ПАКАНАЛИК САБАБЛАРИ ва БЎЙ ЎСТИРИШНИНГ ДАВОЛАРИ

7
3462
марта кўрилган.

Айрим ўсмирлар тенгқурларидан бўйи пастлигидан уялади. Бундай вазиятда боланинг руҳий ҳолатида ўзгариш, сиқилиш, асабийлашиш, тушкунликка тушиш рўй беради, оқибатда эса, бошқа жиддий касалликлар ҳам келиб чиқиши мумкин. Хўш, боланинг бўйи ўсмай қолишига нима сабаб бўлади? Бундай ҳолатда қандай йўл тутиш керак? ССВ Матбуот хизматининг ушбу саволларига тиббиёт фанлари номзоди Насиба Алимова жавоб берди.

— Бўй ўсиши нимага боғлиқ, агар боланинг ўсмаётганини билиб қолсак кимга мурожаат қилиш керак?

— Инсон бўйининг ўсиши гипофиз бези ишлаб чиқарадиган гормонга боғлиқ. У инсон аъзо ва тўқималарида оқсил ҳосил бўлишини тезлаштиради. Шу билан бирга, агар организм кучсиз аҳволда бўлса, у шунчаки ўсишдан тўхтайди.

Демак, болангизнинг ўсмаётганини сездингизми, биринчи галда шифокор-эндокринологга учраб, уни тўлақонли текширувдан ўтказишингиз керак. Шифокор УТТ ҳамда қонда гормонлар нисбатини аниқлайди, шунингдек, рентгенография ёрдамида билак суякларини текширилади. Бу текширув боланинг суяклари ўсиш ҳудудидами ёки йўқми, билиш учун зарур.

Агар фарзандингизнинг бўйидан хавотирда бўлсангиз, шубҳа-гумонларингизга аниқлик киритиш мақсадида бир неча текширувлар жоиз. Булар: боланинг бўйи ва вазни ўлчами, бош соҳасининг томография текшируви, қўл кафти рентгени, қондаги гормон миқдори, жигар фаолияти, гижжалар текшируви ҳамда генетик хасталикка гумон қилинганида генетик мутахассис томонидан алоҳида қон таҳлили олинади.

— Бўй ўсмай қолишига нима сабаб бўлади?

— Бола бўйи ўсмаслигининг қатор сабаб ва омиллари мавжуд. Юқорида келтирилган таҳлилларда бу аниқланади. Биринчи навбатда, ўсишдан тўхташ ирсият билан боғлиқ бўлиши мумкин. Боланинг меъёрий ўсишида 100 та ген муҳим роль ўйнайди.

Бўйи паст ота-онадан туғилган боланинг узун бўйли бўлиши кам кузатилади. Бўй ўсишига организмдаги айрим гормонларнинг кўп ёки камлиги ҳам таъсир қилади. Қалқонсимон ва буйрак усти безларида етиладиган гормонлар ўсиш гормонлари дейилади. Шу боис эндокрин тизимдаги турли издан чиқишлар бўй ўсишидаги патологияларга олиб келади.

Баъзида буйрак, юрак, ўпка ва ҳазм аъзоларидаги сурункали касалликлар ҳам бўй ўсишини тўхтатади. Бошқа сурункали касалликлар тонзиллит(ангина), холецистит(ўт қопи яллиғланиши) одатда бўй ўсишига салбий таъсир қилмайди. Аммо бундай ҳолларда иштаҳа йўқолади, бу эса бўй ўсишини пасайтиради.

Агар болада паразитлар бўлса ҳам бўй ўсишида муаммолар туғилади. Шунинг учун ички организм фаолияти нормал йўлга қўйилса, бўй ўсишда давом этади.

— Кўп ухлаган боланинг бўйи узун бўлади дейишади, шу тўғрими?

— Ўсиш гормонлари бола ухлаганда ишлаб чиқарилади. Демак, меъёрида ухлаган бола яхши ўсади ва ривожланади.

Шунингдек, болага меҳр етишмаслиги унда ўсиш гормонлари ишлаб чиқарилишига салбий таъсир кўрсатади. Шу сабабли Меҳрибонлик уйларидаги 5 ёшгача бўлган болаларда кўпинча бўй ўсишидан ортда қолиш кўпроқ кузатилади. Ота-оналар ҳам бола руҳиятига эътибор қаратиши лозим.

— Суяк ёши нима дегани?

