Рамазон айёмида тўғри овқатланиш муҳим аҳамиятга эга.
Узоқ соатлик очликдан сўнг, турли таомларга бой ифторлик дастурхони бизнинг Рамазонда соғлом овқатланиш ҳақидаги орзуларимизни йўққа чиқариши мумкин. Рамазон ойида рўза тутиш соғлигимизни яхшилаши мумкин, агар у тўғри тутилган бўлса, акс ҳолда инсон соғлиғига зарар етказиши мумкин. Рамазонда тўғри овқатланиш ҳақида билиш, овқатни фақат янги маҳсулотлардан тайёрлаш жуда муҳимдир!
Ушбу Рамазонда соғлом овқатланиш ва ошқозон ичак тизими саломатлигини сақлаш учун қуйидаги маслаҳатлардан фойдаланинг:
1. Таомланишни хурмодан бошланг.
Хурмо — бу рўза пайтида кун давомида энергия билан таъминлайдиган углеводларнинг манбаи ҳисобланади. Хурмо меваси толалари овқат ҳазм қилиш трактини ишлашини тартибга солади. Бундан ташқари, хурмо магний ва калийга бой.
2. Кўп миқдорда сув ичинг.
Рамазон бу йил ҳам кунларнинг иссиқ пайтига тўғри келади, шунинг учун иссиқ ҳавода танангизни сув билан таъминлаш учун етарли миқдорда сув ичиш жуда муҳимдир. Кун давомида чанқамаслик учун оғиз очилгандан кейин ва саҳарликдан олдин етарлича сув ичинг. Овқатланиш учун рухсат берилганда 8 стакан сув ичишга ҳаракат қилинг.
3. Чанқатадиган овқатлар ва маҳсулотлардан сақланинг.
Тузли овқатлар, консервалар, тузланган ёнғоқлар, бодринглар, балиқлардан сақланинг. Бундан ташқари, зираворларга бой овқатлардан сақланинг, чунки улар сизда чанқоқ ҳиссини чақиради. Кўпроқ мева ва сабзавотларни истеъмол қилинг, улар организмнинг сув захираларини янгилайди ва тўлдиради.
4. Секин, шошмасдан ифторлик қилинг.
Узоқ муддатли очликдан сўнг, танага катта миқдордаги озиқ-овқат тушиши – стрессдир. Мўътадил бўлишга ҳаракат қилинг, ифторни хурмо, сув билан бошланг, кейин шўрва, салат ейишингиз мумкин. Бир мунча вақт ўтгач, асосий таомга ўтинг. Ортиқча овқатланиш овқат ҳазм қилишда муаммолар ва ошқозон оғриғига сабаб бўлиши мумкин.
Ифторни илиқ шўрва билан бошлаш рўза тутгандан кейин энг яхши овқат бўлиб, организмнинг озуқавий моддаларини тўлдиради ва танани оғирроқ овқатлар учун тайёрлайди.
5. Таомингизда барча керакли моддалар гуруҳлари мавжудлигига ишонч ҳосил қилинг.
Ифторда оқсиллар, сабзавотлар, ёрмалар, мевалар ва фойдали ёғлар каби овқатлар бўлиши керак.
6. Соғломлаштирувчи овқатларни танланг.
Рационингизда дон, ёрмалар, товуқ гўшти, ёғсиз гўшт, балиқ, зайтун мойи ва мевалар бўлиши керак. Қовурилган, шўр ва ёғли овқатлардан сақланинг. Гўшт, дуккаклилар, тухум ва сут маҳсулотлари оқсилга бой. Ушбу озиқ-овқат маҳсулотларидан камида биттасини ҳар куни истеъмол қилишингиз керак.
7. Ширинликлардан сақланинг.
Ифтордан кейинги ширинликлар қоринда газ тўпланишига сабаб бўлади ва овқат ҳазм қилишни бузади. Бундан ташқари, у қондаги глюкоза миқдорини оширади, бу эса ширинликларга бўлган эҳтиёжни янада оширади. Шунинг учун ифторликдан 2–3 соатдан кейин ширинликларни истеъмол қилиш тавсия этилади. Ширинликларни фойдалироқ маҳсулотларга – хурмо, қуритилган мевалар, ширин мевалар билан алмаштириш керак.
8. Қаҳва (кофе) ичишдан тийилинг.
Рамазон ойида бош оғриғи ва уйқусизликка йўл қўймаслик учун кофе истеъмол қилишни камайтиришга ҳаракат қилинг.
9. Кунига уч марта овқатланиш. Рамазон ойида ҳам кунига уч маҳал овқатланиш муҳим аҳамиятга эга, бунда ифторлик, саҳарлик ва улар орасида енгил тамадди қилиб олиш керак. Асосий овқатланишингизни уч қисмга бўлинг. Учдан бир қисми мураккаб углеводлар, учдан бири ёғсиз гўшт ёки балиқ, қолганлари эса сабзавот. Бу соғлом мувозанатли овқатланиш бўлади.
Юлдуз МЎМИНОВА, олий тоифали врач