Коронавирус инфекцияси келтириб чиқарган пневмониядан сўнг нафас машқлари бемор тезроқ ва самарали тикланишига ёрдам беради.
– Нафас машқлари нима? Унинг қандай фойдаси бор?
– Нафас машқлари- бу ўпканинг турли бўлимларининг фаол ишлаши ва зарур бўлганда ўпкадан суюқлик чиқишини яхшилаш, нафас мушакларини машқ қилдиришга мўлжалланган турли хил машқлар мажмуасидир. Касалликдан келиб чиқиб машқлар, уларнинг тезлиги ва техникаси ўзгариши мумкин.
Коронавирус инфекцияси инсон учун янги ҳодисадир. У билан боғлиқ барча саволларга ҳали ҳам аниқ жавоб топилмади. Энг муҳимларидан бири эса — касаллангандан кейин ўпка қай даражада қайта тиклана олишидадир.
Кўпчилик жароҳатлар ва куйишдан кейин қандай чандиқлар қолишини кўзатган. Пандемиядан кейин ўпкада ҳам ана шундай чандиқлар бўлиши мумкин. Кўп миқдорда қабул қилинган таблетка ва инъекция кўришинишидаги дорилар чандиқларни юмшоқроқ ва эластикроқ қилишга қодир эмас. Шунинг учун нафас гимнастикаси мунтазам бажариш маъқул усулдир.
– Нафас гимнастикаси қандай ҳолатларда тавсия қилинади?
–Нафас гимнастикаси бронх-ўпка тизимининг барча касалликларида тавсия қилинади, фақатгина машқлар мажмуаси, интенсивлиги ва давомийлиги ўзгаради. Шунингдек, нафас машқлари одам кўп вақтини тўшакда даволаниб ўтказадиган барча касалликларда ишлатилиши керак. У миястения (мушакларнинг кучсизлиги), яъни доимо ётоқли бўлиш сабабли мушак кучининг камайиши билан оғриган барча беморлар учун мажбурийдир.
–Қандай ҳолларда нафас машқини бажариш мумкин эмас?
– Гимнастика тана ҳарорати баландлигида, юқори қон босимида, юқори юрак уришида ўтказилмайди.
– Нима учун нафас машқи коронавирус инфекцияси билан боғлиқ бўлган пневмониядан оғриб тузалган ёки оғриган беморга керак?
– Ўпка коронавирусдан зарарланганда, интерстициал тўқиманинг яллиғланиши ва шиш туфайли зичланган жойлари пайдо бўлади. Интерстиций — бу ўпканинг «қурилмаси» бўлиб, айнан шу жойда қон ва лимфа томирлари ўтади. Шиш ва яллиғланиш пайдо бўлганда, нормал газ алмашинуви бузилади, кислороднинг ҳаводан қонга кириши қийинлашади. Касалликнинг ўткир даврида беморнинг тўғри ҳолатни қабул қилиши ва нафас олиши шикастланган жойлардан суюқликнинг тез сўрилишига ёрдам беради. Кейинчалик, у фиброз (чандиқли) тўқима ҳосил бўлишини камайтиради.
– Касалликнинг қайси босқичида машқларни бошлаш керак? Улар қандай машқлар?
– Машқлар фаол касаллик даврининг илк босқичларда бошланади. Ҳатто ўпка сунъий вентиляцияси беморлари учун ҳам махсус мажмуалар мавжуд. Булар фаол (беморнинг ўзи томонидан амалга оширилади) ва пассив (қариндошлар ёки тиббиёт ходимлари томонидан амалга оширилади) қўллар ва оёқларнинг ҳаракатлари, бурилишлардан иборат. Aгар бемор ушбу машқларни кунига камида 30 дақиқа бажарса, у ҳолда аппаратга уланиш вақтини қисқартириш мумкин, деган тадқиқотлар мавжуд.
Машқларнинг қийинлик даражаси эса беморнинг аҳволига боғлиқ. Оғирроқ аҳволда бўлган беморлар учун машқлар тўшакда бажарилади. Бу оёқ ва қўлларни букиш-очиш машқлари бўлиб, оёқлар букилганда товон «ер»дан кўтарилмаслиги керак. Шунингдек, қўл кафтлари ва оёқларнинг айланма ҳаракатлари, бошнинг бурилишлари, ўриннинг четига ёнбошлаб ётган ҳолда — қўлнинг юқорига ҳаракати — орқага ва кейин пастга тушириш. Муҳим маълумот — машқларга тайёргарлик пайтида нафас олинади, машқлар давомида эса нафас чиқарилади. Ҳар бир такрорий машқлар алоҳида нафас ҳаракатлари билан амалга оширилади.
Қорин билан нафас олишни бошлаш жуда муҳимдир. Нафас олаётганда кўкрак қафаси эмас, қорин кўтарилади, нафас чиқараётганда олдинги қорин девори тортилади. Бу бизни қорин бўшлиғи, диафрагмал нафас олишга йўналтиради, кўпинча айнан коронавирусга чалинадиган ўпка бўлимларини фаол равишда очилишига ёрдам беради.
Шоира БЕКЧАНОВА, тиббиёт фанлари номзоди, олий тоифали врач