Пандемиядан эсон-омон  чиқишнинг бирдан бир йўли – иммунитетни кучайтириш

0
1957
марта кўрилган.

 Инсон ҳаётида иммунитетни кучайтиришда  витаминлар яъни дармондорилар муҳим роль ўйнайди ва катта аҳамиятга эга.

Инсон ўз организмини ҳолатини бошқара билиши керак. Бунинг учун қандай моддалар етишмаётгани ўзи ҳис қилиши лозим. Уни аниқлаш жудаям содда, бироз ўзингизга эътибор берсангиз бас.  Организмда қандай витаминлар етишмаётганини аниқлаш учун киши ўз танаси ташқи кўринишига – сочлари, териси ва тирноқлари  ҳолатига эътибор бериши лозим, улар инсон соғлиғи ҳақида аниқ маълумот беради.

Дармондорилар инсон саломатлигининг умумий ҳолатига – соғлом ва кўркамлигига, ички аъзолар фаолиятининг меъёрда ишлаб туришига, иммунитет меъёрида бўлишига кўмаклашади.

Масалан, агар баданингизнинг бирон жойини қаттиқ нарсага енгил уриб олганингизда, кўкариш пайдо бўлса, ва у узоқ вақт тузалмаса, организмда С, К ва Р витаминлари етишмаётганидан дарак беради.

Бу витаминлар: цитрус меваларида, рангли карамда, кўк қалампирда, турли меваларда ва помидорларда мавжуд.

Тез-тез бош айланиши, қулоқ шанғиллаши В3 ва Е витаминлари, калий ва магний моддалари етишмаслигидан хабар беради. Бу витаминлар истеъмол қилинганда фаоллиги С витамини билан қўшилса, таъсири янада кучаяди.

 Бундай ҳолатда ёнғоқ, турли баргли – лавлаги, сабзи каби сабзавотлар, яшил нўхот, тухум, цитрус мевалари, банан ва кунгабоқар пистаси истеъмол қилиш тавсия этилади.

Кўзлар қизариши, уларнинг қуруқшаши ва ачишиши, қоронғига мослашишнинг қийин кечиши А ва В2 витаминлари етишмовчилигидан хабар беради. В2 витамини ёғ-мой маҳсулотлари билан ўзлаштирилади.

Бу ҳолатда сабзи, зайтун ёғи, жигар, балиқ, тухум, сариёғ, яшил сабзавот, салат, сут ва пишлоқ истеъмол қилиш тавсия этилади.

Яна витаминлар ҳақида нималарни билиш лозим!

С витамини терининг кўркам ва силлиқлигини, мустаҳкам иммунитетни, яхши кайфиятни, соч ва тишлар саломат бўлишини таъминлайди.

Бу витамин укропда, цитрус меваларида, наъматакда, чаканда мойи (облепиха)да, қизил рангли меваларда, рангли карамда, яшил нўхотда, фасолда, турпда ва  кивида мавжуд.

Бир суткада инсон организми учун зарур бўлган меъёри 70 мг/ ёки 1-2 та апельсин истеъмол қилиш кифоя.

В6 витамини организм ёшлигини, асаб тизими мустаҳкамлигини, қон томирлари соғлом бўлишини таъминлайди.

Бу витамин бошоқли ўсимликларда, буғдойнинг янги ундирилган ниҳолларида, кўк салатда, карамда, бананда, ёнғоқда, буғдой кепагида, лосос балиғида ва гўштда мавжуд.

Бир суткада инсон организми учун зарур бўлган меъёри: 1,6-2 мг/  ёки 300 грам мол гўшти истеъмол қилиш етарли бўлади.

К витамини жароҳатларнинг тез битишини, қон сифати ва унинг ивувчанлигининг  меъёрда бўлишини таъминлайди.

Бу витамин  исмалоқда, қичитқи ўтда, наъматакда, турли хил карамларда, сабзида, помидорда, қулупнайда ва  кўк чойда  мавжуд.

Витамин узоқ муддат офтоб таъсири ёки оловда пиширилишида  яроқсиз ҳолга келади.

Бир суткада инсон организми учун зарур бўлган меъёри  2 ош қошиқ петрушка истеъмол қилиш етарли бўлади.

Д витамини умумий саломатлик ва суяклар мустаҳкамлигини, қоннинг меъёрда ивувчанлигини, шамоллашдан ҳимояланишни, заҳарли моддаларнинг организмдан чиқиб кетишини, яхши кайфиятни, юрак қон томирлар саломатлигини  таъминлайди. 

