Она юрт неъмати – шифобахш анор

0
1300
марта кўрилган.

Халқимиз томонидан севиб исътемол қилинадиган она юрт неъмати –  анор қадимдан табобатда  кенг қўлланилган. Турли касалликларни  даволаш мақсадида унинг меваси, пўсти билан бирга дарахтнинг навдаси, пўстлоғи ҳам ишлатилади.

Анор пўстлоғи таркибида алкалоидлар, ошловчи моддалар, қатрон, бўёқ ва бошқа бирикмалар, мева пўстида ҳам кўп миқдорда витаминлар ва ошловчи моддалар бор. Анор меваси таркибида эса органик кислоталар, 21фоизгача қандлар, витамин С ва бошқа бирикмалар мавжуд. Тиббиётда ишлатиш учун мева пўстлоғидан танин ва мева шарбатидан лимон кислота олинади

Аллома Абу Али ибн Сино анор пўстини қон тупирганда, милк қонаганда, меъда касалликлари –  ич кетиш, қон аралаш ич кетишда, сийдик ҳайдаш, тиш-милкни мустаҳкамлашда, яраларни ва бошқа касалликларни даволашда ишлатган.

Халқ табобатида анор дарахти пўстлоғи, меваси, мева пўсти ва гули истисқо (водянка), қўтир, йўтал, ич кетиши, дизентерия, сариқ касалликларида ҳамда қон тўхтатувчи, сийдик  ва гижжа ҳайдовчи дори сифатида ишлатилади.

Анор шарбати цинга касаллигида буюрилади ва иштаҳа очиш учун ҳам ичилади.

Мева пўстлоғидан қайнатма тайёрлаш: қопқоқли идишга бир стакан сувга бир чой қошиқ пўстлоғидан солиб қайнатилади ва овқатдан олдин бир ош қошиқдан ичилади. Мева пўстлоғининг кукунига сарёғ ёки мол ёғи билан аралаштириб суртилса, теридаги йирингли яраларни тузатишга ёрдам беради. Мева пўстлоғидан тайёрланган қайнатма эса оғиз бўшлиғининг яллиғланишида ҳам даво бўлади.

Анор, олма, беҳи, лимон, ошқовоқ, нилуфар ва кашнич тенг миқдорда аралаштирилиб қайнатилади, унинг қуюқ шарбатига асал қўшиб истеъмол қилинса, сафро қусиш, кўнгил айниши ва тинка қуришидан қутилиш мумкин.

Шоира Бекчанова, тиббиёт фанлари номзоди, олий тоифали врач

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.