Тухум танлаш ва унинг фойдаси ҳамда истеъмолнинг меъёри ҳақида

0
5430
марта кўрилган.

Қоринни тўқ тутиш ва организмни етарли витаминлар билан тўйинтиришда товуқ ҳамда бедана тухумига тенг келадигани  неъмат йўқ. Айниқса бедана тухуми кучли иммунитет ҳосил қилади. Унинг таркибида микроэлементлар ва В гуруҳ витаминлари бисёр.

Товуқ тухумлари  икки хил бўлади. Оқ ва жигарранг. Сабаби – патлари оқиш бўлган товуқнинг тухуми оқ, жигарранг ёки олачипор товуқнинг тухум эса жигарранг бўлади. Икки хил рангдаги тухумнинг озуқавий қиймати эса  бир-хил. Фақатгина улар тухум пўстининг ранги, катта кичиклиги билан фарқланиши мумкин. Одатда ёш товуқлар пўсти қалин, нисбатан кичикроқ тухум қўйишади. Яна товуқнинг озуқаси тухум сариғининг ранги ва таъмига таъсир этади.

Тухум қанча катта бўлса, шунча фойдали, деган фикр тўғри эмас. Катта тухумларда сув кўпроқ, озуқавий моддалар нисбати камроқ бўлади. Одатда қари товуқларнинг тухумлари каттароқ бўлади. Ёш товуқларнинг тухумлари эса кичикроқ бўлади. Улар катта тухумларга нисбатан фойдали, мазали ва тўйимлироқ ҳисобланади.

Тухумни ҳар ким ўз таъбига кўра сувда қайнатиб ёки ёғда қовуриб истеъмол қилади. Иккиси ҳам фойдали. Фақат тухум қанча кўп пиширилса таркибидаги фойдали микроэлемент ҳам йўқолиб бораверади. Нонуштада ҳам сариғи юмшоқ пиширилган тухумни истеъмол қилган маъқул. Болалар ва қарияларнинг ошқозони қаттиқ пиширилган тухум сариғини ҳазм қилишга қилиши қийин кечади.

Тухумни чақмай туриб, унинг янги ёки эскилигини аниқлашни истайсизми? Тухумни бир стакан совуқ сувга солгач, тухум чўкса, янги ҳисобланади. У сув юзасига қалқиб чиқса эски бўлади.         

Товуқ тухуми фойдали моддаларга бой бўлсада, мунтазам исътемол қилиш тавсия этилмайди. У юқори аллерген маҳсулотлар сирасига киради. Айниқса, хом тухум қайнатилган ва қовурилганига қараганда кучлироқ аллерген саналади. Шунингдек, қон таркибини текширганда холестерини миқдордан кўп бўлса, ушбу неъматни ейиш мумкин эмас. Тухум  қанд касаллиги, ошқозонида, жигар ва ўт қопида муаммоси бўлган кишиларга ҳам тавсия этилмайди.  Тиббиёт олимлари соғлом кишига ҳафтасига икки-учта тухум истеъмол қилиши  мумкинлигини таъкидлашади.

Шунингдек, бир ёшга тўлмаган гўдакларга бутун бир тухумни бериш мумкин эмас. Ёш болага тухум сариғининг тўртдан бир қисми кифоя. Тухум оқини эса бир ёшга тўлмаган гўдакка едириш қатъиян ман этилади.

Шоира БЕКЧАНОВА, тиббиёт фанлари номзоди, олий тоифали врач

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.