​«Илмий ютуқлар ва иқтисодий қудрат ҳам ожиз» — Шерзод Қудратхўжаев коронавирусга даво топилмаётгани ҳақида​

0
766
марта кўрилган.

Дунёдаги барча мавжуд нарсалар нисбий ва улар Яратганнинг қўлида…

Мана, биз XXI аср, 5G, «интернет чегарасизлиги», Марсни забт этиш ва ҳаттоки инсон геномасининг таҳрири ҳақида гапиряпмиз. Мақтанамиз, кибрланамиз, ғўддаямиз, хом сут эмган бандалар ўзимизни авлиё, деб биламиз ва барчаси бизнинг қўлимизда, деб ўйлаймиз.

Лекин оддий кунларнинг бирида оддийгина бир илон оддийгина бир кўр шапалакни ейди. Кейин эса ўша илоннинг ўзи Хитойнинг бир кичкина қишлоғидаги энг оддий бир ошхонада овқатланиш столида яхши пишмаган деликатесга айланади…

Уни оддий бир одам тановул қилади, икки ҳафта ичида у нима егани эсидан чиққанида бирданига иситмалаб, бетоб бўлади. Кўп ўтмай, бедаво касалликдан ўлади. Лекин шу вақт оралиғида юзлаб одамлар билан бир ҳаводан нафас олади, мулоқотда бўлади…

Кейин аниқланишича, ўша илон касал кўр шапалакни еганида унинг ичида вирус мутация бўлиб, чала қовурилган таом истеъмоли оқибатида одам жисмини эгаллайди. Қаранг, оддий нарсалар занжири одамни ларзага солмайдими? Аслида уларни “оддий“ дейишимиз соддалик эмасми?

Янги коронавирус қарийб бир ой ичида нафақат жаҳон иқтисодиётида иккинчи ўринни эгаллайдиган, триллионлаб олтин захираларига эга ва сайёрадаги энг илғор илм ва тиббиёт ходимлари яшайдиган мамлакатни, балки барчани жиддий ўйлашга мажбур қилмоқда.

Жаҳон илмий ҳамжамияти билан биргаликда ҳам касалликдан қутулиш йўлларини топишга боши қотмоқда. 
 
Коронавирус деб аталишга сабаб микроскоб остида катталаштириб кўрилганда, вирус тож, яъни коронасимон шаклига эга бўлганлиги сабабли шундай деб аталди.

Соатига кўп минглик катта шаҳарлар кириш ва чиқиш учун ёпилмоқда, ўн минглаб рейслар бекор қилинмоқда, нефть ва барча биржа котировкалар нархлари ўта катта тезлик билан тушиб кетмоқда. Ҳеч ким тахминий башорат қилолмаяпти, қачон ва қандай тугаши ҳақида маълумот бера олмаяпти.

Бу биз учун, инсоният учун яхши бир дарс, сабоқ, насиҳат бўлиши лозим. Қанчалик илмий ютуқларга эришишимизнинг ва иқтисодий қудратга эга бўлишимизнинг аҳамияти йўқ.

Яратган Эгам бизни ҳар қандай вақтда ожизлигимизни эслатиб қўяди ва бунинг учун битта оддий кўр шапалак ва илоннинг ўзи етарли бўлди. Ҳаттоки, бундан-да кичикроқ нарсанинг ўзи ҳам етади.

 Шерзод ҚУДРАТХЎЖАЕВ
Манбаа: ЎзА
Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.