Витаминларни кўп миқдорда истеъмол қилиш оқибатлари

0
141
марта кўрилган.

Витаминли комплексларни суиистеъмол қилиш гипервитаминоз ҳолатини келтириб чиқариши мумкин. У эса фойдали моддалар ва микроэлементлар танқислигидан кўра хавфлироқ.

Гипервитаминоз  одатда организмда  витаминларнинг ортиқча бўлишига айтилади. Бу ҳолат кўпинча дармондориларни ҳаддан ташқари кўп истеъмол қилиш натижасида юзага келади. Масалан, Д витамини терига қуёш нури тушганида, шунингдек, ушбу дармондори мавжуд неъматлар билан овқатланиш орқали танада ҳосил бўлади.

Айниқса D витамини ёки A витамини гипервитаминози соғлиқ учун хавфли ҳисобланади. Устига-устак, кўпгина поливитаминлар дори эмас, биоқўшимча сифатида рўйхатга олинишини унутмаслик керак.

Маълумотларга кўра, жигар токсик зарарланишининг тўртдан икки қисми тегишли тартибда сертификатлаштирилмаган биоқўшимчалар билан боғлиқ.

D гипервитаминозида кўнгил айниши, лоҳаслик, чарчоқ, ажралаётган пешоб миқдори камайиши, қайт қилиш, яъни интоксикациянинг барча аломатлари мавжуд бўлади.

А витамини жуда катта миқдорларда қабул қилинганда эса қуйидаги  оқибатлар кузатилади: кўнгил айниши, кўриш қобилиятининг пасайиши, чарчоқ, ўзини ҳолсиз сезиш, асабийлашиш, иштаҳанинг бузилиши,  бош оғриғи, соч тўкилиши, қичишиш, лабларнинг ёрилиши ва қон кетиши, болаларда эса ўсишнинг сустлашиши, тери тўкилиши, ошқозон яраси, суяк шикастланиши каби дардларга олиб келиши мумкин.

Агар таомнома сифатли маҳсулотлардан ташкил топган ва мева-сабзавотларга бой бўлса, ўз вақтида очиқ ҳавода жисмоний машқлар билан шуғулланилса қўшимча витаминларни қабул қилишга зарурат йўқ.

Олий тоифали врач, тиббиёт фанлари номзоди Шоира Бекчанова тайёрлади. 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.