Нима учун ҳар куни қатиқ ичиш керак?

0
553
марта кўрилган.

Қатиқ организмга жуда осон сўриладиган маҳсулот. Ушбу неъмат сурункали уйқусизликда шифо бўлади, чарчоқни олади. У уйқу дорисидек таъсир кучига эга бўлгани учун врачлар уни кечаси ётишдан олдин ичишни тавсия қилишади.

Айниқса, ёғсиз кефир енгил ҳазм таъсирига эга. Турли касалликларга тавсия қилинган диеталарнинг ажралмас қисми сифатида ишлатилади.

Қатиқ таркибида кальций ва фосфор дармондорилари мўл бўлиб, суяклар, тишлар ва тирноқларни мустаҳкамлашга ёрдам беради. Юз терисининг тиниқ бўлишини ва мушакларнинг соғломлигини таъминлайди. Яна у ингичка ва йўғон ичакларни ва қон томирларини тозалашда иштирок этади. Холестеринни яъни ортиқча хилтларни йўқотишда организмга кўмаклашади.

Қатиқ таркибида яна A, D1, D2,  В2, С каби 12 дан ортиқ витаминлар ва каротин етарли миқдорда сақланади. Таркибида оқсил, минерал туз ва бир қанча витаминлар мавжуд. Ёш болаларда кўп учрайдиган дисбактериоз ва диареяни даволашда ҳам қатиқдан фойдаланиш мумкин. Шунингдек, у танамизни бир қанча касалликлардан ҳимоялайди. Антибиотик билан даволаниш жараёнида қатиқ ичиш ичак микрофлорасини яхшилаб, организмнинг иммун тизимини мустаҳкамлайди. Ичаклардаги фойдали бактерияларни тиклашда ёрдам беради. Шунингдек, организмнинг зaрарли микроб ва бактерияларга қарши кучини оширади.

Қатиқ ошқозон ва ичаклар фаолиятини яхшилайди. Оғир турдаги меъда хасталиги бўлган беморлар ҳам шифокор гастроэнтеролог маслаҳати билан қатиқ истеъмол қилиши мумкин. Сутнинг ёғлилиги қанчалик юқори бўлса, ундан мазали ва тўйимли қатиқ ҳосил бўлади. Шунингдек, сутнинг меъдада ҳазм бўлиш даражаси 30 фоиз, қатиқнинг сўрилиши эса 90 фоизни ташкил этади. Шунинг учун қатиқни ошқозон-ичак фаолиятини яхшиловчи маҳсулот сифатида ичиш фойдали.

Қатиқ саратоннинг олдини олади. Олимларнинг аниқлашича, доимий равишда қатиқ ичиб юрувчиларнинг танасига саратон хасталиги яқин йўламас экан. Яна болаларда учрайдиган бир қанча инфекцион касалликларнинг олдини олишда, шунингдек, рахит касаллиги, камқонликни даволаш жараёнида, аллергик касалликларда, турли яллиғланиш билан кечувчи хасталикларда ва иштаҳа йўқолганда қатиқ ичиш мақсадга мувофиқ. 

Мактаб ёшигача бўлган болаларга тишларининг соғ­лом ўсиши ва суякларининг бақувват бўлиши учун сут ва қатиқ маҳсулотларини ҳар кунлик овқатланиш тартибига киритиш лозим. Бу эса тишлар саломатлигининг кафолатидир. Бир суткада 0,5 л қатиқ ичиш боланинг соғлом ўсишига ёрдам берар экан.Шифокорлар ҳомиладор аёлларга ҳар куни 1 стакан қатиқ ичишни тавсия этади.

Қатиқ энг яхши парҳез таом. Киши қатиқни қанчалик кўп ичса, шунчалик соғлом бўлади. Бунинг учун ҳафтанинг, ҳеч бўлмаса, бир ёки икки кунини қатиқли парҳез куни сифатида ажратииш мақсадга мувофиқ. Бундай вақтда овқатланиш рационингизда фақат 30-40 г оқсил, сут, қатиқ ва творог, 200-300 г углевод ҳамда 20-30 г ёғ бўлади. Натижада ортиқча вазн ва ёғлардан халос бўласиз, юрак-қон томирларидаги ҳаракат меъёрлашади ва хавфли шишлар сўрила бошлайди. Агар овқатланиш рационингизга мева ҳамда сабзавотларни қўшсангиз, янада самаралироқ натижага эришасиз. Аммо, бу кунлар давомида бир мисқол ҳам туз ва шакар татимаслик керак. Ана шунда қатиқли парҳез туфайли организмингиз микро ва макро элементлар, витамин ҳамда бошқа қувватлантирувчи моддалар билан таъминланиб, токсин, шлак ва инфекциядан халос бўлади. 

Қатиқ климикс даврида энг яхши дармондори. Қувватлантирувчи ва тинчлантирувчи хусусиятга эга бўлгани боис қатиқни климакс ҳамда ҳомиладорликни бошдан кечираётган, ҳайз кўрган ва эмизикли аёлларга тавсия этиш мумкин. Бунинг ўзаро боғлиқлиги шундаки, қатиқ танада модда алмашинувини меъёрлаштиради, организмни темир, фосфор ва кальций билан бойитиши баробарида кўнгил айнишини ҳам йўқотади.

Шоира БЕКЧАНОВА, тиббиёт фанлари номзоди, олий тоифали врач

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.