Остеохондроз белгилари ва даволаш

0
209
марта кўрилган.

Остеохондроз – умуртқа поғонаси касаллиги. Халқимиз уни бўғимлар орасига туз йиғилиши деб ҳам атайди. Умуртқалараро дискларнинг деформацияси (шакл ўзгариши), қисқариши, эластиклик хусусиятининг камайиши сабабли касаллик  юзага келади. Касаллик, асосан, бўйин, кўкрак, бел ва думғаза суякларида кузатилади. 

Сабаблари.  Умуртқа поғонаси орасидаги умуртқалараро дисклар суякнинг эгилувчанлиги, ҳаракатланиши ва амортизациясини таъминлайди. Остеохондроз ўрта ёшдан ошган кишиларда кўп учрайди. Одам қариган сайин остеохондроз билан касалланиш кўпайиб бораверади. Жисмоний машқлар ва спорт билан шуғулланмайдиганлар  эса остеохондроз дардига кўпроқ мойил бўлишади.
Белгилари. Остеохондроз, кўпинча, оғриқлар билан намоён бўлади. Бел-думғаза соҳаси остеохондрозида белда ўтирганда-турганда, эгилганда ҳам оғриқ пайдо бўлаверади, улар санчувчи, куйдирувчи ва ачиштирувчи хусусиятга эга. Ушбу оғриқлар оёқнинг орқа-ён юзаси бўйлаб тарқалади. Баъзи беморларнинг бели қийшайиб қолади.
Бўйин умуртқалари остеохондрозида оғриқлар бўйин-энса соҳасида пайдо бўлиб, елка ва қўлларга тарқайди. Бемор бўйнини турли томонларга бурганда, елкаси ёки қўлларини кўтарганда оғриқлар пайдо бўлади ёки кучаяди. Бўйин умуртқалари остеохондрози кучлироқ намоён бўлса, бош мия томон йўналган қон томирлар эзилиб, бош айланишлар ва чайқалиб юришларни юзага келтириши мумкин.

Остеохондроз диск чуррасига олиб келадими деб сўрашади. Умуман олганда, диск чуррасининг асосий сабабчиси – бу остеохондроз. Бироқ негадир оддий остеохондрозни диск чурраси деб даволаш ҳолатлари кўп учрамоқда. Бундай ташхислардан аксарият беморлар хавотирга тушмоқда, баъзилари эса операция йўлини танлашмоқда. Белдаги оддий радикулит ёки остеохондроз сабабли пайдо бўлган оғриқларни дарров диск чурраси билан боғлаш керак эмас. МРТда аниқланган кичик ҳажмдаги диск чурралари ҳам хавфли эмас. Бемор сузишга қатнаса, умуртқани чиниқтирувчи махсус машқларни бажарса, текис ва равон жойда ётса, турникда тортилиб турса, бу ҳолатлар тез ўтиб кетади. Оғриқ кучсиз бўлса – радикулит, кучли бўлса – диск чурраси деб ҳисоблаш ҳам нотўғри. Чунки. белни букчайтириб қўювчи кучли оғриқлар радикулит ва остеохондрозда ҳам учрайди.

Ташхис. Остеохондроз ташхиси рентген орқали бемалол қўйилади. Агар диск чуррасига гумон қилинсагина, КТ ёки МРТ текшируви ўтказилади.
Негадир рентген текширувига келувчилар сони камайиб, КТ ва МРТ текширувига келувчилар сони ортиб бормоқда. Аслида акси бўлиши керак. Чунки, диск чурраси умуртқа остеохондрозига қараганда жуда кам учрайди. Ваҳоланки, остеохондроз КТ ва МРТга қараганда рентгенда жуда яхши аниқланади. Буни ҳамма врачлар билишади. Шундай экан, беморлар врач кўрсатмасига қулоқ тутиши ва қиммат текширувларга ружу қўймасликлари керак.

Даволаш. Шуни унутмангки, остеохондрозни дори-дармонлар билан эмас, балки. Врач назорати остида  турли хил машқлар, физио­терапевтик муолажалар орқали бемалол даволаш мумкин.

Солийжон БЕКЧАНОВ, тиббиёт фанлари доктори

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.