ОҒИЗ ҲИДЛАНИШИ касаллик белгисими?

0
286
марта кўрилган.

Баъзи одамлар  мулоқот вақтида оғзидан нохуш ҳид келаётганини ўзи  сезиб, ҳижолат бўлади. Ҳаловати йўқолади,  уни  бартараф этишга интилади. Изланади. Дарҳақиқат, оғиз ҳидланиши  хасталикми? Унинг келиб чиқиш сабаблари нималардан иборат?  

 Оғиздан нохуш ҳид келишининг сабаблари кўп. Улардан бири — галитоз ҳолатидир. Айниқса, катта ёшдагиларда галитоз доимий тарзда кузатилади. Стоматологик нуқтаи назардан олиб қарасак, нохуш ҳидга, асосан, тиш тошлари, кариес, тиш чириши, тиш қопламаларининг эскириши ва яхши ўрнатилмаслиги сабаб бўлади. Тиш ва қоплама орасида овқат қолдиқларининг қолиши, милкнинг йирингли касалликлари ва овқат қолдиқларининг йиғилиши бадбўй ҳид келишига замин яратади

Оғизда нохуш ҳид пайдо бўлдими, зудлик билан унинг сабабини аниқлаш ва даво чораларини қўллаш лозим.

Баъзи дориларни ичиш сўлак безларининг касалланишига сабаб бўлади, бунинг оқибатида эса оғиз қуриши юзага келади. Бунда оғиз бўшлиғида сўлак етишмайди, қарабсизки, оғиздан ёқимсиз ҳид анқийди.

Баъзи маҳсулотлар сабаб оғиздан нохуш ҳид келиши ҳам мумкин.  Бунга тановул қилинган озиқ-овқатлар сабаб бўлиши мумкин.

Пиёз, саримсоқ каби кучли ҳидга эга озуқалар истеъмол қилинса, 72 соатгача уларнинг ҳиди инсон нафасида сезилади. Кофе каби ичимликлар ҳам нохуш ҳидларга сабаб бўлади. Шунингдек, тамаки чекиш нохуш ҳид ва оғиз қуришига олиб келади. Ўткир ҳидли неъматлардан кейин  ялпиз ёки укроп кўкатини чайнаш нохуш ҳидни йўқотади.

Бундан ташқари, нонушта қилмаслик, қорин очлигида ҳам вақтинчалик ёмон ҳид кузатилиши мумкин. Аммо бу касаллик жараёни бўлмай, овқатлангач, ўтиб кетади.

Агар оғзингиздан бот-бот нохуш ҳид келаётган бўлса, одатда у бирор хасталикнинг белгиси ҳам бўлиши мумкин. Масалан, ошқозон ва ичак микрофлорасининг бузилиши, қабзият, панкреатит —  ошқозон ости бези фаолиятининг бузилиши, жиғилдон қайнаши, меъда яллиғланиши каби дардларда ҳам бад ҳид келиши мумкин.

Ичак микрофлораси бузилса, овқат ҳазми қийинлашади. Оқибатда таомдан пайдо бўлувчи бадбўй ҳид ичак йўллари орқали оғиздан кела бошлайди.

Муаммонинг яна бир сабаби — ошқозон ости бези фаолиятининг бузилиши. Ошқозон ости бези таомнинг ҳазм бўлишида катта аҳамиятга эга. Безнинг яхши ишламаслиги қабзиятга, ичаклар фаолиятининг бузилишига сабаб бўлади. Бу эса ўз ўрнида оғизда ёмон ҳид пайдо қилади.

Аммо шуни ҳам унутмаслик керакки, патологик ҳолат билан боғлиқ ҳидлар бир-биридан фарқ қилади. Тажрибали шифокор панкреатит билан боғлиқ ҳид ва тиш касалликларида пайдо бўлувчи ҳидни фарқлай олади. Бу ҳолатни ташхис қўйишда касаллик белгиси сифатида ишлатади.

Жиғилдон қайнашининг олдини олиш учун таом таркибига аҳамият бериш керак: ҳар хил овқатларни аралаштириб емаслик, таомни ширин ичимликлар билан эмас, оддий қайноқ сув билан истеъмол қилиш ва ёғли овқатлардан олдин ширинлик емаслик, очликни ҳис қилгачгина таомланиш лозим. Овқат ҳазми ёмонлашса, таомни кўкатлар, карамли салат, қатиқ билан ёки кам миқдорда олма сиркаси билан истеъмол қилиш тавсия этилади.

Хом сабзавот ва мевалар нафақат ҳазмни осонлаштиради, балки ичак микрофлорасини ҳам тиклаш хусусиятига эга. Шунинг учун овқатлар билан салатлар исътемоли кони фойдадир. Тушликдан кейин 15 дақиқа  тоза ҳавода сайр қилиш мақсадга мувофиқ. Агар сизда овқатланиш тартиби, ич келиши бир меъёрда бўлса, ҳазми таом билан боғлиқ безовталик кузатилмаса, демак, оғиздаги ёмон ҳиднинг сабаби бошқа аъзоларга боғлиқ.

Агар бемор вақтида шифокорга мурожаат қилса, тиш тошлари терилиб, муаммо осон ҳал этилади. Баъзан шифокорнинг тажрибасизлиги оқибатида касалланган тиш тўлиқ даволанмай, қоплама ўрнатилади. Бу эса вақт ўтиши билан қоплама тагидаги тишнинг чириши ва ҳидланишига сабаб бўлади.

Оғиз бўшлиғида ҳид бўлмаслиги учун тишларни вақти-вақти билан тузли сувда чайиб туриш керак. Намакобни оғизда бир неча дақиқа ушлаб туриш унинг самарасини янада оширади. Бундан ташқари, мойчечак буғига оғизни тутиш ва ушбу дамлама билан тишларни чайиш ҳам оғиз бўшлиғи яллиғланишининг олдини олади. Энг муҳими, бир кунда икки маҳал яъни  овқатлангач,  тишларни ювишни одат қилинг.

Фазилат САЪДУЛЛАЕВА тайёрлади.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.