Пандемия даврида гипертония ва унинг асоратлари

0
418
марта кўрилган.

Тиббиёт фанлари номзоди Шоира Бекчанова билан пандемия даврида гипертония ва унинг асоратлари хусусида суҳбатлашдик.

– Коронавирус пандемияси даврида covid-19  асосан ёши улуғларда оғир кечяпти.  Болаларда, ёшларда енгил ўтяпти.  Сабаби нимада?

– Чунки,  ёши улуғларнинг  йиллар давомида орттирилган касалликлари covid-19  билан уйғунлашиб кетяпти.

Масалан, гипертония касаллигини олайлик.  Гипертония касаллиги – бу артериал босимнинг турғун баланд бўлиб,  юқори чегараси мунтазам 140 мм симоб устуни ва пастки қисми эса 90 мм симоб устунидан баланд бўлишидир. Ҳозирги кунда ушбу хасталик жаҳонда барча касалликлар ичида биринчи ўринда туради.

Бемор ўз вақтида даволанмаса ёки нотўғри даволанса жуда оғир асоратларга сабаб бўлади. Унинг асоратларидан бири – миокард инфаркти бўлиб, юрак соҳасидаги кучли оғриқлар, юракнинг тез-тез уриб кетиши, кучли ҳолсизлик, совуқ тер босиши каби ҳолатлар билан намоён бўлади. Миокард инфарктининг асорати  эса ногиронликдир.

 Қон босимининг кескин кўтарилиб кетишидан келиб чиқадиган касалликлардан яна бири – инсульт  бўлиб,  мияда қон айланишининг ўткир бузилиши ёки мияга қон қуйилишидир. Хасталикнинг белгилари тана ярмининг ёки  қўл-оёқларнинг ишламай қолишидир. Нутқнинг бузилиши, бошда кучли оғриқ бўлиши шунингдек, хасталик бошнинг айланиши билан кузатилади.

Юрак етишмовчилиги ҳам қон босимининг асоратларидан бўлиб, касаллик беморда ҳансираш, тез чарчаш, оёқларда шиш пайдо бўлиши билан кечади.

Агар беморлар қон босимини доим назорат қилиб турса, ушбу асоратлар кузатилмайди. Қон босимининг юқориги чегараси 120 мм симоб устуни, пастки қисми 80 мм симоб усунидан ошмаслиги керак.

Гипертония касаллигига учрамаслик учун доимо тана вазнининг ошиб кетмаслигига ҳаракат қилиш керак. Ҳайвон ёғларини кам истеъмол қилиш мақсадга муофиқ.  Дуккакли маҳсулотларни, сабзавотларни, меваларни кўпроқ истеъмол қилиш соғлиқ учун фойдалидир. Спиртли ичимликлар,  тамаки маҳсулотларини чекиш таъқиқланади. Спорт билан мунтазам шуғулланиш эса кони фойда.

Энг асосийси соғлом турмуш тарзига риоя қилиш яъни тўғри овқатланиш, ўз вақтида дам олиш ва бадантарбия машқлари билан мунтазам шуғулланиш лозим.

Раъно ЗАРИПОВА тайёрлади.

Таҳририятдан: Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди  гранти асосида уюштирилди. 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.