Тарвуз – кони шифо

0
2636
марта кўрилган.

Аллома Ибн Сино тарвуз мевасини жигар, буйрак касалликларини даволашда ҳамда сийдик ҳайдовчи восита сифатида ишлатган. Тарвуз шарбати чанқоқ қолдириши билан бирга, ўт ва сийдик ҳайдаш ҳусусиятига эга. Шунинг учун юрак, буйрак ва жигар касалликларида уни истеъмол қилиш тавсия этилади. Тарвузнинг қуритилган пўчоқларидан тайёрланган дамлама йўғон ичакнинг ўткир ва сурункали яллиғланишида ёрдам беради. Семиз одамларни оздиришда уни кўп-кўп исътемол қилиш эса самарали таъсир ўтказади. Паришонхотирликнинг олдини олади. Тарвуз уруғларининг ҳам шифобахш хусусиятлари бор. Унинг сут билан яхши аралаштирилган дамламаси бачадонда қон кетишини тўхтатади, Мағзини саҳарга ейилса гижжа ҳайдовчи восита сифатида яхши самара беради. Тарвузни камқонликда, ўт ва сийдик ажратиш йўлларида тош бўлганида, сурункали қабзият (ич қотиш) да уни 100-250 г дан кунига 4-5 маҳал еб туриш тавсия этилади.

Тарвузнинг таркибида глюкоза, фруктоза ва сахароза кўринишидаги 12 фоизгача енгил ўзлаштириладиган қандлар мавжуд. Шунингдек, унда C, B1, B2, A, фолий кислотаси, пектин моддалари, каротиноидлар, калий тузлари, темир, магний ва кальций моддалари, аминокислоталар ҳам бор.

Тарвуз мунтазам равишда овқатдан олдин тановул қилинса, баданни тозалаш хусусиятига эга. Тарвуз замонавий тиббиётда ҳам қўлланади. Хусусан, тадқиқотчилар берган маълумотларга кўра, тарвуз таркибидаги фолий ва аскорбин кислотаси бошқа моддалар билан биргаликда склерозни даволашга самарали таъсир кўрсатар экан. Тарвузнинг суви артрит, подагра, ичак касалликлари, атеросклероз каби касалликларни даволашга ёрдам беради. Унинг пешоб ҳайдовчи хусусияти юрак ва буйрак касалликлари билан боғлиқ аъзолардаги шишларни йўқ қилади. Жигар хасталикларида тарвуз суви организмдан ортиқча суюқлик ва хилтларни чиқарибгина қолмасдан, жигар тўқималарини енгил ўзлаштириладиган қандлар билан ҳам таъминлайди. Шунингдек, у подагра, буғим касалликларида, Боткин касаллигида, атеросклерозда, кон босими ошганда ва ошкозон гастритида қўлланилса яхши самара беради.

Юртимизда тарвуздан чиройли ва жозибали бўлиш мақсадида ҳам фойдаланилади. Юз грамм тарвуз эти атиги 38 ккал. га эгалиги туфайли унинг ёрдамида ортиқча вазндан қутулиш мумкин.

Тарвуз таркибининг 90 фоизи сувдан иборат. Шу билан бирга тарвуз пектин, ўсимлик оқсили, минерал моддалар (темир, калий, калций, магний, фосфор, натрий ва ҳ. о), ва В гуруҳидаги витаминларга бойлиги туфайли у ёғли ва қуруқ терига бирдай таъсир ўтказиб, уни таранглаштиради, гўё ёшартиради. Тарвуз шарбати ажойиб тетиклаштирувчи восита бўлганлиги билан бирга терининг салқиб қолишига қарши ундан фойдаланиш мумкин. Бунинг учун тарвуз шарбатига салфеткани намлаб, уни юзда 15 дақиқа ушлаб туриш кифоя қилади. Бунда тарвуз шарбати илиқ бўлиши лозим.

Тарвуз шарбатидан тайёрланадиган муз бўлакчалари ҳам машҳур саналади. Терини таранглаштириш ва тетиклаштириш учун тарвузли муз бўлакчасини юзга суриб, унинг шарбатини 10–15 дақиқага қолдириш керак. Сўнгра юзни совуқ сув билан ювиб, одатий кремдан суриш лозим.

Тарвуз ва ўрик шарбатини тенг миқдорда қўшиш орқали терини тозалаш мумкин. Бу аралашма нормал ва қуруқ юз терисига тўғри келса, ёғли юз териси учун тарвуз ва бодринг шарбати аралашмасини ишлатиш тавсия этилади.

Сочга майинлик ва жило бағишлаш учун бор-йўғи тарвуз этини эзиб, уларни сочларга 20 дақиқага суриб қўйиш керак, холос. Шундан сўнг уларни одатдагидек шампун билан ювишингиз мумкин.

Тарвуз, қовунни асал, товуқ гўшти ёки сув билан тановул қилиш мумкин эмас. Чунки бу ичбуруғ, оғир ичкетар, қорин оғриғи, ич дам бўлиши каби хасталикларга мубтало қилади. Оч қоринга, шунингдек, овқатдан кейин дарҳол тарвуз, қовун истеъмол қилиш тавсия этилмайди. Овқатланишлар оралиғида истеъмол қилиш фойдалидир. Эслатма: полиз экинларини етиштиришда унга бериладиган ортиқча азотли ўғитлар қовун-тарвузларнинг озуқавийлик ва шифобахш хусусиятларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Савдога чиқариладиган тарвузлар санитария-эпидемиология хизматлари томонидан кимёвий таҳлилдан ўтказилади. Шунинг учун полиз маҳсулотларини харид қилаётганда сотувчилардан тегишли сертификат бор-йўқлигини сўранг.

Фазилат Саъдуллаева, 1-республика тиббиёт коллежи катта ўқитувчиси

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.