Киприклар гўзаллигини асраш борасида олти маслаҳат

0
1158
марта кўрилган.

 

Тўйимдан аввал гўзаллик салонида киприк улатгандим.Натижадан кўнглим тўлди, бироқ икки ой ўтганидан кейин сунъий киприкларим тўкилиб туша бошлади. Улар яккам-дуккам кўринишга кела бошлагач, олиб ташлашимга тўғри келди. Бироқ энди бошқа муаммо қийнаяпти, ўзимнинг киприкларим аввалгидан ҳам заиф ва сийрак бўлиб қолган. Уларни ҳеч бўлмаганда дастлабки ҳолига қайтаришни истайман. Бунинг учун нима қилсам бўлади?

Гулнора, Жиззах шаҳри

1. Аввало мутахассис ўрнатган киприкни ўзи олиб ташлаши керак

Одатда ёпиштирилган киприклар тўғри олиб ташланса, табиий киприкларга зиён етмайди. Бироқ, кўпгина аёллар ортиқча харажатдан қочиб ёки вақтларини аяб, сунъий киприкларни уй шароитида олиб ташлашга уринадилар. Натижада уларга зиён тади, киприклар юлиниб, синиб, кўркамлигини йўқотади. Гўзаллик салонида эса мутахассис елимни эритувчи махсус воситадан фойдаланади ва табиий киприкларингизга зиён етмайди.

2. Афзали: синалган усул

Канакунжут мойидан фойдаланиш киприкларни қалинлаштиради. Бу борада тенгсиз бўлган  ушбу мойни қандай ишлатган афзал? Ухлашдан олдидан мойга шимдирилган пахтани кўз устига қўйсангиз, эрталаб қовоқларингиз шишиб кетиши мумкин. Бунинг олдини олиш учун обдан қайнатилиб тозаланган шиша идишга канакунжут ва чаканда мойларини тенг миқдорда аралаштириб, солиб қўйишни тавсия этамиз. Демак, аралашмани киприкнинг ўзигагина суртсангиз, кўз атрофидаги нозик терида шишлар пайдо бўлмайди. 15-20 дақиқадан кейин ортиқча ёғни қоқоз сочиқчалар ёрдамида артиб оласиз. Аралашмани музлаткичда сақлаш лозим. Шунингдек, бошқа ёғларни ҳам қўллаб кўрсангиз бўлади. Масалан, бодом мойи киприк тўкилишининг олдини олиб, ўсишини тезлаштиради. Атиргул мойи эса қовоқларнинг нозик терисига ижобий таъсир кўрсатиб, ажинлар тушишига қарши ажойиб табиий воситадир.

3. Табиий воситалардан яна бири — ўсма!

Момоларимиз неча асрлардан бери қўллаб келаётган ўсма қош ва киприклар учун тенги йўқ малҳам ва гўзаллик бағишловчи воситадир. Аждодларимиз қўллаган усулни бугуннинг ўзидаёқ бошлаб, қошларингиз ва кипригингизни озиқлантиринг.  Улар албатта кўркинггизга кўрк бағишлайди ва кўзларингиз саломатлигининг гаровидир.

4. Табиий усулда бўяймиз

Агар киприкларингизни қора рангга бўяшни истасангиз, сунъий бўёққа мурожаат қилиб ўтирманг. Бунинг табиий ва синалган усули мавжуд. Демак, бир чой қошиқ канакунжут мойига худди шунча миқдорда аччиқ қилиб дамланган қора чойдан аралаштириб, киприкларга суртасиз-да, 20 дақиқадан сўнг қоғоз сочиқча билан артасиз. Амалиётни ҳфтада икки марта бажариб турсангиз, киприкларингиз қора тусга кира бошлайди.

5. Зардоб ва дорилар вақтинчалик чора

Муаммонинг чорасини интернет тармоқидан изласангиз, биринчи навбатда, сиз сингари муаммога дуч келган аёлларни кўплаб учратишингиз мумкин. Шунингдек, ўзларининг гўзаллик борасидаги маслаҳатларини аямайдиган блоггерлар ҳам бу борада ўзига хос фикрларни айтиб ўтишади. Улар орасида қимматбаҳо зардоблар ва кўз босимини тушуриш учун мўлжалланган дорилардан фойдаланишни тавсия қиладиганлар ҳам учрайди. Зинҳор  уларнинг тавсияларига амал қила кўрманг. Биринчидан, бундай воситаларнинг натижаси узоқ муддатли эмас. Фойдаланишдан тўхтасангиз, бир ой ўтиб, мўъжиза тугайди. Иккинчидан, уларнинг таркибида гормонлар мавжуд бўлиб, дори воситалари хасталикни даволашга мўлжалланган. Мунтазам қўлланганда акс таъсир кўрсатиш эҳтимоли мавжуд. Бироқ шифокор билан маслаҳатлашган ҳолда В гуруҳи витаминларини қабул қилсангиз бўлади.

6. Борини чиройли кўрсатамиз

Киприкларни аввалги ҳолига келтиргандан сўнг эса тушдан фойдаланиш мумкин. Бунда тушнинг сифати билан бирга чёткасининг турига ҳам алоҳида эътибор қаратинг. Масалан, силикондан тайёрланган чёткалар калта ва қалин киприкларга мос келади.

 Олий тоифали врач Шоира Бекчанова

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.