Қадимий Хоразмнинг миллий таомлари

0
5414
марта кўрилган.
 
Ўзбек миллий таомларини тайёрланиш жараёни ва овқатланиш маданияти жуда узоқ тарихга эга ва халқнинг кўп йиллик тажрибасига асосланади. Урф-одат ва анъаналар ҳудуднинг иқлим шароитидан ва маҳаллий аҳолининг турмуш тарзидан келиб чиққан ҳолда шаклланади. Ҳар бир ҳудуд аҳолиси миллий таомлар тайёрлаш борасида ўз услубига эга.
 

Айниқса Хоразм вилояти ўзининг таомлари ва уларни тайёрлашнинг махсус услуби билан машҳур. Ҳар бир таом ўзининг махсус таъмига эга.  “Хоразм палови”, “Тухум барак”, “Ушоқ барак”, “Шивит оши”, қовурилган балиқ ва ҳатто нони ҳам ўзгача. Хоразм миллий таомлари Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида тайёрланадиган таомлардан фарқ қилади.

ШИВИТ ОШИ.  Хоразмча лағмон, яшил лағмон номлари билан дунё таомномасига киритилган бу неъмат ёзнинг жазирама кунларидаги энг тансиқ овқатлардан бири ҳисобланади. Шивит оши ўзининг яшиллиги ва дармондориларга бойлиги билан бошқа шу турдаги овқатлардан фарқ қилади. 

Шу ўринда таомнинг ўзига хослигини таъминловчи шивит ҳақида тўхталиб ўтсак! Бу ўсимлик таркибида темир, кальций, каротин, эфир мойи, флавоноидлар, А, В1, В2, РР витаминлари, фитонцитлар, минерал тузлар ва бошқа моддалар мавжуд. У клетчаткага бой бўлгани боис ичакларни тозалайди. Шунинг учун ҳам гўштли таомларга шивит қўшилади. У ҳазм қилишга ёрдам беради ва ҳазм бўлмаган таомлар қолдиғини танадан чиқариб ташлайди. Қадимдан табобатда тинчлантирувчи, ел, сийдик ҳайдовчи, йўтал ва яллиғланишга қарши, эмизикли оналар сутини кўпайтирувчи восита сифатида тавсия этилган.

Замонавий тиббиётда шивит ўтининг дамламаси қон босимини туширувчи, юрак – қон томирларини кенгайтирувчи хусусиятга эга эканлиги илмий тадқиқотларда исботланган. Шивитдан кўкат сифатида фойдаланилганда меъда шираси ажралиши, ўт ҳайдалиши яхшиланади.

 Хамирли овқат исътемол қилиши мумкин бўлмаган беморларга ҳам  ушбу таомни кам-кам бериш мумкин. Албатта бемор меёрни унитмаслиги керак.

Шивит оши учун керакли масаллиқлар:

Қайласига: 500 гр гўшт, 2 бош пиёз, 2 та қизил қалампир,  2 та кўк қалампир, 2 та картошка, 2 бўлак саримсоқпиёз, 1 та каттароқ помидор

Хамирига: 1 та тухум,  200 гр сув,  300 гр ун, 100 гр янги узилган шивит

Шарбатига: 100 гр қатиқ, 100 гр сметана,  озроқ туз

Олдин хамир тайёрланади. Бунинг учун шивит яхшилаб ювилиб, гўшт майдалагичдан чиқарилади ва устидан бир пиёла сув қуйилади. Ёки шивитни майда қилиб тўғраб, устига сув қуйиб блендр ёрдамида аралаштириш ҳам мумкин. Тайёр аралашмага тухум, туз ва ун солиниб хамир қорилади. У яшил тус олади. Уни 20-30 дақиқа тиндириб қўйилгач, угра қалинлигида ёйилади. Ёйилган хамир рулет қилиниб, 1 см катталикда кесилади ва қайнаб турган шўр сувда 2-3 дақиқа қайнатиб олиниб, устидан совуқ сув ўтирилади. Алоҳида идишга қатиқ, қаймоқ(ёғсизи яъни сметана) ва озроқ туз солиб яхшилаб аралаштирилади. Ҳосил бўлган шарбат- аралашма устига пишиб чиққан “яшил лағмон”ни яъни “яшил угра”ни солиб аралаштирамиз.

