиндирилади. Дамлама кунига 3 маҳал овқатланишдан 30 минут олдин ярим стакандан ичилади. Дамлама икки ҳафта ичилгач, организмда углевод алмашинуви меъёрига келади, қанд миқдори жойига тушади.

Буйрак етишмовчилиги. 1 чой қошиғида майдаланган дафна япроғи 2 стакан сувда кучли оловда қайнатилиб, 2 соат давомида тиндирилади, кунига 2 маҳал 1 ош қошиғида ичилади. 

Псориаз. 10 та йирик дафна япроғини  термосга солиб, устидан ярим литр қайноқ сув қуйилади, 2 соат тиндириб, докадан ўтказилади.  Тайёрланган дамлама кунига 3 маҳал овқатланишдан 20 минут олдин ярим стакандан ичилади. 

Гайморит. Ўнта япроқ устидан 1 литр сув қуйиб, паст оловда 5 минут қайнатилади. Оловдан олинади ва қайнатма буғидан уст-бошни ўраб, 5 минут давомида нафас олинади. Зарурат бўлса, бу муолажа яна такрорланади.  

Эслатма: Дафна япроғидан тайёрланган дамлама билан муолажа қилаётиб, организм реакциясини кузатиб боринг. Бириктирувчи хусусиятларига кўра дафна қабзият келтириб чиқариши мумкин. Бундай хасталикка илгаридан мойиллиги бўлган кишиларга қизил лавлаги истеъмол қилиш тавсия этилади. 

 Дафна япроғини истеъмол қилиб бўлмайдиган ҳолатлар. Ҳомиладор ва эмизикли аёлларга, ўткир ёки сурункали буйрак етишмовчилиги бор кишиларга, қон кетишига мойил  беморларга, оқсил моддалар алмашинувида бузилиш кузатилган кишиларга мумкин эмас.    Шунингдек,   дафна япроғидан тайёрланган дорилар истеъмол қилиш қуйидаги ҳолларда ҳам мумкин эмас: ўн икки бармоқли ичак ёки ошқозон ярасида, панкреатит ва ўт пуфагида тош хасталикларида, қабзиятга мойиллиги бор кишиларда, қандли диабетнинг оғир формаларида, жигар ва буйрак хасталиклари бор кишиларга ҳам дафна барги истеъмол қилиш мумкин эмас. Ҳаддан ташқари кўп миқдорда дафна япроғини истеъмол қилиш заҳарланишга олиб келади. Бундай муолажани бошлашдан олдин албатта, шифокор маслаҳатини олиш лозим.

Шоира Бекчанова, тиббиёт фанлари номзоди

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.