Рамазон айёмида рўзадорнинг овқаланиш тартиби

0
445
марта кўрилган.

Рамазон ойида тўғри овқатланиш ҳақида билиш жуда муҳимдир! Соғлом овқатланиш ва ошқозон ичак тизими саломатлигини сақлаш учун қуйидаги тавсияларга амал қилинг:

Таомланишни хурмодан бошланг. Нега? Хурмо — бу рўза пайтида кун давомида энергия билан таъминлайдиган углеводларнинг манбаи ҳисобланади. Хурмо меваси толалари овқат ҳазм қилиш жараёнини тартибга солади. Бундан ташқари, хурмо магний ва калийга бой.

Кўп миқдорда сув ичинг. Айниқса, иссиқ ҳавода танангизни сув билан таъминлаш учун етарли миқдорда сув ичиш жуда муҳимдир. Кун давомида чанқамаслик учун оғиз очилгандан кейин ва саҳарликдан олдин етарлича сув ичинг. Ҳар бир килограмм тана вазнига 30 мл сув ичиш меъёр қилиб олинган. Шундан келиб чиқиб, тана вазнингизни 30 га кўпайтирсангиз, суткалик сувга бўлган эҳтиёж келиб чиқади. Масалан, 70 кг бўлсангиз, (70х30) 2100 мл (2,1 л) сув ичишингиз керак бўлади

 Чанқатадиган овқатлар ва маҳсулотлардан сақланинг. Тузли овқатлар, консервалар, тузланган ёнғоқлар, бодринглар, балиқлардан сақланинг. Бундан ташқари, зираворларга бой овқатлардан сақланинг, чунки улар сизда чанқоқ ҳиссини чақиради. Кўпроқ мева ва сабзавотларни истеъмол қилинг, улар организмнинг сув захираларини янгилайди ва тўлдиради.

Шошмасдан, қайта-қайта чайнаб ифторлик қилинг. Узоқ муддатли очликдан сўнг, танага катта миқдордаги озиқ-овқат тушиши – стрессдир. Мўътадил бўлишга ҳаракат қилинг, ифторни хурмо, сув билан бошланг, кейин шўрва, салат ейишингиз мумкин. Ифторни илиқ шўрва билан бошлаш рўза тутгандан кейин энг яхши овқат бўлиб, организмнинг озуқавий моддаларини тўлдиради ва танани оғирроқ овқатлар учун тайёрлайди. Бир мунча вақт ўтгач, асосий таомга ўтинг. Ортиқча овқатланиш овқат ҳазм қилишда муаммолар ва ошқозон оғриғига сабаб бўлиши мумкин. Асосийси турли ҳил овқатларни аралаштириб юборманг.

Витаминларга бой тарзда овқатланинг. Таомингизда барча керакли нутриентлар мавжудлигига ишонч ҳосил қилинг. Ифторда оқсиллар, сабзавотлар, ёрмалар, мевалар ва фойдали ёғлар каби овқатлар бўлиши керак.

Соғлом овқатларни танланг. Рационингизда дон, ёрмалар, товуқ гўшти, ёғсиз гўшт, балиқ, зайтун мойи ва мевалар бўлиши керак. Қовурилган, шўр ва ёғли овқатлардан сақланинг. Гўшт, дуккаклилар, тухум ва сут маҳсулотлари оқсилга бой. Ушбу озиқ-овқат маҳсулотларидан камида биттасини ҳар куни истеъмол қилишингиз керак.

Ширинликнинг ками яхши. Ифтордан кейинги ширинликлар қоринда газ тўпланишига сабаб бўлади ва овқат ҳазм қилишни бузади. Бундан ташқари, у қондаги глюкоза миқдорини оширади, бу эса ширинликларга бўлган эҳтиёжни янада оширади. Шунинг учун ифторликдан 2–3 соатдан кейин ширинликларни истеъмол қилиш тавсия этилади. Ширинликларни фойдалироқ маҳсулотларга: хурмо, қуруқ мевалар, ширин мевалар билан алмаштириш керак.

 Қаҳва (кофе) ичишдан тийилинг. Рамазон ойида бош оғриғи ва уйқусизликка йўл қўймаслик учун кофе истеъмол қилишни камайтиришга ҳаракат қилинг.

Кунига уч марта овқатланиш. Рамазон ойида ҳам кунига уч маҳал овқатланиш муҳим аҳамиятга эга, бунда ифторлик, саҳарлик ва улар орасида енгил тамадди қилиб олиш керак. Ўртада асосан мева ва сабзавот салатлари бўлгани маъқул.

Азизлар, рўза айёмингиз муборак бўлсин. Аллоҳ орзу-ниятларингизни ижобатини берсин!

Фазилат САЪДУЛЛАЕВА тайёрлади.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.