Коронавируснинг олдини олиш уни даволашдан кўра осонроқ

0
304
марта кўрилган.

Барча ўткир респиратор вирусли касалликлардаги каби ушбу коронавирус касаллигида ҳам беморларга кўп миқдорда суюқлик ичиш тавсия этилади. Масалан, минерал сувлар, лимон, малина, наъматак, ялпиз, анжир дамламаси, чойлар ва компотлар. Имкон қадар оз-оздан тоза сув ва асал, наввот солинган дамлама чойларни кун давомида галма-гал ичиш яхши самара беради. Чунки, суюқлик организмни ювиб пешоб орқали чиқиб кетади. Суюқлик ичишни аслида дардга чалинмасдан олдин бошлаган маъқул. Шунингдек, ушбу муолажа дарднинг енгил турларида қўлланилади.

 Суюқлик ичишнинг имкони бўлмаган ҳоллардагина беморларга вена қон томирига 5 фойизли глюкоза 200 мл ва 5 фойизли аскорбин кислотаси 4 мл юборилади. Интоксикация (заҳарланиш) юқори бўлган ҳолларда, бемор суюқлик қабул қилолмаган ҳолларда венага реосорбилакт 200 мл ёки L-лизина эсцинат 5 мл томчилаб юбориш тавсия этилади.

Албатта, ушбу вирусли касалликда ўпка шишини олдини олиш учун қон томирга кўп суюқлик юбориш тавсия этилмайди. Бироқ, баъзи беморларда кучли интоксикация ҳисобига иштаҳанинг буғилиши кучайиб, суюқлик ичишга ҳам ҳоли бўлмай қолганида қон томирига оз миқдорда бўлса ҳам қонни суюлтирувчи, танага қувват берувчи, заҳарларни кетказувчи дори-дармонларни юбориш мақсадга мувофиқ.

Асал ва прополис каби асалари маҳсулотларидан ҳам самарали фойдаланиш лозим. Бунда тоза тоғ асалини юқорида айтиб ўтилган суюқликлар, дамлама ва чойларга қўшиб кун давомида оз-оздан ҳўплаб-ҳўплаб ичиш тавсия этилади.

Занжабил, қалампирмунчоқ, зарчава (куркума)дан ҳам ушбу дардда унумли фойдаланиш зарур. Зарчава (куркума)ни 1/3 чой қошиқдан кунига икки маҳал овқатдан олдин 200 мл қайнаган илиқ сув билан ичинг. Занжабил ва қалампирмунчоқни эса термозда дамланади. Бу муолажа танани турли хил заҳарлардан тозалайди.

Ерқалампир (хрен) илдизи, шалғом, турп, мурч, саримсоқпиёз ва шу каби иштаҳани очувчи, балғам кўчирувчи ҳамда танани қиздириб, терлатувчи табиий ва содда дориларни меъёрида истеъмол қилиш вирус билан курашишда катта ёрдам бериши мумкин.

Ушбу тавсияларни ҳаммасини бирдан ишлатиш керак эмас. Ўзингизга ёққанини, организмингиз қабул қиладиганини  танлаб оласиз. Ҳар дарднинг давоси бор. Бемор бўлганингизда албатта шифосини изланг ва даволанинг. Даволанишни қанча эрта бошласангиз шунча тез ва асоратсиз тузалишингиз мумкин. Унутманг, касалликни олдини олиш уни даволашдан кўра осонроқдир!

Бўш вақтларингизда, албатта, тиббий мутолаага эътибор беринг. Ўзингизни ва яқинларингизни асранг! Барчага  Аллоҳнинг ўзи шифо берсин! Меҳрини дариғ тутмасин!

Тиббиёт фанлари номзоди Шоира БЕКЧАНОВА тайёрлади.

Таҳририятдан: Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди  гранти асосида уюштирилди. 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.