Ўзбекистон фуқароларини Хитойнинг Ухан шаҳри ва бошқа ҳудудларидан олиб келиш учун ташкил этилган дастлабки чартер рейс Пекин – Тошкент йўналиши бўйича пойтахтимиздаги халқаро аэропортга аввал хабар берилганидек кеча етиб келди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиясига асосан, коронавирус инкубацияси даврини ҳисобга олган ҳолда, Хитойдан олиб келинадиган фуқароларимиз икки ҳафта давомида халқаро санитария-эпедимиология талаблари асосида қатъий карантин ҳолатида сақланади. Шу давр якунига қадар ҳарорати кўтарилган ёки бошқа касаллик аломатлари юзага келганда зудлик билан алоҳидалаш, махсус лаборатория текширувидан тўлиқ ўтказиш ҳамда даволаш ишларини стандартлар бўйича олиб бориш учун барча зарур чоралар кўрилган.
Шу даврда уларнинг оила-аъзолари билан учрашиши таъқиқланади. Яқинлари билан фақат махсус телефон алоқаси орқали мулоқот қилиши мумкин бўлади.
Ташкил этилган вақтинча карантин муассасаларида юқумли касалликлар бўйича малакали вирусолог, эпидемиолог ва бошқа етакчи шифокор-мутахассислар иш олиб боришади. Улар хавфли инфекцияларга қарши курашда ташхис қўйиш, даволаш ҳамда карантин тадбирларини ташкиллаштириш тажрибасига эга. Шифокорлар карантин муассасасида белгиланган муддат якунига етгунга қадар фаолият олиб боришади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими