Рамазонда тўғри овқаланиш тартибига эътибор қилинг!

0
407
марта кўрилган.

Рамазон ойида тўғри овқатланиш муҳим аҳамиятга эга. Узоқ соатлик очликдан сўнг, турли таомларга бой ифторлик дастурхони бизнинг Рамазонда соғлом овқатланиш ҳақидаги орзуларимизни йўққа чиқариши мумкин. Рамазонда тўғри овқатланиш ҳақида билиш жуда муҳимдир!

Таомланишни хурмодан бошланг. Хурмо — бу рўза пайтида кун давомида энергия билан таъминлайдиган углеводларнинг манбаи ҳисобланади. Хурмо магний ва калийга бой.

Кўп миқдорда сув ичинг. Айниқса иссиқ ҳавода танангизни сув билан таъминлаш учун етарли миқдорда сув ичиш жуда муҳимдир. Кун давомида чанқамаслик учун оғиз очилгандан кейин ва саҳарликдан олдин етарлича сув ичинг. Эрталаб икки стакан сув истеъмол қилиб, кейин овқатланинг ва яна камида бир стакан сув билан ёпинг. Ифторликда ҳам шу тартибни такрорланг.

Чанқатадиган овқатлар ва маҳсулотлардан сақланинг. Тузли овқатлар, консервалар, тузланган ёнғоқлар, бодринглар, балиқлар, зираворларга бой овқатлардан сақланинг, чунки улар сизда чанқоқ ҳиссини чақиради. Кўпроқ мева-сабзавотларни истеъмол қилинг, улар организмнинг сув заҳираларини янгилайди ва тўлдиради.

Секин, шошмасдан ифторлик қилинг. Узоқ муддатли очликдан сўнг, танага катта миқдордаги озиқ-овқат тушиши – стрессдир. Мўътадил бўлишга ҳаракат қилинг, ифторни хурмо, сув билан бошланг, кейин шўрва, салат ейишингиз мумкин. Бир мунча вақт ўтгач, асосий таомга ўтинг. Ортиқча овқатланиш овқат ҳазм қилишда муаммолар ва ошқозон оғриғига сабаб бўлиши мумкин.
Ифторни илиқ шўрва билан бошлаш рўза тутгандан кейин энг яхши овқат бўлиб, организмнинг озуқавий моддаларини тўлдиради ва танани оғирроқ овқатлар учун тайёрлайди.

Таомингизда барча керакли нутриентлар мавжудлигига ишонч ҳосил қилинг. Оқсиллар, сабзавотлар, ёрмалар, мевалар ва фойдали ёғлар каби овқатлар бўлиши керак.

Соғлом овқатларни танланг. Рационингизда дон, ёрмалар, товуқ гўшти, ёғсиз гўшт, балиқ, зайтун мойи ва мевалар бўлиши керак. Қовурилган, шўр ва ёғли овқатлардан сақланинг. Гўшт, дуккаклилар, тухум ва сут маҳсулотлари оқсилга бой. Ушбу озиқ-овқат маҳсулотларидан камида биттасини ҳар куни истеъмол қилишингиз керак.

Ширинликлардан сақланинг. Ифтордан кейинги ширинликлар қоринда газ тўпланишига сабаб бўлади ва овқат ҳазм қилишни бузади. Бундан ташқари, у қондаги глюкоза миқдорини оширади, бу эса ширинликларга бўлган эҳтиёжни янада оширади. Шунинг учун ифторликдан 2–3 соатдан кейин ширинликларни истеъмол қилиш тавсия этилади. Ширинликларни фойдалироқ маҳсулотларга: хурмо, қуруқ мевалар, ширин мевалар билан алмаштириш керак.

Қаҳва (кофе) ичишдан тийилинг. Рамазон ойида бош оғриғи ва уйқусизликка йўл қўймаслик учун кофе истеъмол қилишни камайтиришга ҳаракат қилинг.

Кунига уч марта овқатланиш. Рамазон ойида ҳам кунига уч маҳал овқатланиш муҳим аҳамиятга эга, бунда ифторлик, саҳарлик ва улар орасида енгил тамадди қилиб олиш керак. Асосий овқатланишингизни уч қисмга бўлинг. Учдан бир қисми мураккаб углеводлар, учдан бири ёғсиз гўшт ёки балиқ, қолганлари эса сабзавот. Бу соғлом мувозанатли овқатланиш бўлади.

Gujum. uz сайтининг  14.04.2021 йил санасидан олиниб, қайта чоп этилди. Рўза айёмларингиз муборак бўлсин!

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.