Шивит ошининг қайласини ҳам ҳар хил тайёрлаш мумкин. Биз сизга Хоразмда энг кўп қўлланиладиган услубни тавсия қилмоқдамиз.

Гўшт майдароқ ва пиёз одатдагидай ярим ой шаклида, картошка, қизил ҳамда яшил қалампирлар эса тўрт бурчак шаклида тўғралади. Помидор қирғичдан ўтказилади. Саримсоқпиёз майдаланади. Қозонга олдин гўшт солинадиу пишгач пиёз, устидан помидор солинади. Бироздан сўнг картошка, сал ўтиб қалампир, саримсоқпиёз ва зираворлар солиниб, картошка пишгунича димлаб қўйилади. Ҳар бир масаллиқдан кейин озроқ туз солиб туришни унутманг.

Қайла тайёр бўлгач, лаганга олдин лағмон яъни угра солинади, усти қайла билан безатилиб, дастурхонга тортилади.

УШОҚ БАРАК. Хоразм таомлари орасида ушоқ барак алоҳида ўрин тутади, тантаналарга, азиз меҳмонларга ҳам атаб пиширилади. Бу таом русларда пельмен, Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларида чучвара номи билан машҳур. Аммо ушоқ барак тайёрланиш усули билан юқоридаги таомлардан ажралиб туради. Номидан ҳам маълумки, ушоқ барак жуда майда, бош бармоқдек тугилади. Айни шу жиҳати билан рус пельменидан фарқ қилади. 

Ушоқ барак одатда, чопқида чопилган қиймадан (Хоразмчасига “ижжон”дан) тайёрланади. Воҳада таомнинг қатиқли барак ва шўрва барак деб номланувчи икки тури машҳур. Қатиқли барак турида баракчалар сувда қайнатиб олиниб, чўлпида(човлида) турган жойида устидан совуқ сув ўтказилади. Сўнг қатиққа аралаштириб, совуқ ҳолда истеъмол қилинади. Шўрва баракда эса алоҳида идишда суякли гўшт ёки суякнинг ўзидан қайнатма шўрва қилиниб, сувда қайнатиб олинган бараклар устига шу шўрвадан солинади ёки бараклар олдиндан тайёрланган қайнатма шўрвада пиширилади.

Ушоқ барак тайёрлаш учун керакли масаллиқлар:

Хамирига: 500 гр ун, 1 та тухум, 100 гр сув, туз

Қиймасига: 500 гр ёғли гўшт (мол ёки қўй), 3-4 дона ўртача пиёз, туз, зираворлар, 3-4 қошиқ ўсимлик ёғи

Тайёрланиши:

Идишга олдин тухум, сув, туз, сўнгра ун солиниб хамир қилинади. Хамир шўрроқ ва қаттиқроқ, айни пайтда чўзилувчан бўлгани маъқул. Сўнгра уни зувала қилиб, сочиқ ёки салафан пакет билан ёпиб 20-30 минутга тиндириб қўйилади.

Хамир тингунича қийма тайёрланади. Қийма тайёрлаш учун гўшт ўртача катталикдаги бўлакларга бўлинади. Сўнгра 4-5 бўлаги чопқига қўйиб чопилади. Гўшт сал майдалангач, яна 2-3 бўлаги солинади ва майдалаш жараёни шу йўсинда давом қилдирилади. Майдалаш давомида қиймага оз миқдорда намакоб солиб турилади. Шундан сўнг пиёз ҳам гўштга қўшиб чопилади. Бу жараён 10-15 минут давом қилдирилади.

Агар сизда вақт кам бўлса гўшт ва пиёзни гўшт майдалагичдан чиқаришингиз ҳам мумкин. Майдаланган гўшт ва пиёз идишга солиниб, таъбга кўра туз ва зираворлар қўшилади. 3-4 ош қошиқ ўсимлик ёғи ҳам қиймага аралаштирилади.

Шундан сўнг хамир ёйилиб, 3х3 см катталикда кесиб чиқилади. Ичига қийма солиниб, бараклар тугилади. Тугилган бараклар қайнаб турган тузли сувга солиниб, сув юзасига чиққунича қайнатилади.

Юқорида айтилганидек, тайёр бараклар қатиқ ёки қайнатма шўрва билан аралаштириб дастурхонга тортилади.

Шоира Бекчанова, врач

 

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.