Соғлом тишлар гўзаллик ва саломатлик!

0
84
марта кўрилган.

Шарқ алломалари соғлом тишлар гўзаллик ва саломатлик гаровидир, дейишади. Агар тишлар соғлом ва бутун бўлиб ярақлаб турса,  у инсоннинг ҳуснига ҳусн қўшиш билан бирга саломатлигини асрайди.

Тишлар ўз-ўзидан қимирлаб қолиши ёки синиши мумкин эмас. Ҳамма воқеанинг сабаби бўлганидек унинг ҳам сабаби мавжуд. Буни шифокорлардан аввал ўзингиз англашингиз зарур. Бунинг учун тиббий билим керак. Бошқа касалликларга уланиб кетмаслигини олдини олиш лозим.

Тишларнинг зарарланиши ёки парчаланиши натижасида тиш деворлари заифлашиб қолади. Кичик зарба ёки қаттиқроқ маҳсулот истеъмолида ҳам тушиб қолиши мумкин. Шунинг учун ҳам шикастланган тиш вақтида даволанмаса, уни бутунлай йўқотиб қўйиш хавфи шунча ортиб бораверади, турли хил касалликлар кўпаяверади.

Модда алмашинуви бузилади. Дардманд тишлар овқатларни яхшилаб чайнашга кучи етмайди ва улар ошқозонга яхши майдаланмаган ҳолда тушади. Бу эса организмнинг ҳазм қилишини қийинлаштириб, ошқозон-ичак йўлининг умумий ҳолатига салбий таъсир ўтказади. Натижада организмда метаболик касалликлар вужудга келади.

Ошқозон-ичак йўли касалликларининг сабаби аввало пародонтит. Агар тишлар вақтида даволанмаса, пародонтит касаллиги келиб чиқади – юмшоқ тўқималарга таъсир қилади ва тишларнинг тушиб кетишига сабаб бўлиши мумкин. Пародонтит касаллиги  инфекцияси иммунитетни туширади натижада ошқозон-ичак йўли касалликларини яъни   гастрит, ошқозон ва ўн икки бармоқли ичак яраси, панкреатит ва бошқа дардларни келтириб чиқаради. Касалланган тиш ўз вақтида олиб ташланмаса, пародонтит хавфини янада оширади. Бунда милкларнинг тез-тез қонаши ва оғиздан нохуш ҳид келиши кузатилади.

Қандли диабет касаллиги ҳам тиш билан боғлиқ. Милклар қанча кўп яллиғланган бўлса, қонда шакар даражаси шунча юқори бўлади. Организмда ушбу ҳолатлар ўртасидаги тўғридан-тўғри боғлиқлик аллақачон олимлар томонидан ўтказилган тадқиқотлар билан тасдиқланган. Шунингдек, тиш ва милк даволангандан сўнг қонда глюкоза миқдори нормал ҳолатга қайтганлиги ҳам исботланган. Шунинг учун тиш ва милк касалликларига беэътибор бўлмаслик керак, айниқса, қандли диабетга мойил бўлганлар ёки атрофида ушбу касалликка чалинганлар учун бу жуда муҳим ҳисобланади.

Ҳомиладорликни режалаштираётган аёлларга маслаҳат. Гинекологлар дастлаб оғиз бўшлиғини яхшилаб текшириб, даволанишни тавсия қилиши бежиз  эмас. Тиш ва милкларда пайдо бўладиган инфекциялар ҳомила ривожланишига таъсир ўтказиши ва уни тушириш хавфини 7 баробарга ошириши мумкин.

Юрак ва қон томирлар хасталиги ривожланади. Олимлар  тадқиқотига кўра, юракнинг соғломлигини тишлар орқали билиш мумкин. Дарҳақиқат Шарқ табиблари тил, тиш, кўзга ва тирноқларга қараб ташҳизлашган. Ҳар бир даволанмаган тиш юрак хуружини икки бараварга оширади. Бундан ташқари, қон томирлари, юрак хуружи, юрак етишмовчилиги хавфи ортиб боради. Шу билан бирга, кариес таъсирида бўлган тишларда ривожланаётган инфекциялар қон томирлар деворларини яллиғланишига ҳамда қонда тромблар ҳосил бўлишига олиб келиши мумкин.

Азиз муштарийлар, саломатликингиз ўз қўлингизда. Вужудингизга қулоқ тутишга ўрганинг. Фарзандларингизни ҳам болаликдан соғлом турмуш тарзига риоя қилиб яшашга ўргатинг.  Тиббий билимингизни мунтазам юксалтириб боринг. С0ғлом турмуш тарзига, азиз ота-оналар, аввало ўзингиз  риоя қилишга одатланинг!

Фазилат САЪДУЛЛАЕВА тайёрлади.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.