Пандемия даврида лифтдан фойдаланишнинг ўзига хос хусусиятлари

0
81
марта кўрилган.

Президент Шавкат Мирзиёев хорижда меҳнат қилаётган Ўзбекистон фуқароларига муносиб шарт-шароитлар яратиш ва улар билан тизимли ишлаш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор аввалида мамлакатимизда пандемия билан боғлиқ вазият таҳлил қилинди.

Жумладан, июль ва август ойларида коронавирусга қарши кураш бўйича ишлар кескин кучайтирилгани натижасида унга чалинганларга нисбатан соғайганлар сони анча ортгани қайд этилди. Хусусан, охирги 5 кунда тузалиб чиққанлар улуши 77 фоиздан 87 фоизга ошди. Даволанаётганлар сони 7 минг нафардан 4 мингтага тушди. Бунинг ортида, албатта, шифокорларимизнинг машаққатли меҳнати ётганлигини таъкидлади.

Яқин кунларда Россиядан қирққа яқин, Хитойдан ўн нафар юқори малакали мутахассислар етиб келгани, уларни ҳудудларга тақсимлаб, жойларда беморларни энг самарали усуллар билан даволаш ва маҳаллий шифокорларнинг малакасини ошириш ишлари ташкил қилинишини қайд этди. 

Карантин талаблари юмшатилгани туфайли  энди аҳоли жамоат жойларида кўпроқ бўлиши сабабли COVID-19 тарқалиши хавфи сезиларли даражада ошиши мумкинлигини ҳам эслатиб ўтди. Шу боис, “Темир интизом” ҳаммамиз учун энг биринчи масала бўлиб қолиши кераклигини таъкидлади. Дарҳақиқат, бундан кейин ҳар биримиз ўзимизга оиламизга, қўни*қўшниларимизга масъулмиз. 

Пандемия даврида аҳоли алоҳида эътибор қилиши лозим бўлган вазифалардан бири бу – лифтдан фойдаланиш  тартибини  билиб олишлари лозимлигидир. Бу кўпчиликни қизиқтириши таҳририятимизга келган мурожаатлардан ҳам сезилмоқда.

Кўп қаватли бинода яшовчилар лифтдан кунига бир неча марта  фойдаланишади. Қўшнилардан бирида касаллик аниқланса, улар ҳам лифтдан фойдаланишади, ундай пайтларда нима қилиш керак?

Мутахассисларнинг таъкидлашича, вирус турли хил сатҳларда ва ҳаво зарраларида 2-3 соатдан 8-12 соатгача сақланиб туриши тўғрисида тасдиқланган маълумотлар мавжуд. Миллий гвардия ходимлари ҳар  2-3 кунда уй йўлакларини хлорли эритма билан тозалаб кетишади. Кўриб турибсиз бу камлик қилади. Шунинг учун лифтларда доимий тозалов ишларини олиб бориш, турли юзаларни, тутқичларни хлор таркибли эритмаларда ишлов бериш керак бўлади.  Буни яхши билган  врач қўшним қачон ҳукумат томонидан тайинланган вакиллар тозалаб кетади деб қараб ўтирмайди. Ўзи ҳам хлорли  эритма сепиб, лифтни ҳавони тозалашга интилади.

Шахсан ўзим ҳар куни йўлакдаги чироқлар ва лифтнинг тугмачаларини спиртлаб артиб чиқаман. Ёки антисептик воситалар сепаман.    

Лифтлардан фойдаланилган вақтларда, ўзини ўзи ҳимоялаш мақсадида ҳар бир фуқаро  имкон қадар ортиқча юзаларга қўл теккизмаслиги лозим. Уйга қайтганда эса қўлларни совунлаб яхшилаб ювиш ёки антисептик воситалар билан ишлов бериш талаб этилади. Энг асосийси бир тан бир жон бўлиб, бирлашиб лифт ва йўлакларни ўзингиз ҳам тозалашдан эринманг. Бу бор – йўғи беш- ўн дақиқа вақтингизни олади.

Карантин талаблари юмшатилди, бу сизу бизнинг зиммамизга янада катта масъулият юклайди.  Ҳар биримиз карантин тартиб-қоидаларига янада  қатъият билан амал қилишимиз лозим. Шу йўл билан ўзимизни, оиламизни, қўни-қўшнимизни провардида юртимиз аҳлини асраймиз.

Раъно ЗАРИПОВА, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди  гранти асосида уюштирилди.

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.