Лимон ва унинг шифобахш хусусиятлари

0
3630
марта кўрилган.

 Лимон цитрус мевалар оиласига мансуб бўлиб, у Хитойда «Ли-мунг» — «оналар учун фойдали» деган маънони билдиради. Унинг асл ватани Ҳиндистонда Ҳимолай тоғлари бўлиб, кейинчалик у ердан бошқа мамлакатлар ва қитъаларга кўчиб ўтган.

Лимон кўпинча шоҳчасидан кўпайтирилади ва у 1-2 йилдан сўнг гуллайди. У ёруғлик ва доимий намликни талаб қилади, қуруқ ҳавони ёқтирмайди. Лимон тупроқ, чириган гўнг ва қум аралашмасидан иборат ерларда яхши ривожланади. У кўп йиллик ўсимлик бўлиб, 45 йилгача умр кўриши мумкин. Бир туп лимон 30 донадан 200 донагача мева беради. 

 Лимон меваси таркибида галактурон кислотаси, 2-3,5% шакар, турли хил дармондорилар, 45-83 мГ% С витамини, геспередин бўёқ моддаси, фитонцидлар, флавонидлар, сесквитерпенлар, пўстида эса 0,4-0,6% миқдорида эфир мойи мавжуд. Уруғи эфир мойи ва лимонин номли аччиқ моддага, дарахтининг шохи ва барглари эса 0,09-0,24% эфир мойига эга бўлади. Лимон дарахти пўстлоғи гликозид цитронитин – цитронин моддасига бойдир.

Лимоннинг даволовчи хусусиятлари фақат меъёрида пишган мевада сақланиб қолади, ўта пишиб кетган меваларда эса, аксинча, бу хусусият йўқолади. Пўсти қалин икки йиллик меваларда бир йиллик мевалардагига қараганда шифобаҳш моддалар камроқ бўлади. Тўлиқ пишмаган лимонларни асал қўшиб истеъмол қилиш билан уларни фойдали ва шифобахшлиги кучайтирилади. Доривор маҳсулот сифатида яхши пишган лимон мевалари, уларнинг пўсти ва шарбатидан фойдаланилади. Уй шароитида лимон шарбатини махсус ускуна (соковыжималка) ёрдамида ёки қўлда тайёрлаш мумкин.

 Лимон мойи. Янги лимоннинг пўсти эзилиб, лимон мойи олинади. Ушбу мой рангсиз ёки оч сарғиш-яшил рангдаги суюқлик бўлиб, ундан лимон иси келади, мазаси эса аччиқ бўлади. Лимон мойи қопқоғи маҳкам ёпиладиган шиша идишда, қоронғи жойда сақланади. Бундай усулда сақланган мой вақт ўтиши билан қуюқлашади ва аччиқ таъмга киради. Ушбу мойдан дориларнинг мазаси ва хидини маромига етказишда фойдаланилади.

Лимон мевасининг шифобахш хусусиятлари унинг мойи ва лимон кислотасида жамланган. Лимон мойи ва кислотаси кўплаб ўсимликлар таркибида бор бўлиб, лимон кислотаси олма сиркаси каби модда алмашинув хуга эга. Лимон мевасидаги аскорбин кислотаси (С витамини) табиий даволаш жараёнида катта аҳамиятга эгадир. Лимондан олинган доривор моддалар дармонсизликка қарши восита сифатида, шамоллашга, микробларга, гижжаларга, атеросклероз ва склерозга қарши ҳамда яра-чақаларни даволашда фойдаланилади. Ундан сариқ касаллиги ва жигар хасталикларида ҳам қўшимча даволаш воситаси сифатида фойдаланиш мумкин.

Тухум оқи, глицерин, одеколон ва лимон аралашмаси юз ва бўйин терисини ёшартиради. Лимон шарбатидан тузларни ҳайдашда, бод касаллиги ҳамда бел оғриғида (радикулитда) фойдаланилади. Чунки лимон кислотасида сийдик кислотасини ҳамда томир ва бўғимларда йиғилиб қолган асоратларни юва оладиган хусусиятга эга. Шунингдек лимон меваси юрак касаллиги оқибатида юзага келадиган шишларни, сувчечак, бавосил (геморрой), сил касаллиги, инфекцияли ҳамда вирусли касалликларни даволашда ёрдам беради. Лимон кислотаси билан атеросклерозни даволаш ҳамда унинг олдини олиш мумкин. Юқорида қайд этилган ҳолатларда шифокорлар ҳар куни 120 мл дан лимон шарбатини истеъмол қилишни тавсия этадилар. Лимонда мавжуд бўлган табиий С витамини билан тўйинтирилган организмда яралар, лат еган жойлар, суякларнинг синиши тез битади, ошқозон-ичак фаолияти бузилишининг олди олинади, бундай организм сил касаллиги, астения, модда алмашинуви бузилиши каби хасталикларга қарши самарали кураша олади. Лимонли муҳитда стрептококклар, ангина ва бошқа касалликларни келтириб чиқарувчи инфекцияларга қирон келади. Лимондаги С ва Р витаминлари эса одамнинг ишлаш қобилиятини оширади, чарчоқни олади, кўплаб касалликларни тузатиш учун фойдаланилади.

Ўткир гастроэнтероколитда эса чойга озроқ миқдорда лимон солиб ичиш тавсия қилиниши мумкин. Лимон шарбатидан ич кетишини даволашда ҳам фойдаланилади. Ушбу шарбатга бўктириб олинган пахтали қаламчалар билан томоқдаги қизарган ёки йиринглаган жойлар артилади. Лимон шарбати бош оғриғи, невралгия ва шамоллашга қарши дори – «Цитрамон» нинг асосини ташкил қилади.

Зарари ҳам йўқ эмас: Лимонни ҳаддан зиёд кўп истеъмол қилиш ошқозон ва ичакнинг, шунингдек, буйракларнинг шилимшиқ пардаси зўриқишига олиб келиши мумкин. Шунинг учун лимон истеъмоли ошқозон ва ўн икки бармоқли ичак яраси, колит ва ичак яллиғланиши касалликлари билан оғриган инсонларга тавсия қилинмайди. Шунингдек, холецистит, гепатит ва ўткир нефрити бор одамларга ҳам лимон истеъмол қилиш чекланади. Лимонни гастрит ва бошқа шунга ўхшаш ошқозон-ичак касалликлари ҳамда ошқозон ости бези фаолияти бузилганларнинг таомномаларидан чиқариб ташлаш лозим.

Фазилат САЪДУЛЛАЕВА, фармацевт

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.