Дарахтларнинг инсон ҳаёти ва саломатлигини муҳофаза қилишда аҳамияти катта бўлиб, битта кўп йиллик дарахт бир мавсумда бир йилда ўн киши истеъмол қиладиган миқдорда кислород ишлаб чиқаради.
Бир гектар дарахтзор эса бир кунда 220-280 кг. карбонат ангидрид ютади ва 180-220 кг. кислород чикаради. Дарахтзорлар ҳаводаги чанг миқдорини ва шовқинни камайтиради. Ўсимлик дунёси табиатнинг иссиқлик ва радиацион мувозанатини бошқаради, ҳавонинг намлигини таъминлайди,
Табиий табибларимиз – дарахтлар экилган боғда ярим соатлик сайр бир неча хил турдаги дори воситалари ўрнини босади. Инсон асабларини тинчлантиради, моддалар алмашинувини меъёрлаштиради. Ёз ойларида юрак касалликлари, юқори қон босими бор инсонлар эманзорларда, нафас олиш йўллари касалликлари бор инсонлар қарағайзорларда сайр қилса соғликлари тикланади.
Олтин куз фасли – хазонрезгилик даври! Бу мавсумда айрим фуқаролар томонидан шох-шаббаларнинг ёқиб юбориши ҳам кузатилади. Бу нотўғри, саломатликка зарарлидир.
Ёнаётган хазоннинг нечоғлик зарарли эканини статистик маълумотлар орқали кўрайлик. Бир тонна хазон ёқилганда, атмосфера ҳавосига 30 кг углерод оксиди ажралиб чиқади. Яна инсон саломатлиги ва атроф-муҳитга зарар етказувчи олтингугурт ангидриди, қурум, азот оксиди ва мураккаб таркибли органик бирикмалар – диоксинлар ҳам ташланади. Хазондан чиқаётган тутун атмосфера таркибидаги кислород миқдорини камайтиради. Айниқса чала ёнган хазон ўзидан заҳарли газ чиқазади.
Зарарли моддаларга тўйинган ҳаводан нафас олган кишининг нафас йўллари, кўзи ҳамда марказий асаб тизими шикастланади. Шу билан бирга, организмда ўпка саратони, бронхиал астма каби хавфли касалликлар келиб чиқиши хавфи ортади. Хазонни ёқишдан келиб чиқадиган зарарли тутун, айниқса, болалар, юрак қон томир ва нафас олиш йўллари хасталикларига чалинган ҳамда аллергияси бор инсонларга кўпроқ салбий таъсир этади.
Шуни унутмаслик керакки, коронавирус пандемияси шароитида атмосферанинг турли моддалар билан ифлосланиши, ушбу касаллик билан касалланганлар ва тузалиб чиққанлар учун ниҳоятда зарарлидир.
Шунинг учун хазонни ёқиш керак эмас. Аксинча, ундан унумли фойдаланиш лозим. Уни бирор жойга тўплаб, кўмиб қўйсангиз. Келгуси йил учун у яхши табиий ўғит бўлади. Дарахтларингизнинг гуркираб ўсишига ёрдам беради. Табиатнинг ўзи дори дегани шуда! Кимёвий тил билан айтсак, бордан йўқ бўлмайди, йўқдан бор бўлмайди. Табиатда ҳамма нарса алмашиб туради, билиб ишлатсангиз ҳам саломатликка ҳам Она табиатга кони фойда.
Умида КАМИЛОВА, тиббиёт фанлари доктори, профессор