Шолғомнинг фойдали хусусиятлари

0
273
марта кўрилган.

Сабзавотларнинг султони шолғом қадимдан кўпгина хасталикларга даво сифатида ишлатилган ва унинг оғриқ қолдирувчи, яраларни битирувчи, шамоллашларга қарши курашувчи, пешоб ҳайдовчи ҳамда антисептик хусусиятлари мавжуд.  Унинг таркиби С, В1, В2 дармондорилари ва клетчатка, каротинга жуда бой.

Ибн Синонинг «Тиббий ўгитлар» асарида шолғом ҳақида шундай дейилади: «Семиз гўшт билан пиширилган шолғом кўкракни ва томоқни юмшатади. Шолғомнинг қайнатмасини подагра касалига қўйилса, кўп манфаат етади, гўшт билан қайнатилгани эса белни қиздиради, пешобни ҳайдайди. Унинг япроғини ейилса ҳам пешобни юриштиради».

Нафас қисишини даволашда қайнатиб пиширилгани кони фойда. Орасига сариёғ ва асал солиб қасқонда пиширилгани кўкракни юмшатади.

Томоқ оғриганда шолғом қайнатилган сув билан ғарғара қилмоқ керак. Эзилтириб пиширилгани симиллаб оғриётган жойларга босилса, оғриқни қолдиради.

Уй шароитида шолғомдан қайнатма тайёрлаш. Икки ош қошиқ майда тўғралган шолғом устига бир стакан сув қуйиб, 15 дақиқа қайнатилади ва шамоллаганда чорак стакандан ичилади. Шолғом ва унинг шарбатидан йўтал, овоз бўғилиши, астма касалликларини даволашда фойдаланилган. Шолғом истеъмол қилинганда асабларни тинчлантиради, юрак ишини меъёрлаштиради.

Абу Али ибн Сино шолғом уруғидан тайёрланган дорилар билан қовуқ ва човдаги шишларни йўқотган, кўз хасталигини даволаб, кўриш қувватини яхшилашда ҳам қўллаган.

Шолғом ичакларга саломатлик бағишловчи ажойиб восита ҳамдир. Бироқ ичакларда яллиғланиш кучайганда, ўткир ва сурункали гепатит ҳамда холециститда, марказий асаб тизими касалликларида шолғом истеъмол қилиш тавсия этилмайди.

Шолғомли муолажалар. — Шолғом бурун бўшлиғидаги ҳамма шиллиқларни тозалаб чиқариб ташлайди. Бунинг учун 200 г шолғом қирғичдан ўтказилиб, кунига икки марта хомлигича истеъмол қилинади. Камида бир соат бошқа нарса емаслик, ичмаслик лозим. Даволаниш жараёнида ҳар куни 2 марта икки пиёладан қатиқ ичиш керак. Қовурилиган, ёғли овқатлар, кабоб ва сут вақтинча истеъмол қилинмайди. Бурунга камида икки маротаба 2-3 томчидан шолғом сувини томизиш керак.

Шолғом қайнатмаси иситма баланд бўлганда ҳамда юрак безовталанганда ичилади. Бунинг учун 2 ош қошиқ майдаланган шолғом устига бир стакан қайноқ сув қуйиб, 15 дақиқа қайнатилади. Совигач, иситмани тушириш учун чорак стакандан ичиб турилади.

Ўпка ва нафас йўллари касалликларида шолғом сувининг асал билан аралашмаси йўтал қолдирувчи восита ҳисобланади. Бунинг учун шолғом шарбатини кунига 3-4 маҳал бир ош қошиқдан ичиш лозим.

Тинчлантирувчи малҳам тайёрлаш учун бир ош қошиқ майдаланган шолғом устига бир стакан қайноқ сув қуйиб, 1 дақиқа қайнатилади. Бундай қайнатмадан уйқу олдидан бир стакан ичилса, тинчлантирувчи дори сифатида таъсир кўрсатади.

Халқ табобатида уйқусизликни даволашда ҳам қўлланилади. Икки ошқошиқ тўғралган шолғом устига бир стакан қайноқ сув қуйиб, 15 дақиқа қайнатилади ва чорак стакандан ичилади.

Шолғом баргида кальций миқдори жуда мўл. Унинг баргидан тайёрланган шарбатни сабзи ва қоқиўт шарбатларига қўшилса, тишлар ва суяк тўқималарини мустаҳкамловчи ажойиб малҳам ҳосил бўлади. Агар, шолғом барги шарбатини селдерей ва сабзи шарбатларига қўшиб истеъмол қилинса, ошқозон кислотасини камайтиришда даво бўлади.

Фазилат САЪДУЛЛАЕВА, фармацевт

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.