МИЯДА ШИШ ВА ЎСМАЛАР ПАЙДО БЎЛИШИГА ЁМОН ЎЙ-ХАЁЛЛАР ҲАМ САБАБ БЎЛИШИ МУМКИНМИ?

0
2086
марта кўрилган.

Тез-тез қайталанувчи томоқ оғриқлари асаб зўриқиши асорати, узоқни хира кўриш, ҳуснбузарлар эса ўзини борича қабул қила олмаслик ёки кучли қўрқув таъсирида авж олади. Киши саломатлигидаги ўзгаришларга ғам-ташвишлар, хафагарчилик, аламзадалик, қўрқув каби психологик омиллар сабаб бўлиши мумкин. Ушбу ҳолат, яъни психосоматика тўғрисидаги  Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати саволларига «Асаб ва руҳият» тиббий-психологик ёрдам маркази директори, профессор Зарифбой Ибодуллаев жавоб беради.

— Илм-фан касаллик руҳий ҳолатга боғлиқлигига нима дейди?

— Илм-фан психологик ҳолатнинг инсон танасига таъсирини инкор этмайди. Аксарият ҳолларда ҳиссиётларимиз, ўй-хаёлларимиз турли хасталикларга туртки бўлиши мумкин. Масалан, муҳим йиғилиш олдидан кўпчилик қаттиқ хаяжонланади. Айниқса, йиғилишда нутқ сўзлаш керак бўлса ёки лойиҳа тақдимоти режа қилинса, ҳис-ҳаяжон икки карра ортади.

Бундай пайтда киши беихтиёр “Гапира олмасам-чи?”, “Уддалай олмасам-чи?..”, дея хавотирга тушади. Натижада онгости санаб ўтилган ҳолатлардан бирини танлайди ва унга мос равишда безовталикларни пайдо қилади.

Мисол учун, ўз-ўзидан томоқ оғриб қолиши мумкин ёки аллергия, ҳуснбузар тошиши кузатилади. Аввалги кунларда соппа-соғ юрган одам нима сабабдан ўзини ёмон ҳис этиши мумкин, сизнинг-ча? Психосоматика ушбу ҳодисани ўй-хаёллар таъсирида юзага келган дейди.

— Кишининг хасталикка чалиниши унинг ўй-хаёллари билан ҳам боғлиқми?

— Шифокорлар психик оғирлиқ қандли диабет, бронхиал астма ва яна бир қанча касалликларни келтириб чиқариши мумкин, деб ҳисоблашади. Шунингдек, одам ўзига-ўзи хасталикни тўқиб чиқариши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас. Баъзан бу ҳақиқий касалликка олиб келади.

Дейлик, бош оғриғидан азият чекаётган одам оғриқсизлантирувчи дорилардан фойдаланса-да, ўзича жиддий патологияларни тахмин қилади: “бошимда ўсма бор бўлса керак”, деб хавотирланади.

Ҳар сафар у шу ҳақда ўйлаганида онгости ахборотни маъқуллайди. Кўп ўтмай, ҳақиқатан ҳам, жиддий безовталик келиб чиқиши мумкин. Тўғри, тиббиётда ўсма касалликлари тамоман бошқа сабаблар билан юзага келади. Аммо психосоматика мутахассислари ушбу ҳодисани инсон ўй-фикрлари билан боғлашади.
Шунинг учун ҳам доимо шифокорлар беморларга яхши нарсаларни ўйлаш, кайфиятни кўтаришни тавсия этади.

— Танадаги оғриқлар ҳам психологияга боғлиқ дейишади, шу тўғрими?

— Инсон танаси нафақат ташқи, балки ички омилларга ҳам ўта таъсирчан мураккаб механизмдир. Психосоматика нуқтаи назаридан ёндашилса, танамиздаги оғриқлар ўз-ўзидан келиб чиқмайди. Бунга инсонинг ҳиссиётлари ҳам таъсир қилиши мумкин.

Масалан, сурункали бош оғриғи кучли зўриқиш, асабийлик, ҳар нарсага қийинчилик билан эришиш, шошқалоқлик, натижадан қониқмаслик ҳиссиётлари сабаб пайдо бўлади. Атрофдагиларга нисбатан аламзадалик, кимнидир кечира олмаслик юки сабаб эса бўйин соҳасида оғриқ бўлиши мумкин. Елка оғирлашиши, бел оғриғи, тизза қотиб қолиши, ҳатто, ангина, аллергия каби хасталикларнинг келиб чиқиши ҳам инсон психологиясига боғланади.

Хусусан, ўзини ёлғиз сезиш, меҳр-эътиборга ташналик, ўз “мен”ига ҳаддан ташқари ишониш, иккиланиш, ўзига нисбатан ишончсизлик каби ҳислар ва ҳолатлар танада юқоридаги оғриқлар пайдо бўлишига сабаб бўлади.

— Қандай ҳислар инсон саломатлигига салбий таъсир қилади?

— Психосоматика назарияси негизини қуйидаги ҳиссиётлар ташкил этади, булар: – ғазаб,  қўрқув, хафа бўлиш,  қизиқиш,  хурсандчилик.

Дастлабки учтаси киши саломатлигига салбий таъсир кўрсатади. Асабийлашганда, бирор кимдан ранжиганда, кучли қўрқувни сезганда юрак соҳасида сиқилиш, нафас етишмаслиги ҳолатлари кузатилади. Бу ҳам сўзимизни исботлайди.

— Психосоматика ёрдамида ҳар қандай касалликни аниқлаш ва даволаш мумкинми?

— Ҳа, қачонки хасталикка аниқ ташхис қўйилса ва физиологик муолажа давомида руҳиятни соғломлаштиришга ҳам эътибор қилинсагина натижага эришса бўлади.

Бу иш билан одатда, тиббий психолог, психоневролог мутахассислар шуғулланишади. Муаммони аниқлаш учун махсус сеанслар ўтказилади. Онгостига яширинган ҳолатлар ўрганилади. Бемор ўз муаммосини тан олса ва уни қабул қилсагина, мутахассис ёрдамида муолажа давом эттирилади. Руҳиятни тетиклаштириш умуман барча касалликларни даволашда ижобий самара беради.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.