Ўзбекистон Республикаси 660 минг доза AstraZeneca вакцинасини олди

0
99
марта кўрилган.

Шу муносабат билан АОКАда “Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ вазият, вакцинация жараёнларига тайёргарлик” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Вакциналар ва иммунизация бўйича глобал алянс (GAVI), Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ), COVID-19 эпидемияси учун тайёргарлик бўйича инновациялар коалициясининг (CEPI) глобал ҳамкори бўлган CОVAХ орқали етказиб берилган 660 минг доза AstraZeneca вакцинасини олди. 660 минг дозани етказиб бериш CОVAХ дастури бўйича Ўзбекистонга ажратилган 2 миллион 256 минг дозадан иборат биринчи юк ҳисобланади. Қолган вакциналар яқин ойларда етказиб берилади.

CОVAХнинг 190 та мамлакат қатнашчилари 2021 йилнинг биринчи ярмида аҳолининг хавф гуруҳига кирувчи қатламларини ҳимоя қилиш учун вакцина дозаларини олиш имкониятига эга бўлади. Донорлик томонидан молиялаштирилган камида 1,3 миллиард доза 92 мамлакатга CОVAХ доирасида тарқатилади.

Матбуот анжуманида ЖССТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари доктор Лианн Куппенс шундай деди:

— ЖССТ COVID-19 га қарши AstraZeneca/Oxford вакцинасини фавқулодда ишлатиш мумкин бўлган вакциналар рўйхатига киритгани уни COVAX орқали глобал миқёсда тарқатишга имкон берди. Ўзбекистон AstraZeneca вакцинасини тадбиқ этадиган 49-мамлакат бўлди. Вакциналарнинг сифати, хавфсизлиги ва самарадорлигини таъминлаш ЖССТнинг энг муҳим устувор йўналишдаридан биридир: вакциналарнинг сифати, хавфсизлиги ва самарадорлигини баҳолаш учун глобал меъёрлар ва стандатларни ишлаб чиқиш мақсадида маҳаллий ҳокимият органлари билан яқиндан ҳамкорлик қиламиз.

Бугун бутун дунё бўйича коронавирусга қарши 256 та вакцина рўйхатга олинган. ЖССТга улардан 15 нафарини фавқулодда қўллаш бўйича ариза топширилган. Шулардан 13 тасини фавқулодда қўллаш рўйхатига киритилган. Фавқулодда қўллашга тавсия қилиш жаҳон бўйича тан олинган малакали мутахассислар иштирокида муҳокама қилиниб, уларнинг хулосасига кўра амалга оширилади.

Бугунги кунда коронавируснинг янгидан янги штаммлари аниқланмоқда. Вакциналарнинг вируснинг турли штаммларига таъсири ҳақида гапирганда айтиш мумкинки, коронавирус мутацияга учраб боргани сари вакциналарни ҳам ўзгартириб, такомиллаштириб бориш имконияти бор.

Бирор штамм учун алоҳида вакцина яратиш ёки боридан воз кечиш шарт эмас.

Анжуман иштирокчиси ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде сўзи:

— COVAX орқали глобал миқёсда 28 миллион доза вакцина тарқатилди. Бугун Ўзбекистонга “COVID-19”га қарши вакцина келтирилганлиги бутун дунёда вакциналарни одилона тақсимлашга эришиш йўлидаги тарихий қадам дейиш мумкин. Уларга тенг ва одилона эга бўлиш пандемияни тўхтатишда ўта муҳим, шу боис вакциналарга ҳамма эга бўлишини таъминлашимиз зарур.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўринбосари — Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати раҳбари Баҳодир Юсупалиев фикри:

— Ҳар бир вакцина тегишли 3 босқичли синовлардан муваффақиятли ўтганидан сўнггина қўллашга тавсия этилади. AstraZeneca/Oxford вакцинаси ҳам тегишли синовлардан ўтган ва ЖССТ ҳам уни фавқулодда қўллаш бўйича тавсия қилган. Биз бир вакцинани маъқуллаб, бошқасини рад этиш фикридан йироқмиз.

Хабарингиз бор, биз фақат AstraZeneca/Oxford вакцинасинигина эмас, бошқа вакциналардан ҳам фойдаланишни режалаштирганмиз. “Спутник V” вакцинасидан 1 миллион доза олиб келиш тўғрисида музокаралар олиб борилмоқда. Бундан ташқари, Ўзбекистон ва Хитой ҳамкорлигида яратилган ZF-UZ-VAC2001 вакцинамиз ҳам бор.Шунингдек, Хитой вакцинасини олиб келиш бўйича ҳам музокара олиб борилмоқда.

Биз фуқароларимизни бирор вакцинани олишга мажбурламаймиз. Улар истаган вакцинаси билан эмланиши мумкин.

 “Astra Zeneca” (рекомбинант вакцина) билан Европа Иттифоқи ва Буюк Британияда аллақачон 17 миллион киши эмланган. Улар орасида зарарли таъсир қилган деб баҳоланган ҳолатлар миллиондан биттани ташкил қилади.

Дунёда бирор вакцинанинг қўллашдан тўхтатиб турилгани унинг бутунлай зарарли деган хулосага олиб келмайди. Шунчаки ҳозирда унинг таъсирлари борасида чуқур ўрганишлар олиб борилмоқда.

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати раҳбари ўринбосари Нурмат Атабеков:

— Одамлар орасида вакцинация жараёнларига ундаш учун атайлаб касаллик кўпайишини бўрттириб кўрсатишга уриниляпти, деган миш-мишлар учраб турибди. Бунда мантиқ йўқ, чунки касалланиш ҳолатлари асосан болалар орасида ошмоқда. Биз эса вакцинани 18 ёшдан катталарга тавсия қиляпмиз.Карантин чоралари қатъийлаштирилганига одамларнинг ҳаддан ортиқ хотиржамликка берилгани сабаб бўлаяпти десак, адолатдан бўларди. Вақти келиб, болаларни ҳимоя қилиш чоралари ишлаб чиқилиши ҳам мумкин.

Шунингдек, Нурмат Атабеков интернет тармоқларида тарқалган Зангиотадаги юқумли касалликлар шифохонасида вафот этиб, расмий статистикада акс этмаган бемор масаласига ҳам ойдинлик киритиб ўтди. Мутахассиснинг фикрича, бемор шифохонага олиб борилишидан олдин унда вирус тасдиқланган. Аммо шифохонадаги махсус лаборатор текширувида манфий натижа қайд этилган. Шу сабаб ҳам расмий статистикага киритилмаган. Ҳозирда патологоанатом хулосаси кутилмоқда.

Маҳаллий ва хорижий журналистлар иштирокида ўтган матбуот анжумани ниҳоясида журналистлар мутахассислардан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.