Соғлиқни сақлаш вазирлиги: ХИТОЙДАН КЕЛГАН ДАСТЛАБКИ ЧАРТЕР РЕЙСДА ФУҚАРОЛАРИМИЗ КУТИБ ОЛИНДИ

0
775
марта кўрилган.

Ўзбекистон фуқароларини Хитойнинг Ухан шаҳри ва бошқа ҳудудларидан олиб келиш учун  ташкил этилган дастлабки чартер рейс Пекин – Тошкент йўналиши бўйича пойтахтимиздаги халқаро аэропортга аввал хабар берилганидек кеча етиб  келди.

Чартер рейсга Соғлиқни сақлаш вазирлиги Вирусология илмий текшириш институтининг юқумли касалликлар бўйича тажрибали мутахассис ва эпидемиолог-шифокорлари ҳамроҳлик қилишди. Улар томонидан эвакуация қилинган йўловчилар самолётга чиқиш пайтида дастлабки тиббий кўрикдан ўтказилди. Лозим бўлганда зарур тиббий ёрдам кўрсатиш ва парвоз пайтида биологик хавфсизликни таъминлаш учун барча зарур воситалар тақдим этилди.
Хитойдан олиб келинган ватандошларимиз коронавируснинг Ўзбекистонга кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш, хавфсиз санитария-эпидемиологик ҳолатни таъминлаш ҳамда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш мақсадида махсус тайёрланган тиббиёт муассасасига жойлаштирилди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиясига асосан, коронавирус инкубацияси даврини ҳисобга олган ҳолда, Хитойдан олиб келинадиган фуқароларимиз икки ҳафта давомида халқаро санитария-эпедимиология талаблари асосида қатъий карантин ҳолатида сақланади. Шу давр якунига қадар ҳарорати кўтарилган ёки бошқа касаллик аломатлари юзага келганда зудлик билан алоҳидалаш, махсус лаборатория текширувидан тўлиқ ўтказиш ҳамда даволаш ишларини стандартлар бўйича олиб бориш учун барча зарур чоралар кўрилган.

Шу даврда уларнинг оила-аъзолари билан учрашиши таъқиқланади. Яқинлари билан фақат махсус телефон алоқаси орқали мулоқот қилиши мумкин бўлади.

Ташкил этилган вақтинча карантин муассасаларида юқумли касалликлар бўйича малакали вирусолог, эпидемиолог ва бошқа етакчи шифокор-мутахассислар иш олиб боришади. Улар хавфли инфекцияларга қарши курашда ташхис қўйиш, даволаш ҳамда карантин тадбирларини ташкиллаштириш тажрибасига эга. Шифокорлар карантин муассасасида белгиланган муддат якунига етгунга қадар фаолият олиб боришади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.