Қўзиқоринлар ўзига хос таъми ва ифори билан бошқа маҳсулотлардан ажралиб туради. Парҳезшунослар уни “ўрмон гўшти” ҳам дейишади, чунки у ҳақиқатдан ҳам жуда тез очлик ҳиссини йўқотади. Халқ табобатида қўзиқорин бир қанча касалликларни даволашда қўлланилади. Лекин болаларга қўзиқоринларни беришда эҳтиёткор бўлган афзал.
Қўзиқориннинг фойдали томонларидан бири унинг оқсилларга бойлигидир.Бу модда қўзиқоринда тухум ва гўшт таркибидагидан 2-3 баробар кўпдир. Фосфор ва кальций эса худди балиқдагидек кўп миқдорда. Унда 18 тур аминокислоталар бўлиб, улар ақлий фаоллик бағишлайди, хотирага яхши таъсир қилиб, атероскелороз ривожланишининг олдини олади.
В гуруҳидаги В1,В2,В6 витаминлар асаб тизимининг меъёрий ишлашига ёрдам бериб, соч, тирноқ, терининг ҳолатини яхшилайди.
Микроелементлар-мис,йод, марганец, руҳ, фосфор, калий модда алмашинув жараёнини меъёрлаштириб, юрак-қон томир касалликлари билан оғриш хавфини камайтиради, вирусли инфекцияларга тўсқинлик қилади.
В-глюканлар иммун тизимига яхши таъсир қилади, яна бу неъмат саратонга қарши фаоллиги билан ҳам машҳур.
Айни дамда у паст калорияли маҳсулот бўлиб, озгина есангиз, дарров тўйиб қоласиз. Парҳезшунослар қўзиқориннинг бу жиҳатидан фойдаланиб, уни таомларга қўшишади. Япония ва хитойлик моҳир ошпазлар эса ундан ажойиб таомлар ва салатлар тайёрлашади.
Айниқса, Япония ва Хитойда ўсувчи мамтаке, шиитаке ва ре-се номли қўзиқоринлар таркибида ўта кучли иммун тизимини мустаҳкамловчи бета-глюкан номли полисахаридлар мавжуд. Бошқа жойларда ўсувчи оддий қўзиқоринларда бу моддалар кам учрайди, баъзиларининг таркибида эса умуман йўқ.. Шу сабабли Шарқнинг табиий ва тансиқ бу неъматларини қуритилган ҳолда сотиладиган Япон ёки Хитой ресторанлари, супермаркетлар ёки бозорлардан топиб қўзиқоринлар солинадиган турли таомларга солиб истеъмол қилиш мақсадга мувофиқ.
Гулчеҳра ШИРИНОВА