Бу витамин: пишлоқда, сариёғда, творогда, тухумнинг сариғида, балиқда, денгиз маҳсулотларида, картошкада, ўсимлик ёғида, мол гўштида мавжуд,

Бир суткада инсон организми учун зарур бўлган меъёри: 2-5 мг/ ёки 2 та тухум истеъмол қилиш етарли бўлади.

Витамин В2 ҳужайралар янгиланиши ва мушакларнинг меъёрда ишлашини таъминлайди..

Бу витамин: сутда, бодомда, қўй гўштида, тухумда, қўзиқоринда, гречкада, творогда, хамиртурушда ва гўштда кўпроқ учрайди.

Бир суткада инсон организми учун зарур бўлган меъёри: 1,3-3 мг2-5 мг/ёки  2 та тухум истеъмол қилиш кифоя қилади.

Шунингдек, ёғсиз қўй гўшти ёки тухумдан бироз истеъмол қилиш етарлидир.

В 12 витамини меъёрдаги тана вазни, мустаҳкам иммунитет, соғлом хотира ва шунингдек, ичаклар тизими соғлом бўлишини таъминлайди.

Бу витамин салатда, турли балиқ маҳсулотларида, сутда, пишлоқда, тухум сариғида кўпроқ учрайди.

Бир суткада меъёри: 2-5 мг ёки  100 г лосос балиғидан истеъмол қилиш лозим.

В15 витамини  мустаҳкам хотира, яхши кайфият, касалликдан сўнг саломатликнинг тезда тикланиши, қон томирлари саломатлиги, юрак фаолиятининг меъёрда бўлишини таъминлайди.

Бу витамин гўштда, парранда гўштида, тухум сариғида, сут маҳсулотларида, балиқ икрасида, ёнғоқда, хамиртурушда, сулида, гречкада ва гуручда учрайди.

Бир суткалик меъёри 5 мг ёки қўй жигаридан  100 г истеъмол қилиш лозим.

Е витамини организм ёшлигини сақлашни, репродуктив (насл қолдириш) тизим фаолиятини, кайфиятнинг яхши бўлишини, ташқи салбий таъсирлардан ҳимоя қилинишини таъминлайди.

Бу витамин гўштда, кунгабоқар, жўхори, қовоқ, зайтун ёғларида, сариёғда, ёнғоқда, сут маҳсулотларида ва жигарда мавжуд.

Яроқсиз ҳолга келиши: узоқ муддат сақланишида.

Бир суткалик меъёри 30-50 мг/ 1 ош қошиғидаги оқланмаган ёғ истеъмол қилиш етарли бўлади.

А витамини терининг кўркамлиги ва ёшлигини, соч гўзаллигини, тирноқлар саломатлигини, кўриш қувватининг кучлилигини, суяклар бақувватлигини,   репродуктив (насл қолдириш) тизим фаолиятини, яхши кайфият ва ташқи таъсирлардан ҳимояланишни таъминлайди.

Бу витамин сабзида, цитрус меваларида, пишлоқнинг қаттиқ навларида, творогда, сутда, тухумда, балиқда, жигарда ва петрушкада учрайди.

Суткалик меъёри: 0,4-1 мг; ёки мол жигаридан  бир неча бўлак истеъмол қилиш кифоя қилади.

Ноз-неъматларни асрашни ҳам билиш керак. Ёруғликнинг давомли тушишида сабзавотлар ўз таъсир кучини йўқотади. Шунингдек, улар пишириш жараёнида фойдали хусусиятларини маълум даражада йўқотади. Ёруғликнинг узоқ вақт таъсири остида мева ва сабзавотлардаги витаминлар яроқсиз ҳолга келади. Гўшт, балиқ, сут маҳсулотлари қайта музлатилганида ва музлатилгач эритилганида  витаминларнинг таъсири камаяди.  Хуллас ҳамма ноз-неъматни ўз вақтида истеъмол қилиш кони фойдадир.

Кўриб турибсиз, ҳаммаси ўзимизнинг далаларимизда етиштирса бўладиган неъматлар. Она юрт неъматлари кони фойда уни ўз ўрнида ишлата билинг! Улардан унумли фойдаланинг!

Тиббиёт фанлари номзоди Шоира БЕКЧАНОВА тайёрлади

Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди  лойиҳаси асосида уюштирилди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.