Ўт пуфаги касаллигини даволашда халқона дамламалар

0
3401
марта кўрилган.

Маъданли сув. Ўт пуфагини маъданли сув билан ҳам даволаш мумкин. Фақат қайси муолажа сизга тўғри келиши борасида шифокорингиз билан маслаҳатлашинг. Муолажа учун ҳар овқатланишдан 15 дақиқа аввал ярим стакан маъданли сув ичинг. Муолажа даври – 1 ой. Ярим йил танаффусдан кейин муолажани такрорлаш мумкин.

Маккажўхори попуги тиндирмаси ҳам даволанишда яхши самара беради. Уни тайёрлаш учун чойнакка 4 ош қошиқ макка попуги солиниб, қайноқ сувда дамлаб, тиндирилади. 2 пиёладан кунига 3 марта овқатдан ярим соат олдин ичилади.

Сабзи шарбати овқатдан олдин 1 стакандан ичилса, ўт суюқлиги равонлашади.

Шивит уруғи қайнатмаси ўт тошининг олдини олиш ва ўтдаги чўкиндиларни ҳайдашда ёрдам беради. Қайнатма тайёрлашда 2 ош қошиқ шивит уруғига 2 стакан қайнаган сув солиб, паст оловда 15 дақиқа қайнатилади. Кейин совитилиб, докадан ўтказилади ва 0,5 стакандан илиқ ҳолда кунига 4 марта ичилади. Даволаниш муддати — 2-3 ҳафта.

Йиғма чойни ичишдан олдин ҳар сафар оч қоринга қирғичдан чиқарилган сабзи ва сметана ёки сабзи ва ўсимлик мойи қўшилган бўтқа, ё бўлмаса димланган қовоқни асал қўшиб истеъмол қилиш керак.

Қизилпойча (зверобой). Ушбу гиёҳдан 1 чой қошиқ ярим литр қайнаган сувда дамланади. Бир соат тиндириб, докадан сузиб олинади ва  ҳар овқатлангач,  ярим стакандан ичилади. Муолажа курси 15 кун. Кейин 15 кун танаффус қилинади.

Бўзноч (бессмертник)ни ҳам худди қизилпойча каби дамлаб, 15 кун мобайнида ичилади. 10 кун танаффусдан сўнг муолажа 2-3 маротаба такрорланади. Дамламаларнинг аччиғини кесиш учун унга ярим чой қошиқ асал қўшиш мумкин.

Ялпиз. Қуритилган ялпиз (мята) ва мойчечак (ромашка) 1 пиёладан аралаштирилади. Аралашмадан бир ош қошиқ олиб, ярим литр қайнаган сувда дамланади. Икки соат тиндирилгач, овқатланишдан 20 дақиқа аввал ярим стакандан қабул қилинади. Муолажа даври – 1 ой.

Қирққулоқ (папоротник) сафро ҳайдовчи хусусиятга эга. Гиёҳнинг 2 ош қошиғи ярим литр қайнаган сувда дамланади ва паст оловга қўйилади. Солинган сувнинг ярми қолгунга қадар қайнатилади. Кунига 3-4 маҳал овқатланишдан 30 дақиқа аввал 70-100 гр.дан қабул қилинади. Бу дамлама ўт пуфагида йиғилиб қолган сафрони ҳайдашга ёрдам беради.

Қончўп (чистотел) ҳам ўт пуфаги ва жигарни тозалайди. 2 ош қошиқ қончўп 2 стакан қайнаган сувда дамланади ва 6 соат тиндирилади. Эрталаб оч қоринга ва уйқуга ётишдан аввал бу дамламадан 150-200 гр. ичилади.

Баъзан фитотерапия муолажаларидан кейин беморларнинг ўнг қовурғаси остида оғриқ кузатилиши мумкин. Бу майда тошлар силжиб, ўт йўлларидан ташқарига чиқаётганини билдиради.

Тавсияларни қўллашдан олдин шифокор билан маслаҳатлашиб,  қай бири сизга фойда беришини тушиниб олинг. Зеро, ҳар бир организм ўзига хос бўлиб, ёндош касалликлар борлигини ҳам эътиборга олинг.

Шоира БЕКЧАНОВА, тиббиёт фанлари номзоди, олий тоифали врач

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.