Кунжутнинг шифобахш хусусиятлари

0
3255
марта кўрилган.

Кунжут энг кўп мой берувчи ўсимлик  ҳисобланади. Уруғи таркибида 55-68 фоизгача мой, 16-22 фоиз оқсил ва 18 фоиз эрийдиган углевод ҳамда спирт бор. Кунжут мойи озиқ-овқат саноатида ва упа-элик ишлаб чиқаришда муҳим хомашё ҳисобланади.

Кунжутнинг шифобахш хусусиятлари ҳам талайгина. Абу Али ибн Сино кунжут уруғи ва мойи ёрдамида қон қуйилган аъзолар, шишлар ва астма хасталикларини даволаган. Шунингдек, нафас йўллари билан оғриган беморларга истеъмол қилиш тавсия этилади.

Кунжут ёғи тери касалликларида, тери куйганда, ошқозон-ичак касалликларида, сурги ва гижжа ҳайдовчи восита сифатида ҳамда қон қуйилишини тезлаштирувчи восита сифатида ишлатилади. Озиқ-овқат саноатида ҳам кенг қўлланилади.

Оқ донли кунжут уруғларидан юқори сифатли ҳолва, парфюмерия воситалари ва турли ширинликлар тайёрланади. Дунё саноатида ўсимлик консерва, кондитер, нон ва нон маҳсулотлари, тиббиётда эса дори-дармон тайёрлашда кенг ишлатилади.

 Бугунги кунда дастурхонларимиздаги пишириқларни кунжутсиз тасаввур қилиш қийин. Ўзининг хушбўй ҳиди, ёқимли таъми билан ширинликлар-у сомсаларни безаётган айни зираворнинг қандай хусусиятлари бор?

Кунжутга ҳеч қандай қайта ишлов бермасдан, ўзини пиширилмаган табиий ҳолида истеъмол қилиш ундаги фойдали хусусиятларнинг сақланиб қолишига сабаб бўлади. Пиширилган кунжутда эса, фақатгина хушбўй ҳид қолади, ундаги керакли моддалар ўз хусусиятини йўқотади.

 Кунжут таркибида сезамин номли антиоксидант мавжуд бўлиб, у кўпгина касалликларнинг олдини олишда, шу жумладан, саратон касаллигида ҳам аҳамиятлидир. Кунжутнинг ўзига хос хусусиятларидан яна бири, у қон таркибидаги холестерин миқдорини камайтиради.

 Митти зиравор соч ва тирноқлар учун ҳам кони фойда. У тирноқлар мўртлиги ва соч мустаҳкамлигида ҳам самарали таъсири мавжуд.

 Кунжут таркибидаги тиамин моддаси модда алмашинуви ва асаб тизимининг яхши ишлаши учун самарали.

Кунжут калцийга бойлиги сабабли, остеопороз ривожига тўсқинлик қилади. Атеросклерознинг олдини олади. 45 ёш ва ундан катта ёшдаги аёллар учун айниқса, унинг фойдаси кўп. Боиси, унда аёллар учун керакли гармонлар етарлича бор.

Кунжут ёғидан косметологиядан кенг фойдаланилади. Кунжутнинг кунлик меъёри икки-уч чой қошиқни ташкил қилади.

Лекин унутманг, қанчалик фойдали бўлмасин, уни истеъмол қилишда ҳам эҳтиёткорлик талаб этилади.

Фазилат Саъдуллаева, фармацевт

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.