Вужудингиз қайси дармондорига муҳтожлигини билишни хоҳлайсизми?

0
679
марта кўрилган.

Олимлар тадқиқотига кўра инсон тўлақонли ва соғлом ҳаёт кечириши учун унинг вужуди С, Р, В1, В2, В6, В12, РР, А, D, Е дармондориларга ҳамда калий, кальций, натрий, фосфор, темир ва бошқа минералларга доимий эҳтиёж сезади.

Масалан, одам вужудида С дармондориси (аскорбин кислотаси) етишмай қолса, унинг ақлий ва жисмоний қобилияти пасайиб кетади. Шунингдек, меъда-ичак фаолияти бузилади. У тез-тез грипп ва ЎРВИ (ўткир респиратор вирусли инфекция)ларга мойил бўлиб қолади. Бунга йўл қўймаслик учун киши С дармондорисига бой тузланган карам, петрушка, исмалоқ, қулупнай, наъматак, лимон, помидор, апельсин, малина, сабзи каби мева ва сазавотларни истеъмол қилиши керак.

Организмда В1 ҳамда В2 дармондориларига танқислик сезилганида иштаҳа йўқолади. Одамнинг ичи қотади, унинг юрак уриши секинлашади. Кўзи хиралашиб, сочи тўкила бошлайди, асаб тизими фаолияти бузилади. Инсон ланж, лоқайд бўлиб, озиб кета бошлайди. В1 дармондорисини гўшт, жигар, қора нон, кепакли нон, дуккакли донлар (нўхат, мош, ловия кабилар)да ва барча турдаги сабзавот, бодом, туршак ва ёнғоқда мавжуд. В2 дармондориси кўпроқ сут маҳсулотларида, тухум, дуккакли экинлар, турли сабзавотлар ва ёнғоқда бўлади.

Танада В6 витамини етишмай қолса туғилажак бола нимжон ва касалманд бўлиб қолади. Одамда моддалар алмашинуви бузилади. Унинг асаб тизимига зарар етади. Бу дармондори эса кўпроқ балиқ, сут, жигар, хамиртуруш ва ўсимликларда бўлади.

А дармондориси эса ёш болаларнинг яхши ўсишига, кўзнинг кўриш қобилиятини кучайтиришга, моддалар алмашинувининг бир меъёрда бўлишига ёрдам беради. Бу дармондори гўшт, балиқ, сут, сариёғ, тухум, сабзи, помидор, кўк нўхат ва кўкатлар таркибида учрайди.

D дармондорисининг етишмаслиги ёш болаларда айниқса суякларнинг яхши ривожланмаслигига олиб келади.Унинг давоси  эса табиатнинг ўзида. Қуёш қаттиқ қиздирмайдиган пайтларда яъни эрталаб ва кечқурунлари очиқ ҳавода сайр қилиш мақсадга мувофиқ. Шунингдек, балиқ ёғи ҳам бу витаминга бой.

PP витаминлари эса  ерқалампирнинг барра баргларида мўл. Ушбу доривор неъматнинг  таркибида калий, кальций, натрий, фосфор, темир ва бошқа минераллар ҳам мавжуд. 

Шоира  БЕКЧАНОВА, тиббиёт фанлари номзоди

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.