Қовун — табиатнинг ғаройиб неъмати

0
1868
марта кўрилган.
 
Қовун табиатнинг ғаройиб неъмати минглаб дардга даво ва витаминларга бой маҳсулот ҳисобланади. Ушбу полиз экинини глюкоза ҳамда витаминларнинг сарчашмаси деса бўлади. Қовуннинг кимёвий таркиби асосан унинг навига боғлиқ. Унинг мағзида 16-20 фойиз қанд, каротин, В9, С, Р витаминлари, А провитамини, катта миқдорда фолий кислоталари ва темир моддаси, пектин моддалари, турли ёғлар ва минерал тузлар мавжудлиги унинг шифобахшлигига сабаб бўлган омиллардандир. 

 Мағзида ҳам, уруғида ҳам истеъмол қилиш учун тўлиқ яроқли бўлган 30 фойизгача ёғ моддалари мавжуд. Қовун овқат ҳазм қилиш жараёнига ижобий таъсир кўрсатади, ундаги фолий кислотаси қон ҳосил қилишда иштирок этади. Қовун атеросклерозда, камқонликда, юрак, қон – томир касалликларида жуда фойдалидир.

Қовун кремннийга бой. Олимлар инсон ҳаёти ва саломатлиги, организмдаги физиологик жараёнлар меъёрида кечиши бевосита кремний моддаси билан боғлиқ деб ҳисоблашади. У инсон организмининг қаттиқ тўқималари, териси ва сочининг ҳолатига таъсир кўрсатади. Кремний мия пўстлоғига, асаб тизимига, ичак деворларига, ошқозон-ҳазм йўлларига ва барча ички аъзолар тизимига таъсир кўрсатади.

Қовунда бошқа полиз маҳсулотларидан фарқли ўлароқ С витамини кўпроқ. Ундаги бириктирувчи тўқима моддаси ичаклар микрофлорасига ижобий таъсир кўрсатиб, организмдан холестерин моддасини чиқариб юборишга сабаб бўлади, овқат ҳазм қилишни яхшилайди.

Қовун чанқоқни босиб, асаб тизимини тинчлантиради. Унинг шифобахш хусусиятлари таркибида В9 ва С витаминлари, темир моддаси ва калий тузига бойлиги билан боғлиқ. Шу сабабдан ҳам мутахассислар беморларда камқонлик, юрак, қон – томир касалликларида, атеросклерозда, буйрак ва жигар касалликларини даволашда қовун истеъмол қилишни буюришади.

Қовуннинг шифобахш хусусиятлари унинг етилиб, яхши пишганлиги билан боғлиқ. Масалан, етилиб пишмаган қовун – сапчани ейиш ошқозон яраси ёки гастрит касали бор кишиларга тавсия этилмайди. Оч қоринга ҳам қовун тановул қилиш тавсия этилмайди. Уни хатарсиз тановул қилишнинг тартиби овқат тановул қилиш орасида бўлиши яхшидир, бунда у бошқа тановул қилинган озиқ-овқат маҳсулотлари билан аралашишиб ҳазми яхшироқдир.

Бугунги кунда диетологлар қовун истеъмол қилишни овқат ҳазм қилишни яхшилаш мақсадида тавсия этишади. Бундан ташқари у ажойиб гижжа ҳайдовчи воситадир. Бу албатта болалар учун фойдали.

Шарқда табиблар қадимдан қовундан шифобахш восита – дори сифатида фойдаланишган. Буюк бобокалонимиз Абу Али ибн Сино ўзига мурожаат қилган юрак, қон – томир касалликлари билан оғриган беморларни қовун уруғи ва пўсти билан даволаган. Шунингдек, у буйракларда пайдо бўлган тошларни чиқариб юбора оладиган хусусиятларга эга эканлигини таъкидлаган. У қадимдан бронхит, сил, бош оғриғини даволашда ва нафас йўлларини тозалашда ундан тайёрланган дори-дармонлар кенг ишлатилган. Масалан, бод касаллигини даволашда қайнатилган қовун шираси суркаш, заҳм касаллигида эса қовун уруғи жавҳарини истеъмол қилиш тавсия этилган. Аллома Ибн Сино: ўз асарларида қовуннинг уруғи ва пўсти томирларни кенгайтиради, терини тозалайди дея ёзиб қолдирган. Шунингдек, яна табиблар султонининг таъкидлашича, қовун уруғи офтоб уришидан сақлайди, сепкил ва бош қазғоғини йўқотади. Унинг обдан пишгани ҳам, ҳатто сапчаси ҳам сийдик хайдаш хусусиятига эга. Буйрак, қовуқ ва жигардаги хилтларни, тошларни йўқотади. Халқ табобатида камқон касалларга ҳам қовун исътемол қилишни тавсия қилишади.

