Ўзбекистонда кишилар ўртача умр кўриш давомийлиги 1990 йилдаги 67 ёшдан 2018 — йилда 74 ёшга узайган

0
1307
марта кўрилган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, бугунги тараққиёт туфайли инсоният ҳаёт тарзида камҳаракатлиликка одатланаётгани кўплаб тиббий-ижтимоий муаммоларга сабаб бўлмоқда. Дунё миқёсида қайд этилаётган ўлим ҳолатининг ҳар тўртдан бирига айнан шу омил сабаб бўлмоқда. Масалан, сут бези ва йўғон ичак саратони, қандли диабет, юрак ишемик касалликлари юзага келишининг 25-30 фоизига ана шу жиҳат жиддий туртки бўлади.

Бундай муаммонинг олдини олиш ҳар бир инсоннинг ўз қўлида. Тўғри, бугунги тиғиз иш куни соатлаб спорт машғулотлари бажаришга имкон бермаслиги мумкин. Бироқ, ҳеч бўлмаганда кунда-кунора 20-30 дақиқалик жисмоний машқларни бажариш, кунига 1-2 километр пиёда юриш учун ҳаммада имкон топилади. Шифокорларнинг айтишича, ана шу озгина ҳаракат ҳам организмни кислородга тўйинтириш, модда алмашинувини яхшилашда ижобий натижа беради. Бундай кун тартибига одатланган инсон хафақон, инфаркт, инсульт, саратон каби оғир касалликлардан ўзини ҳимоялайди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, мамлакатимизда аҳолига тиббий-профилактика ва патронаж ёрдамини кўрсатиш, оналар ва болалар саломатлигини муҳофазалаш, кишилар орасида соғлом турмуш тарзини ва жисмоний фаолликни тарғиб этиш билан боғлиқ оммавий тадбирлар натижасида фуқароларимизнинг ўртача умр кўриш давомийлиги 1990 йилдаги 67 ёшдан 2018 — йилда 74 ёшга узайди.

Гонк Конг, Япония, Швецария, Сингапур каби давлатлар аҳолиси дунёда энг кўп умр кўрувчилар сирасига кириб, мазкур давлатларда ўртача умр кўриш давомийлиги 84 ёш саналади.

 

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.