ШОЛҒОМ ДАРМОНДОРИЛАРГА БОЙ

0
870
марта кўрилган.

Халқимиз табиий дала маҳсулотларини миллий таомларда кўп ва хўп ишлатади. Чунки уларнинг ҳар бири шифобахш хусусиятга эга.  Жумладан, хуштаъм шолғом суюқ ва қуюқ  таомларда кенг қўлланилади. Ҳатто,  паловга ҳам қўшилади-ки, у иликдек жонга малҳам бўлади.

100 грамм шолғомнинг калорияси 30 ккалга тенг. Унинг таркибида каротин, A, В1, В2, В5, В6, В9 (фоли кислотаси) каби кўпгина витаминлар гуруҳи, К, С ва РР сингари клетчаткалар ҳамда калий тузи, магний, кальций, фосфор, темир, олтингугурт, мис, натрий, марганец ва йод моддаси мавжуд.

Шолғом таркиби микроэлементлар, углевод ва витаминларга жуда бой. Ушбу сабзавотда жуда кам учрайдиган глюкорафанин моддаси мавжуд. У диабет ва саратонни даволашга ёрдам беради. Унинг таркибида редискага нисбатан фосфор кўп. Карамга нисбатан эса С витамини бисёрлиги билан алоҳида ажралиб туради.

Шолғом жигар фаолиятини яхшилайди. Ўт пуфаги суюқлиги ишлаб чиқарилишини меъёрлаштиради. Қовуқда тошнинг пайдо бўлишига тўсқинлик қилади. Таркибидаги целлюлоза ичаклар фаолиятини фаоллаштиради. Меъда-ичак тизими фаолиятига ижобий таъсир кўрсатади. Қолаверса, қондаги холестерин миқдорини камайтиради.

Қадимдан шолғом сил ва мохов касаллигининг олдини олувчи сабзавот саналган. Ундан тайёрланган мураббо иммунитетни кўтаради. Шолғом қайнатмаси эса ангина (бодомча безлари яллиғланиши) ва тиш касалликларида фойдалидир.

Бу сабзавот пиширилганда унинг шифобахшлиги янада ортади. Чунки, шолғом пиширилиш жараёнида ундаги глюкозид моддаси хантал мойига айланади. У иштаҳани яхшилайди.

Шоира Бекчанова тайёрлади

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.