Товон терисини  парваришлаш

0
3164
марта кўрилган.

 Товон териси жуда нозик бўлиб, уни мунтазам парваришлаш лозим. Чунки у ташқи муҳит таъсирига кўп учрайди.

Товон терисининг дағаллашиб, ёрилиб кетишига тери қуриши, А ва Е дармондориси етишмаслиги, қанд ҳамда қалқонсимон без касалликлари, ноқулай оёқ кийим, замбуруғли ва бошқа тери касалликлари  асосий сабаблари бўлиши мумкин.

Агар тери вақтида парвариш қилинмаса, товоннинг ёрилган жойига инфекция кириб яллиғланиши бошланади. Уни уй шароитида ўз вақтида парваришлаш мақсадга мувофиқ.

Масалан, ҳаммамизнинг уйимизда топиладиган  олма ёки таркибида А ва Е витамини кўп бўлган сабзини қирғичдан чиқариб товон терисига қўйилади. Унга зайтун ёғи аралаштирсангиз ҳам бўлади. Устидан юмшоқ табиий мато билан ўраб бир соат ушлаймиз. Сўнг ювиб ташлаб, оёқ тери кремини суриб қўямиз.

Иккинчи усул: Асал ва зайтун ёғини бир хил миқдорда аралаштириб, товон терисига сурамиз. 15-20 дақиқадан кейин ювиб ташланади.

Учинчи усул: Бир ош қошиқ картошка крахмалини бир литр илиқ сув билан аралаштирамиз. Тоғарага солиб оёқларимизни ивитамиз. Йигирма дақиқадан сўнг товонни яхшилаб чайиб, дағал сочиқ билан ишқалаб артамиз. Зайтун ёғини суртиб, пайпоқ кийиб оламиз.

Буни уйқидан олдин бажармоқ лозим. Ҳудди шу муолажани сода билан тузни тенг миқдорда аралаштириб ҳам бажариш мумкин.

Агар тери жуда ҳам ёрилиб қотиб кетган бўлса у ҳолда махсус товон ишқалагични олиб, ҳафтада икки марта товон терисини ивитиб пилка билан қирмоқ лозим. Кетидан вазелин ёки зайтун ёғини суриб пайпоқ кийиб олиш лозим. Қотган тери бир марталик парваришда кетмайди, шунинг учун бу муолажани мунтазам равишда бажариб туриш лозим. Пилкангизни ҳам тез-тез спиртлаб тозалаб туринг ёки қайнатинг.

Тери ёрилиб кетишини олдини олиш учун ётишдан олдин товон терисига вазелин ёки товон учун махсус крем суриб ётинг. Ёз кунида ҳам пахта толасидан тайёрланган ингичка пайпоқ кийиб юришга одатланинг.

Овқатланишингизга ҳам эътибор беринг. Витамин А га бой сабзини хомлигича кўпроқ истеъмол қилинг ёки қирғичдан чиқарилган 2 дона сабзини 1 қошиқ сметана билан аралаштирса, витамин А га бой тез тайёрланадиган тўйимли салат бўлади.

Ҳўл оёқлар билан юрманг. Терига сув тегса обдон артилиши лозим, акс ҳолда қуруқлашиб кетади.

Шоира Бекчанова,  тиббиёт фанлари номзоди

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.