Европада кейинги йилларда организмни қовуннинг шарбати ёрдамида тозалаш кенг тус олди. Ҳар хил ортиқча ёқимсиз моддалар ва хилтлардан организмни тозалаш учун 20 кун давомида наҳорга, киши таъбига қараб, қовун шарбатига хоҳлаган мевасини қўшиб истеъмол қилинади. Бу даволаш усулини албатта мутахассис шифокор маслаҳати билан қўлланилади. Ўзимизда эса”қовун есанг саҳар ер, саҳар емасанг заҳар е” деган матал мавжуд. Боболаримиз, момоларимиз саҳарга қовун билан иссиқ нон ейишни хуш кўришарди. Хоразмда эса гурвак қовунни нон билан ейиш анаъанаси ҳамон давом этади.

Қовуннинг аёллар соғлиғи учун фойдаси катта. Қовунда мавжуд бўлган фолий кислотаси аёллар учунгина муҳим ва зарур бўлган моддадир. Зеро, фолий кислотасиз бўлажак она соғлом бўлиш меъёрида кечмайди. Чунки у суякларни мустаҳкамлайдиган воситалардан биридир. Қовунда мавжуд бўлган кремний суяк, соч ва терининг соғлом бўлиш мувозанатини ҳам таъминлайди. С витамини усти-устига давом этган шамоллашдан заифлашган кишилар организмида иммунитетни мустаҳкамлайди.

Ортиқча семиришнинг олдини олади Унинг паст калориялилиги ортиқча вазндан қутилишда ёрдам беради. Лекин қанд касаллиги бор кишилар қовун таркибида қанд моддаси кўп бўлганлигидан, уни эҳтиёт бўлиб истеъмол қилишлари зарур. Қовун мағзида серотонин яъни – “қувонч гормони” бўлган модда ишлаб чиқаришга сабаб бўладиган, асабларни мустаҳкамлайдиган моддалар бор. Маъюс бўлиб қолган киши икки карж қовун еб олса, кайфияти яхшиланади. Организмни мустаҳкамлаб, иммунитетни кўтаради Халқ табобати тавсияларида қовун уруғи янчиб истеъмол қилинса, организм мустаҳкамланиб, иммунитет кучаяди.

Қовун ёшартирувчи эффектга эга. Шарқда: “Қовун сочни бақувват қилиб, ялтиратади, кўзни ўткир қилади, лабларни таранг қилиб, инсонга куч қувват беради”, дейишади.

Юзга сепкил ва ҳуснбузарлар тошганда, доғ тушганида 15 минут давомида юзга қовун пўчоғи билан ниқоб қилинади.

Бироқ баъзи касалликларда тавсия қилинмайди. Масалан, токсикози бор аёлга ҳомиладорликнинг биринчи ярмида бола тушишининг олдини олиш мақсадида уни истеъмол этиш мумкин эмас. Аммо аёл соғлом бўлса, ҳомиладорлик даври давомида ҳам қовун истеъмол қилиши мумкин. 

Қовун қандли диабет хасталигига чалинган, ошқозон, ўн икки бармоқли ичак яраси, ичбуруғ, аллергия хасталиги бор беморларга ҳам тавсия этилмайди. Заифлашган аёл ҳомиладорлигининг биринчи ярмида, шунингдек, эмизикли аёллар қовун истеъмол қилиши зарарли. Қовун у иссиқ мижозли кишиларнинг бошини оғритиши мумкин. Шунингдек, аллергия, кандли диабет ва бошқа касалликларда қовун истеъмол қилишни чеклаш керак.

Эслатма: полиз экинларини етиштиришда унга бериладиган ортиқча азотли ўғитлар қовун-тарвузларнинг озуқавийлик ва шифобахш хусусиятларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Савдога чиқариладиган тарвузлар санитария-эпидемиология хизматлари томонидан кимёвий таҳлилдан ўтказилади. Шунинг учун полиз маҳсулотларини харид қилаётганда сотувчилардан тегишли сертификат бор-йўқлигини сўранг.

Фазилат Саъдуллаева,

1-республика тиббиёт коллежи катта ўқитувчиси

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.