Шамоллашни халқона даволаш бўйича ўнта тавсия

0
76187
марта кўрилган.

Шамоллаш аломатларидан қисқа муддат ичида шифо топишнинг халқона  йўллари билан танишинг.  У ҳам арзон ҳам осон бажарилади. Энг асосийси барча муолажа табиий маҳсулотлардан иборат бўлади.

Биринчидан, дам олишга алоҳида эътибор бериш керак. Ёзда шамоллаш қиш кезларидан ҳам оғир кечади. Ёз хастаси қиш хастасидан ёмон, дейди халқимиз. Шамоллаган киши биринчи навбатда ҳамма ишни суриб қўйиб дам олиши, ётиши керак. Шунда организм бутун кучини тузалишга сарфлайди.

Иккинчидан, витамин C га бой маҳсулотлардан куни билан истеъмол қилиб юринг. Лимонли ва малинали чой, клюква шарбати, наъматак дамламасини кунига камида 3 литрдан ичсангиз мақсадга мувофиқ бўлади.

Учинчидан, беҳи йўтал билан кечаётган шамоллашга кони фойда. Бир дона катта беҳини олиб иккига бўласиз. Ҳар бир қисмининг ўртасидаги уруғларини тозалаб, чуқурча ясайсиз. Чуқурчани асал тўлдириб, духовкада паст оловда 1 соат давомида димлайсиз. Беҳи жуда юмшаб ранги тўқ сариқ бўлиб қолади. Иссиқлигида истеъмол қилсангиз йўталингиз тез ўтади.

Тўртинчидан, намокоб сув бурун оқишини тўхтатади. Шунинг учун кунига камида 5 марта бурнингизни намокоб сув билан чайинг. Бунинг учун катта 20-40 мллик шприцга намокоб сувни тўлдириб, бошингизни бир томонга энгаштириб буруннинг бир тешигига қуясиз. Шундай бўлсинки намокоб сув буруннинг бир тешигидан кириб, иккинчи тешигидан чиқсин. Кейин бошқа бурунга шундай тарзда қуясиз. Оғиз очиқ туриши керак. Намокоб сув ўзи билан бурундаги суюқликни ҳам олиб чиқиб кетади.

Бешинчидан,  бурун битиб қолган бўлса, у ҳолда ялпиз, райҳонга бой сўрғич конфетларни сўриб юринг. Ялпиз, райҳон, саримсоқ, пиёз ёки эвкалипт мойини ҳидлаш ҳам яхши таъсир кўрсатади. Буларни қай бирини хуш кўришингизга қараб ишлатасиз.

Олтинчидан, оёқларингизни кунига камида 3 марта иссиқ ваннада ушлаб ўтириш ҳам  шифо бўлади.  Сув тери куймайдиган даражада иссиқ бўлиши керак. Ёки уни тирсакингиз билан ўлчаб кўриш мумкин. Тирсакингизга мойдек ёқса ўша сув маъқул. Тоғарадаги сув совиган сари иссиқ сувдан оз-оз қўшиб туринг. Терлагунча ўтириш лозим. Имконият бўлса, нафақат оёқлар, балки бутун баданни парли ваннада ушлаб турсангиз яхши натижа беради. Бироқ, ҳомиладор аёлларга ва айрим беморлар учун ушбу муолажа ман этилади. Бу борада участка врачингиз билан маслаҳатлашинг.

Еттинчидан, мева ва сабзавотларни кўп-кўп истеъмол қилиш керак. Чунки улар дармондориларга яъни витаминларга мўл. Сабзавотли қайнатма шўрвалар жуда-жуда фойдалидир. Ёғли, қоврилган ҳамда  хамирли овқатлар, ширин пишириқлар даволанишни чўзиб юбориши мумкин. Оз-оз, тез-тез суюқ овқатлар  истеъмол қилиш мақсадга мувофиқ.

Саккизинчидан, уй товуқининг суякли гўштларидан тайёрланган шўрвани аччиқ муруч билан еб, иссиқ ўраниб, дам олсангиз баданингиз анча яйраганини сезасиз, увишиб турган вужудингиз тетиклашади.

Тўққизинчидан, думба ёғининг  ҳиди ёқимсиз бўлгани билан унинг фойдаси катта. Эритилган думба ёғини қўлингиз учига олиб тавонингизга ишқалаб суртинг. Массаж қилсангиз ҳам бўлади. Иссиқ пайпоқ кийиб дам олиб ўтиринг. Терлаб бадандаги шамоллаш аломатлари йўқолади. Мабодо, юрак-қон томир  касалликлари мавжуд бўлса, бу муолажа оғирлик қилиши мумкин. Бу борада врач билан маслаҳатлашинг.

Ўнинчиси, яхши кайфият ила яшашга интилиш. Деярли барча касалликларнинг асоси инсоннинг психологик ҳолатидир. Инсон қанчалик ўзини руҳан тетик ҳис қилса, унинг жисмоний саломатлиги шунчалик мустаҳкам бўлади. Демак, шамоллаганда фақат яхшиликни ўйлаб, хуш кайфиятда бўлиш лозим. Кайфиятингизни кўтариш учун ўзингизга ёқадиган мусиқани қўйиб рақсга тушинг.  Оромбаҳш мусиқа остида енгил бадан тарбия билан шуғулланинг.

Атрофдагилар билан ҳам хушмуомала бўлинг.  Шунда  яқинларингиз ҳам сиз билан яхши муомалада бўлади. Эътиборини аямайди. Даволаниш учун хушкайфият жуда муҳимлигини яна бир бор таъкидлаймиз.

Шоира Бекчанова, тиббиёт фанлари номзоди, олий тоифали врач

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.