— Тиббиётда ҳар бир одам организмининг паспорт ёши ва суяк ёши деган тушунча бор. Қўл кафти рентген текшируви ўтказилганида суяклар сонига кўра cуяк ёши аниқланади. Меъёрда паспорт ёши суяк ёши билан тенг бўлиши лозим. Суяк ёши бир йилда бир маротаба назорат килиниши керак. Ўсиш жараёнига қараб ўсиш гармонини давом этириш ёки тўхтатиш тавсия қилинади.

Бўй ўсишининг ортда қолиши шу каби текширувларда кўринади. Масалан, боланинг паспорт ёши 10, суяк ёши эса 3 ёшга мос келади. Фарқи: 7 ёш бўлаяпти.

— Бўйни ўстиришда қўлланиладиган гормон терапия муолажаси қандай?

— Замонавий тиббиётда рентген ва гормонал текширувлар орқали бўй ўстиришда ташхис аниқ бўлгач, гормон терапия муолажаси қилинади.

Муолажа икки усулда: узлуксиз ва муддатли кўринишда бўлади. Даволаниш жараёнида бола ўз вақтида кўрикдан ўтказиб турилиб, ўсиш доиралари беркилиб қолмаётгани назорат қилинади.

Шунингдек, гормон препаратларини ўз вақтида белгиланган тартибда қабул қилиш ҳам асосий шартлардан бири. Агар билиб-билмай бўй ўстирувчи гормондан фойдаланилса, ножўя таъсири кузатилиши мумкин. Шу боис ҳам мутахассис билан бамаслаҳат керакли муолажа олиниши лозим. Икки ёки уч ойда тўхтатиб қўйилса, ҳеч қандай наф бўлмайди. Бу жараённи эртароқ бошлаган маъқул. Балоғат ёшидан кейин бўй ўстириш муолажаси таъсир қилмаслиги тиббиётда кўп кузатилган.

— Уй шароитида болаларимизнинг бўйи нормал ўсиши учун нима қилишимиз керак?

— Фарзандингизнинг бўйи меъёрида бўлиши учун спорт машқларига эътибор қаратинг. Сакраш, турникда осилиш, волейбол, баскетбол, сузиш каби  спорт турларига жалб қилинг. Бола жисмоний фаоллик билан банд бўлса, унда очлик ҳисси пайдо бўлади. Бу эса ўсиш гормони кўпроқ ишлаб чиқилишини таъминлайди.

Таомнома оқсилга бой маҳсулотлар, сут-қатиқ, гўшт, тухум, кўкатлар ҳамда дуккакли маҳсулотларга бой бўлса, бўй билан боғлиқ муаммолар кўп безовта қилмайди. Шуни унутмангки, ҳар қандай касалликнинг олдини олишнинг биринчи талаби бу соғлом турмуш тарзига амал қилишдир.

Ёйиш

7 Мулоҳаза

  1. Ассалому алайкум ҳурматли Насиба Алимова! ПАКАНАЛИК САБАБЛАРИ ва БЎЙ ЎСТИРИШНИНГ ДАВОЛАРИ мавзусидаги маслахатларингиз учун ўзимни миннатдорчилигимни билдираман! Сиз билан боғланиш учун тел ёки эл манзилларингизни беришингизни илтимос қиламан, олдиндан рахмат!

    • Асалому алайкум Насиба Алимова сизга саволим бор,мени фарзандим 14еш буйи 120см даволаса буладими?

  2. Assalomu alaykum. Man shu masalada shifokor zarur, oʻgʻlim 10 yoshga kiradi, lekin boʻyi past va oʻzgʻin. Nima qilsam tengdoshlariga yetkazib olsam boʻladi?

    • Оилангизга хизмат қиладиган поликлиникадаги эндикринологга учрашинг. Унинг сизга йўл-йўриқ кўрсатиши вазифасига киради.

  3. Mening ismim Anvarjonov Behruzbek men 14yoshdaman lekin boʻyim juda past 1.48sm doʻstlarimni oldida juda boʻyim pastligi bilinarli darajada seziladi shunga menga yordam bera olasizmi

    • Ўғлим Беҳрузбек. Аввало сиз участка врачига учрашинг. У сизни эндекринолог врачга йўллайди. Барча анализ яъни қон таҳлилларини кўргандан кейин бир хулосага келади. Таҳлилларсиз бирор гапни айтиб бўлмайди. Саломат бўлинг. Баъзи болаларнинг бўйи кечроқ ўсади. Зора шундай бўлса. Эзгу тилаклар билан Раъно опангиз

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.