Бугунги кунда жаҳонда 18 ёшгача бўлган ёшларнинг 1,9 миллиард нафари ортиқча вазнга эга. Уларнинг 40 фоизи қизлар, яъни бўлғуси оналардир.
Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг Болалар семизлигини тугатиш бўйича комиссия 2016 йилда эълон қилинган ҳисоботда беш ёшгача бўлган 41 миллион бола семиришдан ёки ортиқча оғирликдан азият чекаётганини билдирди.
1990-2014 йилларда 5 ёшгача бўлган болалар ўртасида ортиқча вазнга эга 4,8 дан 6,1 фоизга ўсди. 2025 йилга бориб, уларнинг сони 70 миллионга етиши кутилмоқда. Семизлик барча касалликларни чиқарувчи ҳисобланади.
ЖССТ Болалар семизлигини тугатиш бўйича комиссия ҳамраислари Сэр Питер Глакмэн ва Сония Ништарнинг таъкидлашича, носоғлом озиқ-овқат маҳсулотлари истеъмолининг ортаётгани ва турли хил рангдаги кимёвий моддалар солинган ичимликларнинг зўр бериб реклама қилинаётгани бу ҳолатнинг асосий сабаби бўлмоқда.
Азиз онажонлар, кимёвий модда солинган ичимликларни иложи борича болаларингизга берманг. Ҳозир тортларнинг устини ҳам турли хил рангли кимёвий безаклар билан безаш урф бўлди. Бу ҳам бола учун ҳазми таом эмас. Фарзандингизни табиий маҳсулотлар билан овқатланиш кони фойда эканлигига ўргатинг. Она Замин бағрида етиштирилган юртимиз неъматлари саломатлик гаровидир. Келинжонлар, торт устларини ҳам юртимизда етиштирилган мевалар билан безасангиз ҳам иштаҳали ҳам саломатликка кони фойда бўлади.
Шунингдек, эрталаб овқатланишдан ярим-бир соат аввал тоза сув ичишни кун тартибига киритинг. Яна нонуштагача бадантарбия машқлари билан шуғулланинг. Қадимий қадриятларимизга монанд эрталаб ҳовлини ва уй атрофларини супиринг, сув сепинг. Гулларни суғоринг, райхонларга сув сепиб ифорини чор атрофга таратинг. Гўзалликдан баҳраманд бўлинг.
Буюк рус ёзувчиси Лев Толстой бойвачча бўлиб, юзлаб гектар ерлари, ўрмону боғлари бўлган. У ижодий ишлаб толиққанида далага чиқиб, деҳқонлари билан бирга ер чопган. Ақлий меҳнатни жисмоний меҳнат билан алмаштириб туришнинг фойдасини билган. Дарҳақиқат, серҳаракатлик саломатлик гаровидир!
Раъно ЗАРИПОВА тайёрлади.
Таҳририятдан: Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди гранти асосида уюштирилди.