Мия фаолиятини яхшилайдиган она юрт неъматлари

0
375
марта кўрилган.

Фарзандингиз дудланган, маринадланган, аччиқ, шўр, консерва маҳсулотлари ҳамда ярим тайёр егуликларни хуш кўрадими? Таъм билиш ҳиссига таъсир қилувчи  ушбу неъматлар болада иштаҳасизликни пайдо қилувчи асосий омиллардир. Ушбу маҳсулотлар таркибидаги кимёвий моддалар ва кўп фоизли углевод вақтинча тўқлик ҳиссини юзага келтиради, аммо организм ўзига керакли озуқани олмайди.

Углеводли таом ва егуликларни мунтазам истеъмол қилиш эса семиришга мойилликни, қандли диабетни юзага келтиради. Фарзандларимизга таббий неъматларни истеъмол қилишга ўргатишимиз керак. Булар ҳам арзон ҳам фойдалидир. Масалан, мия фаолиятини яхшилайдиган баъзи она юрт неъматларининг хусусиятлари  ҳақида тушунча берамиз.

Кўкпиёз – асаб тизимига ижобий таъсир кўрсатиб, ақлий фаолиятдан кейинги зўриқишни енгиллаштиради. Қонни суюлтириш хусусияти эса бош мияни кислород билан озиқлантириш имконини беради. Кунига бир-икки банд кўкпиёз истеъмол қилиш кони фойда. Тишларнинг емирилишини ҳам олдини олади.

Сабзи – бош мия озиқланиши учун муҳим бўлган сабзавотлардан бири. Хом сабзини хоҳланг бутунлигича ёки қирғичдан чиқариб, айниқса кексалар ва болалар таомномасига киритиш лозим. Агар қирғичдан чиқарилган сабзи олма билан аралаштирилса, фойдаси икки баробар ортади. Мунтазам сабзи истеъмол қилиш хотирани мустаҳкамлайди. Териларни майинлаштиради.

Анжир – санъат турларига доир тўгаракларга аъзо бўлган болалар анжир мевасини тез-тез тановул қилишлари керак. Негаки ушбу мева қонни суюлтириб, миянинг кислород билан озиқланишини яхшилайди.

Лимон – С витаминига бой бўлган цитрус мева мавсум алмашинуви жараёнида, синовли, имтиҳон олди кунларида лимон чой исътемоли хотира имкониятларини янада оширади.

Карам, қизил лавлаги, исмалоқ – асабий, инжиқ ва тажанг болалар таом­номасида бўлиши шарт! В витаминига бойлиги сабаб карам ва лавлагили салат асаб тизимини тинчлантиради.

Дўлана – кўриш қобилиятини, мия фаолиятини яхшилайди, шунингдек, юрак мушакларини мустаҳкамлайди.

Петрушка – моддалар алмашинувини яхшилайди, иммунитетни мус­таҳкамлаб, кўзни ўткир қилади. Тўғралган петрушкани салатга аралаштириб, тузсиз истеъмол қилган маъқул.

Умуман мева ва сабзавотларни, сабзавотли  суюқ овқатларни тез-тез истеъмол қилиб туриш организмга куч-қувват, иммунитетни кўтаради, қонни суюлтиради, натижада мияни кислород билан таъминлайди.

Шоира БЕКЧАНОВА, тиббиёт фанлари номзоди, олий тоифали врач

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.